Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:38

Олабуқада нима бўлди?


Сўнгги кунларда Қирғизистон жанубида рўй бераётган тўқнашувларнинг барчасига маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан миллатлараро низо бўёғини бериш одат тусига кириб бормоқда.
Сўнгги кунларда Қирғизистон жанубида рўй бераётган тўқнашувларнинг барчасига маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан миллатлараро низо бўёғини бериш одат тусига кириб бормоқда.

Шу йилнинг 16 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят Олабуқа туман Жданов участкасида рўй берган воқеа миллатлараро низо сифатида баҳоланмаëтир..

Шу йилнинг 17 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли “Олабуқа туманида миллатлараро низо чиқибди” деган гап-сўзлар мамлакат жануби бўйлаб тарқалди. Биз бу борада аниқроқ маълумот олиш мақсадида 17 май куни бир неча олабуқаликлар билан телефон орқали боғландик. Суҳбатдошларимиз туманда ҳеч қандай миллатлараро низо чиқмаганини айтдилар. Олабуқалик Жамол ака бундай гап-сўзларнинг тарқалишига сабаб бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида Озодликка гапириб берди:

- Жданов деган участкамиз бор Олабуқада, “Дўстлик” дейилади. 16 май куни соат 4-5 лар чамаси шу ерда эл қўшини тузилиб, ҳамма маҳалласини қўриқлаётганди. Шу ердан бир-иккита қирғиз болалар ўтган. Улардан: “Қаердансан? кимсан?” деб сўрашганда улар сўкиниб қочган. Бизнинг йигитлар орқасидан қувган. Кейин бири қайрилиб туриб, бир болага пичоқ урган. Пичоқ чап томонидаги буйракка теккан, лекин ички органларга таъсир қилмаган. Ҳозир касалхонада, аҳволи яхши. Шу билан ҳамма қишлоқларга ўзбеклар ёрдам сўраб телефон қилганидан кейин ҳамма оёққа туриб, йўлга тайёрланган, деди Жамол ака.

Унинг айтишича, шундан сўнг қишлоқ ўзбеклари билан муваққат ҳукумат, СНБ, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари келиб учрашган. Учрашувда ўзбеклар расмийларга ўзларининг муаммоларини айтишган:

- Олдинги Бакиевдан қолган мафия бор. Микки, Улан, Рашид, Айбек деганлари бор. Улар бозордаги ўзбекларга солиқ солади. Таксистга 10 сўм, бошқаларга 20 сўм, 50 сўм. Мол бозоридан тортиб ҳаммаёқни қўлга олволганда қисқаси. Қирғиз эли билан мана шу ерда қуда-анда бўлиб аралашиб кетилган. Бизнинг қишлоқ ҳукуматда ҳам 13 фоиз қирғизлар яшайди, ҳозир ҳам бирортаси кўчага чиққани йўқ. Шу йигитларни касофатига мана шу ўйин бўлиб турибди, деди Жамол ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, 17 май куни туман ўзбеклари маҳаллий расмийлар ва Жалолобод вилояти губернатори Бектур Асанов билан ҳам учрашишган. Учрашувда олабуқаликлар юқорида жиноятчи сифатида тилга олинган шахсларнинг қамалиши кераклиги айтишган.

Олабуқаликларга кўра, ҳозир ҳам жой-жойларда халқ дружиначилари навбатчилик қилмоқда.

Биз 18 май куни тумандаги қирғизларга ҳам телефон қилдик. Олабуқалик Мурод ака 18 май куни ҳам туманда вазият барқарор эканини айтар экан, 16-17 май куни Олабуқада бўлган воқеаларнинг айрим оммавий ахборот воситаларида миллатлараро низо сифатида ёритилганига норозилик билдирди:

- Ҳаммаёқ тинч, ҳаммаси яхши. Тинчликни сақлаш мақсадида навбатчиликлар уюштирилган. Бу ерда телевидиние орқали берилган маълумотга одамлар норози бўлмоқда. Телвидиниеда кеча “минглаб одам тўпланиб, ўзбек-қирғиз тўқнашди”, дейилди. Ундай бўлмаганда, улар тўғри маълумот бериши керак эди. Телевидиние шундай сўзларга хушёр бўлиб гапириши керак. У ерда одамларни бир-бирига қайраш бўлмаслиги керак. Одамлар шундан норози бўлишаяпти. Телевизор кўрсанг, бошқа маълумот, бу ерда бошқа вазият. Бу ердаги ишларни кўрмаганлар телевидиниени кўриб олиб, умуман бошқа тушунчада бўлишаяпти, деди Мурод ака.

Унинг айтишича, туманга расмийлар келганида одамлар, миллатлараро низо тўғрисида эмас, ўзларининг қишлоқдаги ижтимоий-иқтисодий муамоларини айтиш учун йиғилган.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари бўлган Ўш, Жалолобод ва Боткенда сўнгги пайтларда миллатлараро низо чиқиши борасидаги гап-сўзлар жуда авж олди. Кузатувчилар бундай тўқнашувлардан манфаатдор бўлган айрим кучлар борлигини айтишмоқда.

Сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов фикрича, бундай тўқнашувлардан Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев тарафдорлари ҳам манфаатдор бўлиши мумкин:

- Миллатлараро тўқнашувларни келтириб чиқариш собиқ ҳокимиятнинг манфаатларига жуда мос келади. Ана шундай иғвогарликлар имкон бор жойларда, ҳокимият заиф бўлган жойларда уюштирилиши мумкин. Бунга тайёр бўлиш керак. Бундан бошқача йўли йўқ уларнинг. Яраланган йўлбарсдан кўра хавфлироқ ҳайвон бўлмаса керак бу ҳаётда. Шунинг учун ҳам, ҳали охиригача енгилмаган, ўз ҳокимиятини қонуний равишда янги ҳокимиятга топширмаган шахслар, жони борича, сўнгги нафасигача турли йўллардан фойдаланиб, ана шундай фитналар ўтказиб туришади. Гўёки “уларнинг тарафдорлари бор бу жамиятда ҳали” деган фикрни ташқаридаги, дунёдаги бошқа кучларга, бошқа ташкилотларга исбот қилиш учун ана шундай иғвогарликлар ўтказилади. Бунга тайёр бўлиб туриш керак, эҳтиёт бўлиш керак, дейди сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов.

Таъкидлаш жоизки, Қирғизистон жанубида истиқомат қилувчи ўзбек ва қирғиз миллати ўртасида низо чиқаришдан собиқ президент тарафдорлари манфатдор бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрлар Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзолари томонидан ҳам айтилмоқда.

18 май куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Азимбек Бекназаров 7 апрел, 12-14 май кунлари мамлакатда бўлган воқеалар шундай ҳаракатлардан бўлганини айтар экан, буни қирғиз ва ўзбек миллати ўртасида тўқнашув уюштириб, референдумга тўсқинлик қилиш мақсадида қилинган ҳаракат сифатида баҳолаган.

Қўшимча қилиб ўтамиз, ўз исмини ошкор қилишни ва овозини ёзиб олишимизни истамаган олабуқаликлардан бирининг маълум қилишича, 16 май куни туманда ўзбек йигитига пичоқ урганликда айбланган икки қирғиз йигити ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўша куниёқ қўлга олинган. Бироқ 17 май куни қўлга олинган йигитларнинг тарафдорлари талаби билан улар озод қилинган.
XS
SM
MD
LG