Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:48

Ўзбек миллий маркази Ўш телеканаллари ҳимоясига чиқди


ЎшТВ ва МезонТВ Қирғизистондаги ҳар иккала инқилоб чоғида ҳам аҳолига содир бўлаётган воқеалар ҳақида тезкорлик билан маълумот етказиб турган.
ЎшТВ ва МезонТВ Қирғизистондаги ҳар иккала инқилоб чоғида ҳам аҳолига содир бўлаётган воқеалар ҳақида тезкорлик билан маълумот етказиб турган.

Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази “ЎшТВ” ва “МезонТВ” хусусий телеканаллари раҳбарларини таъқиб қилиш тўхтатилишини талаб қилмоқда. Ўзбек миллий-маданий маркази вакиллари бу борада Қирғизистон Бош прокуратурасига очиқ хат йўллаганлар.

“Уларнинг тергов органларига сўроққа чақирилиши аҳолида ташвиш уйғотмоқда. Бизнинг бугунги кундаги вазифамиз, тезроқ инқирозли вазиятдан чиқиш, давлат яхлитлиги ва халқ бирдамлигини таъминлашдир. Амалдорлар ўз чиқишларида, сўзлари жамоатчилик орасида кескин кайфият туғилишига сабаб бўлмаслиги учун эҳтиросга берилмаслиги керак”, дейилади Ўш шаҳар ўзбек миллий маданий марказининг “ЎшТВ” ва “МезонТВ” хусусий телеканаллари раҳбарларини таъқиб қилиш тўхтатилишини талаб қилиб Қирғизистон Бош прокуратурасига юборган мактубида.

Ўш шаҳар ўзбек миллий маданий маркази Рашидхон Хўжаев айтишича, марказ томонидан Бош прокуратурага мактуб юборилишига бу ҳақда ўшликлардан тушган талаблар сабаб бўлган:

- 14 май куни Жалолобод шаҳрида бўлган митингларни, у ерда бўлиб ўтган тартибсизликларни шаҳримиздаги “ЎшТВ” ва “МезонТВ” телевидиниелари халқимизга кўрсатиб бериб турди. Чунки бизнинг халқимиз ахборот озлиги сабабли безовталаниб, жой-жойларда митинглар ўтказишни бошлаган эди. Телевидиниеларда бўлаётган воқеалар қандай бўлса, шундайлигича изоҳсиз олиб берилган эди. Орадан 3-4 кун ўтиб, бу воқеалар тинчиганидан кейин Ўш шаҳримиздаги айрим раҳбарлар “19 майда Жалолободда бўлган тартибсизликларга “ЎшТВ” ва “МезонТВ” жавобгар” дегандек ўз фикрини билдирганди, халқ буни тўғри қабул қилмади. Республикамизнинг қайси бурчагида бўлмасин, нотинчлик бўлса, қолганларни ҳам безовта қиляпти. “ЎшТВ” ва “МезонТВ” раҳбариятини прокуратура чақириб, буларни сўроқ қилганига ҳам халқ безовта бўлди. Одамлар бизга келиб: “Нима сабабдан миллий марказ чеккада турибди, сизлар аралашмайсизларми, айтмайсизларми?” дейишди, деди Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Рашидхон Хўжаев.

Ўшдаги бу икки телеканал рус ва қирғиз тилдаги кўрсатувлардан ташқари ўзбек тилида ҳам турли кўрсатувлар, янгиликлар тайёрлайди, филм ва концерт дастурлари намойиш қилиб туради.

Айни пайтда ЎшТВ ва МезонТВ мамлакат жанубида содир бўлаётган воқеаларни аҳолига оператив равишда етказишда энг илғор телеканаллар ҳисобланади. Қирғизистонда 2005 ва 2010 йилда содир бўлган икки инқилобга доир воқеалар ҳам бу икки телеканалда ўз вақтида ёритилган ва бу борада ҳатто маҳаллий расмийлар ЎшТВ ва МезонТВ жамоасига миннатдорчилик ҳам билдиргандилар. Бироқ май ойи ўрталарида икки телеканалда Жалолободдаги ўзбеклар митинги, хусусан, Республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировнинг митингдаги нутқи изоҳсиз намойиш қилинганидан кейин ЎшТВ ва МезонТВ раҳбарлари боши узра қора булут айлана бошлади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 19 май куни бир неча минг одам Жалолобод шаҳар отчопарига йиғилиб, Республика ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировни миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айблашган.

Шунингдек, улар вилоят губернатори Бектур Асановнинг истеъфосини ҳамда 14 май куни собиқ президент Қурмонбек Бакиев уйига ўт қўйган айбдорлар топилишини талаб қилганлар. Шундан сўнг митингчилар Жалолобод шаҳри томон юриш қилиб, Қодиржон Ботировга қарашли Халқлар дўстлиги университетини тошбўрон қилганлар.

Ушбу тартибсизликлар натижасида 4 одам нобуд бўлди, 80 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Айтиб ўтиш жоизки, 14 май куни Бакиевларнинг уйларига ўт қўйилганидан сўнг Жалолободда бир неча маротаба тинчлик митинглари бўлиб ўтган. Ушбу митингларда Республика Ўзбеклар миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров ва Жалолобод вилояти губернатори Бектур Асанов иштирок этган. Ўшдаги “ЎшТВ” ва “МезонТВ” телеканаллари ушбу митингларни ўз дастурларида бериб боришган.

Шу сабабли айрим расмийлар ушбу икки телеканални Жалолобод воқеаларининг юз беришига сабабчи бўлганликда айблашган.

Бундан ташқари, Ўшда оммавий ахборот воситаларини кузатиб бориш билан шуғулланувчи кузатувчилар кенгаши ҳам тузилган.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари оммавий ахборот воситаларининг бирон-бир воқеада айбдор ёки айбсизлbгини фақат суд ҳал қилиши мумкинлигини айтишмоқда:

- “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” қонун бор. Қонунда белгиланганидек, оммавий ахборот воситалари мансабдор шахсларга бўйсунмайди. Журналистлар оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун асосида иш олиб боришади. Агарда улар бу қонунни бузса, қонун доирасида жавоб беради. Фақат буни суд ҳал қилади. Бунинг учун давлат органи ҳам оммавий ахборот воситаларининг ноқонуний ҳаракати юзасидан судга мурожаат қилиши керак. Қандайдир мансабдор шахс ўзи оммавий ахборот воситасига норозилик билдириб, айбдор қилишга ҳаққи йўқ, дейди ўшлик ҳуқуқ фаоли Саидфозил Бекмуродов.

Шу йилнинг 19 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида содир бўлган воқеалар юзасидан тергов ишларини олиб бораётган Қирғизистон Бош прокуратураси вакиллари ўтган ҳафтада “ЎшТВ” ва “МезонТВ” телеканаллари вакилларини сўроққа чақирди.

ЎшТВ раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев мамлакат Бош прокуратурасининг Жалолободдаги тергов гуруҳи уларни гувоҳ сифатида чақирганини айтганди:

- Биз 24 май куни Жалолобод шаҳрида Жалолободда бўлган воқеалар бўйича Қирғизистон Бош прокуратурасининг тергов гуруҳи бор экан, ана шу ерга мен ва “Мезон” телекомпанияси директори Жавлон Мирзахўжаев таклиф қилиндик. Гувоҳ қатори чақиртирилиб, ўша ерда гувоҳлик бердик. Рус тилида айтганда, тайна следствия деган нарса бор, шунинг учун мен ҳозир савол-сўроқлар, жавоблар нима тўғрисида бўлганини айта олмайман, деган эди “ЎшТВ” телеканали раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев.

Ўш шаҳар Ўзбек миллий маданий марказининг ЎшТВ ва МезонТВ бўйича Қирғизистон Бош прокуратурасига йўллаган очиқ хати нусхалари Қирғизистондаги ЕХҲТ, АҚШ, Россия элчилари, БМТнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам юборилган. Қирғизистон Бош прокуратураси ўзбек миллий маркази хатига ҳозирча расман жавоб бергани йўқ.
XS
SM
MD
LG