Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:39

Тайгадаги ўзбеклар депортация қилинди


46 муҳожирни Тошкент аэропортида кутиб олиб¸ Қашқадарëга элтиб қўйишган
46 муҳожирни Тошкент аэропортида кутиб олиб¸ Қашқадарëга элтиб қўйишган

Россиядан бадарға қилинган 56 ўзбекистонликнинг 46 нафари расмий шартнома асосида олиб кетилганига қарамай¸ ўз ёнларидан сарфлаб борган йўлкирага куйиб, боз устига бир тийинсиз уйга қайтиб келдилар.

Икки ой давомида Красноярск ўрмонларида қулларча ишлатилган ўзбекистонлик 56 нафар меҳнат муҳожирининг 46 нафари чоршанба куни Ўзбекистонга қайтди. Аниқроғи улар муҳожирлик ҳақидаги Россия қонунини бузганлиги учун бадарға қилинди. Қашқадарёлик Орифжон билан суҳбатлaшамиз:

Озодлик: Келдиларингми?

Орифжон: Яхши раҳмат. Келганмиз. Уйдамиз.

Озодлик: Қачон келдиларинг?

Орифжон: Чоршанба куни келган эдик.

Озодлик: Неча киши келдиларинг?

Орифжон: 46 киши келдикда.

Озодлик: Қандай ва қаердан юборди?

Орифжон: Шу Красноярск аэропортидан миндириб юборди. Ҳаммаси яхши қарашди Россия МВДси. Шу самолëт билан жўнатди бизларни.

Озодлик: Ўзлари билет олиб бердими?

Орифжон: Ҳа¸ ўзлари билет олиб бериб¸ ўзлари жўнатиб юборишди.

Озодлик: Бу ëқдан борган Умар Эргашев деган юристни бирор марта кўрдингларми?

Орифжон: Йўқ. Тошкентда автобус билан кутиб олиб бизларни Қашқадарëга олиб келишди. Уй-уйимизга тарқатишди. Битта айбимиз қуруқ пулсиз келдикда. Бошқа ҳаммаси жойида бўлди.

Озодлик: Энди иш ҳақларинг нима бўлади экан? Биржадан айтишдими?

Орифжон: Билмадим энди. Иш ҳақларини олиб бераман¸ деяпти. Органнинг ўзлари кўраяпти ишни.

Озодлик: Қайси органнинг ўзи кўраяпти?

Орифжон: Шу ўзимизнинг вилоятдаги орган кўраяпти. Олиб берамиз¸ дейишаяпти. Кутиб ëтибмиз энди. Бир йиллик шартномани тўлаб бериши керак экан. Яна билмадим.

Озодлик: Масалан¸ йўлкира сизларнинг ўзларингиздан кетган. Қанча зарар қилдинглар?

Орифжон: Энди ҳам моддий¸ ҳам маънавий зарар кўрдик лекин.

Озодлик: Моддий қанча зарар бўлди?

- Мендан у ëқ бу ëғи бир миллион пул кетган. Маънавий болаларнинг сал соғлиғи нима қилган¸ дейди Орифжон.

Қашқадарё вилоятининг турли туманларидан бўлган бу йигитлар Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси ва Ирткутскдаги “Ташкент” фирмаси ўртасида тузилган шартномага кўра ўз ҳисобларидан йўлкира қилиб ишга юборилган эди.

“Ташкент” фирмаси эса Суюн Орипов раҳбарлик қилаётган Иркутскдаги “Ўзбекистонликлар иттифоқи” ташкилоти қошида фаолият олиб боради. “Ташкент” фирмаси Иркутскдаги “СПМК-242” ташкилоти билан шартнома тузиб, йигитларни ишга жойлаган.

Бироқ ўзбекистонлик йигитлар икки ой давомида ўрмонда қулдай ишлатилган ва уларга иш ҳақи берилмаган. Очликдан ва совуқдан силласи қуриган йигитлар Красноярск ўлкаси, Богучанск тумани милициясига ўзларини топгширган эди. Богучанск туман суди ишга рухсати бўлмаганлиги учун йигитларнинг 46 нафарини Россиядан бадарға қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ота-оналарнинг шикояти билан Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси раҳбари Умар Эшқобилов ва юристи Шуҳрат Орипов ҳам Иркутскка борган эди. Бироқ улар ҳам йигитларни депортация қилинишдан сақлаб қололмадилар.

Қашқадарёга қайтган йигитларнинг айтишларича, айни пайтда бу ишни Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси кўриб чиқмоқда ва улар иш ҳақларининг ундирилиб беришига умид қиладилар. Йигитларга кўра, агар иш ҳақлари ундириб берилмаса¸ улар Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюросини судга берадилар.

Бу йигитлар эндиликда беш йил давомида Россияга кира олмайдилар.
XS
SM
MD
LG