Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:59

Жалолободда комендантлик соати кунлари қандай ўтди?


Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманида комендантлик соати жорий қилингани ҳақида жалолободликларга юборилган СМС-хабар
Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманида комендантлик соати жорий қилингани ҳақида жалолободликларга юборилган СМС-хабар

31 май куни Жалолобод шаҳри ва Сузоқ тумани коменданти Бақитбек Алимбеков комендантлик соати ўрнатилган кунлари миллатлараро низони олдини олиш бўйича куч ишлатар тузилмалар олиб борган ишлар натижасини эълон қилди.

Шу йилнинг 19 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида содир бўлган воқеалардан сўнг Қирғизистон муваққат ҳукуматининг декрети билан Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманида 19 майдан 1 июнга қадар комендантлик соати жорий қилинганди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 19 майдан 1 июнгача бўлган вақт оралиғида Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманида оператив ходимлар томонидан оммавий тартибсизликларнинг уюштирувчилари ва фаол иштирокчилари аниқланган ва қўлга олинган. Вилоят прокуротураси томонидан Жалолобод шаҳридаги оммавий тартибсизликлар бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бугунги кунда тартибсизликлар ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, аҳоли қўлида ноқонуний сақланаётган 13 та қурол ва 250 дона ўқ-дори мусодара қилинган. 6 та қурол, 1 шовқин чиқарувчи граната ва 500 дан ортиқ ўқ-дорини жалолободликлар ўз хоҳишига кўра топширганлар.

Бундан ташқари, коммендантлик соати жорий қилинган муддат ичида бир неча юз қурол вақтинча сақлаш учун ҳам олиб қўйилган.

Айни пайтда жой-жойларда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилган. Бу ишларга Жалолобод шаҳар ҳокимияти, Сузоқ тумани, қишлоқ округлари маъмурияти, шаҳар ва туман оқсоқоллари, миллий озчиликлар, ёшлар вакиллари, матбуот, телевидиние ва уяли алоқа операторлари жалб қилинган.

Жалолободда 1 июнга қадар жамоат тартибини таъминлаш учун Қирғизистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирлигининг 940 ходими ҳамда 400 дан ортиқ халқ дружиначилари жалб қилинган.

Жалолобод шаҳри ва Сузоқ тумани коменданти, милиция генерал-майори Бақит Алимбеков 31 май куни қилинган ишлар натижаларини эълон қилар экан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий расмийлар, халқ дружиначиларининг олиб борган фаол ишлари натижасида ҳудудда вазиятни барқарорлаштириш бўйича вазифа бажарилганини айтган.

Айни пайтда жалолободликлар ҳам бу кунлар давомида шаҳарда тинчлик бўлганини тасдиқлашоқда. Одамлар эрта кунданоқ ўз уйларига тарқаб кетишган:

- Ҳеч ким деярли кўчага чиққани йўқ. Ҳаммаёқда тинчлик бўлди. Маҳаллаларда тўпланишлар ҳам йўқ, ҳамма уй уйида ўтирди, дейди жалолободликлардан бири.

Суҳбатдошимизга кўра, 19 майдан 1 июнга қадар комендантлик соати пайтида кўчада юриб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинганлар ҳам бўлган, бироқ улар маълум миқдордаги пора эвазига қўйиб юборилганлар:

- Қўлга тушганлар ҳам бўлди. Кўпроқ Сузоқ районидан бўлди. Масжиддан чиқаётганлар, кўчасида ўтирган, эшигини тагида ўтирган йигитлар - ана шулар ушланди. Улардан минг сўмдан, баъзи бирларига началникларининг ўзлари икки минггача солиқлар солишибди. Бир аканинг ўзидан эшитдим, “пулни банкка бориб тўладингларми?”, десам “йўқ, банкка бориб тўламадик, ўзига бердик”, дейишди, деди жалолободликлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси Роза Ўтунбоева 19 май куни Жалолободда юзага келган қонли тўқнашувлар муносабати билан шаҳарда коммендантлик соати ўрнатилганини эълон қилганди.

Ўзаро зидлашган гуруҳлар ва милиция ўртасида содир бўлган тўқнашувда икки кишининг ўлгани¸ 50 дан ортиқ одамнинг эса яралангани Қирғизистон муваққат ҳукуматини можаронинг миллатлараро урушга айланиб кетиши олдини олиш мақсадида ана шундай кескин чора қўллашга мажбур қилди.

Шу йилнинг 19 май куни бир неча минг одам Жалолобод шаҳар отчопарига йиғилиб, Республика ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировни миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айблашган.

Шунингдек, улар вилоят губернатори Бектур Асановнинг истеъфосини ҳамда 14 май куни собиқ президент Қурмонбек Бакиев уйига ўт қўйган айбдорлар топилишини талаб қилганлар.

Шундан сўнг митингчилар Жалолобод шаҳри томон юриш қилиб, Қодиржон Ботировга қарашли Халқлар дўстлиги университетини тошбўрон қилганлар.

Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу тартибсизликлар натижасида 4 киши ўлган, 80 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Муваққат ҳукуматнинг жануб бўйича махсус вакили, Мудофаа вазири Исмоил Исоқов Қодиржон Ботировга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган.

Шу йилнинг 22 май куни Исмоил Исақов Жалолободда Қодиржон Ботиров тарафдорлари билан ҳам учрашган. Ўша учрашувда мудофаа вазири Қодиржон Ботиров таъқиб қилинмаётганини, фақат тергов кетаётганини айтар экан, агар унинг айбдорлиги исботланса, қонун доирасида жазоланишини, акс ҳолда, оқланишини ҳам қўшимча қилганди.

Айни пайтда Қодиржон Ботиров журналистлар билан алоқага чиқмаяпти. Бироқ 24 май куни Қирғизистон жанубида Жалолободда бўлган воқеалар ва унга қўйилаётган айбловлар юзасидан Қодиржон Ботировнинг видеомурожаати тарқалди. Унда Ботиров ўзининг айбсизлигини, маҳаллий телевидениеларда айтганлари эса бутун қирғиз миллатига мансуб ҳалол-пок инсонларга тааллуқли эмаслигини таъкидлаган.

- Мен айтган сўзлар бугун Қирғизистонда тинчликни бузаётганларга, ўша ЎБЎН (ОБОН – отряд баб особого назначения – таҳр.) тузган, бугунги кунда ароқни ичиб, пулини олиб, жанжални пулга сотиб олаётганлар, қўлига қурол олиб, ўз халқини отаётган одамларга ва шуларни тепасида турган идеологлари, ташкилотчилари адресига айтилган сўзлар. Шунинг учун мен минг бор афсус қиламан. Шу нарсани халқимиз - қирғиз халқи, ўзбек халқи маъзур тутсин. Мен бундай нарсаларни хаёлимга ҳам келтирмаганман ва келтирмайман ҳам, деганди Қодиржон Ботиров ўзининг видеомурожаатида.

Жалолободлик ишончли манбадан олинган маълумотга кўра, аввал Қодиржон Ботировни қўлга олиш тўғрисида санкция берилган. Ҳозирда Ботировнинг адвокатлари унга нисбатан жазо чорасини ўзгартиришни сўраб, судга ариза берганлар.

Жалолободда жорий қилинган комендантлик соатида оммавий тартибсизликларни уюштирганлар қўлга олингани айтилди. Айни пайтда уларнинг кимлиги борасида аниқ маъумотлар йўқ.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячилари комендантлик соати умуман олганда халқ учун айни муддао бўлганлигини айтишади. Ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шариповга кўра, айни пайтда комендантлик соати айрим одамлар учун турли муаммолар туғдирган.

- Аризалар ҳам тушди. Бир-иккита оғзаки аризалар. Одамнинг бошига ҳар хил нарса тушиши мумкин, яқинда Спутник микрорайонида бир рус йигитининг аёли ҳомиладор экан, хотинини раддомга олиб бориб қайтиб келаётганида 700 сўм пулини олишган. Биз ана шу солдатлар, милиционерлар ичида айримлари маст аҳволда юрганини кўп эшитдик. Энди буни биз исбот қилишимиз қийин. Лекин бизга кўпчилик айтди, дейди Абдумалик Шарипов.

Унинг айтишича, жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячилари Жалолобод шаҳри ва Сузоқ тумани коменданти, милиция генерал-майори Бақит Алимбеков билан ҳам учрашганлар ва бу ҳақда унга айтишган:

- Унга: “Шу томонларига қараб қўймасанглар бўлмайди, қўлида қуроли бўлса, бу ерда ёш йигитлардан дружиначилар ҳам тузилганда, қўққисдан бирон нарса бўлса, ёмон бўлади. Ичкиликни тўхтатишсин” деганмиз, дейди Абдумалик Шарипов.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, улар комендантдан, комендантлик соати фақат Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманидагина эмас, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам жорий қилишини талаб қилишган. Бироқ Бақит Алимбеков бошқа туманларда милиция кучайтирилган тартибда ишлаётганини ва комендантлик соати жорий қилишга эҳтиёж йўқлигини билдирган.

Абдумалик Шариповга кўра, комендантлик соати олинганидан сўнг ахоли орасида бироз қўрқув пайдо бўлган:

- Ҳозир комендантлик соати олинди, лекин халқнинг юрагида қандайдир безовталик бор, шу комендантлик соати яна озгина узайтирилганида яхши бўларди, деган маънода, дейди Абдумалик Шарипов.
XS
SM
MD
LG