Фарғонада ойликларнинг ҳаммаси пластикда...
Биринчи суҳбатдошимиз ўзини, аниқроғи, фарғоналикларни Ўзбекистон ҳукумати учун ўгай, деб ҳис қилаётган фарғоналик.
- Мен Озодлик радиосидан эшитдимки¸ тошкентликларнинг иш ҳақининг 70 фоизи пластикка ўтказилар эканда¸ 30 фоизини нақд пул сифатида олар экан¸ дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.
Ҳа, чиндан ҳам куни кеча, Тошкентдаги бир манбанинг айтганларига таяниб, Озодлик шундай информация тарқатган эди.
- Бундан ташқари 70 фоиз пластикка ўтган пулдан 30 минг сўм банкомат орқали ечиб олиши мумкин экан. Нима фарғоналиклар ўгайми? Фарғоналикларнинг иш ҳақи 100 фоиз пластик карточкага ўтади. Бирор сўм банкоматдан ечиб ололмайди.
Озодлик: Ўгайми деяпсиз. Балки ўгайдир?
- Эҳтимол ҳукумат идораларининг ҳаммаси Тошкентдаю¸ қанақадир тўполон бўлиб қолиши мумкин. Водий сал узилиб қолган. Мен шундай деб ўйлайманки¸ ҳукумат аъзолари тошкентликлардан қўрқади шекиллида¸ дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.
Фарғоналик суҳбатдошимиз мана шундай деб ўйлаяпти.
Шундайми-йўқми, фарғоналикларга, умуман ўзбекистонликларга тушунтириш ҳукуматнинг вазифаси.
Ўзбек-қирғиз чегараси фақат тунда очилади...
Ҳукуматдан бошқа бир масалада изоҳни андижонлик суҳбатдошимиз кутяпти.
7 апрел воқеаларидан сўнг пайдо бўлган беқарорлик Ўзбекистон ҳукуматига Қирғизистон билан чегарани очмасликка яхши баҳона бўлди, аслида, чегара бир йилдан бери деярли қулфлоғлиқ, дейди вилоятнинг Марҳамат туманида истиқомат қилувчи мана бу суҳбатдош.
- Мен чегара ҳақида гапирмоқчи эдим. Шу Марҳамат-Аравон деган жойда Мингтепа деган пост бор. Шуни бултур июл ойида¸ аниқ биламанда¸ июл ойида ….
Озодлик: Ўзбекистоннинг Марҳамати билан Қирғизистоннинг Аравони ўртасида.
- Ҳа. Мингтепа деган қишлоқнинг пости бор. Ўша ердан мен бултур июл ойида ўтдим. Аравонда менинг опаларим борда. Шулардан хабар олиб келдим. Кейин июл ойидан бошлаб беш-олти марта бордим. Ўтказишмади Қирғизистонда қандайдир карантин бўлиб қолибди¸ касал бўлиб қолибди деб. Ундан кейин ноябр ойларида ўтмоқчи бўлсам¸ “Пахта териб олайлик” деди. Нима учун ўтказмаганлиги ҳақида конкрет бир нима йўқда.
Озодлик: Қирғизистонга сизни ўзбек чегарачилари ўтказмадими?
- Ҳа¸ Ўзбекистон чегарачилари. Қирғиз чегарачиларининг у ерда ҳаттоки шлакбаум билан кичкина вагончаси бор¸холос. Улар документингизни текшириб қўяди. Индамайди. Ўзимизники ўзимизнинг халқни эзаяптида. Ҳайрон қоласиз. Борсангиз¸ кеча ўзимизнинг далада кетмон чопиб¸ мол боқиб юрган болалар автомат тақиб олган. Шунақа кўринадида энди. Олдинги замонларда мен ҳам погранвойскада хизмат қилганман. Ҳалиги давлатнинг нимаси бўладию солдат деган. Одам билан яхши гаплашиши керак¸ бошқа қилиши керак. Уларда унақамасда. Чегарага борган одам гуноҳкорда. Осмондан келишади. “Тепадан одам бор. Бугун мумкинмас” дейди. “Қачон мумкин эди?” десангиз¸ ….
Озодлик: Балки чегарачиларга қаттиқ туришни буюрганлар ҳақдир? Мамлакат хавфсизлиги учун керакдир бу нарса?
- Керак бўлса майли. У-бу нарса олиб ўтиб кетаëтган бўлсангиз майли. Одамнинг ëши ўтган сари дийдор ғанимат деган нарса бўлар экан. Опа-сингиллар Қирғизистонда бўлгандан кейин бизга бир тийин нарсаси керакмас ëки бир кило юк кўтариб ўтмайлик. Ўзимиз бориб кўриб келгани наҳотки ҳақимиз бўлмаса? Тўғрими? Мана Россия Грузия¸ бошқа ерлар билан нима бўляпти. Машинада ўтаяпти. Бизни машинада ўтказмасин майли. Бир кило юкимиз ҳам керак эмас. Шунчалик бир дийдор¸ мусулмончилик нимамиз йўқми? Алам қиладида шу. Бундан беш-олти йил олдин ҳам ниҳоят қаттиқ бўлиб¸ ҳеч кимни ўтказмай қўйган. Кейин билсам¸ фақат пулга ўтказар экан. Қодиржон деган началниги бўлган. Шу одамни СНБ ушладими ëки мана бу одамларнинг нимаси Худога етдими бир кунда ҳаммасини йўқ қилиб қўйди.
Озодлик: Балки яна пул таъма қилишаëтгандир?
- Шунга ҳайронманда. Шунинг учун айтманда борсангиз¸ конкрет бир нарсани кўрсата олмайди. “Мана бу сабаб учун ўтмайсиз ака” демайдида.
Озодлик: Чегарачига узатиб кўрмадингизми?
- Узатиб кўрдим.
Озодлик: Нима деди?
- “Печат босмасдан ўтказаман” деди. Мен печат бостирмай ўтиб олсам¸ Ўзбекистон паспорти билан Қирғизистонда қаëққа бораман? Мен “Печат босиб ўтказ. Ма пулни ол” десам¸ “Ака мумкинмас. Тепадан одам борда. Бошқа куни” дейди. Эрта билан борсангиз¸ чегаранинг у ëғи ҳам¸ бу ëғи ҳам эшик¸ дераза¸ продукталарга тўлиб кетган. Кечаси ишлайди чегара¸ дейди марҳаматлик.
Суҳбатдошимиз айтган гаплар мантиғидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш учун чегарага бир-икки қоп нарса билан тунда бориш керак. Қопга латта-путтами, макулатурами – ишқилиб ниманидир тўлдириб олиш керак. Кейин чегарачи сўраган пулни берасизда, ўтиб кетаверасиз.
Қайтишда ҳам йўлга тунда чиқасиз. Тамом. Иш битди.
Хайрулла учун дуогўйлар кўп...
"Эркин микрофон"га мурожаат қилганлардан яна бири Ўшнинг Новқатидан – Эски Новқат қишлоғидан. Ўзини Шукрулло, деб таништирган йигит бундай деди:
- Хайрулла Ҳамидов қамалганига кечалари йиғлаб¸ дуо қилиб¸ тақдир дуони ўзгартиради деб кунига ҳадисларини эшитиб шеърларини эшитиб турардим. Қамалганини эшитиб “Дуо қилайлик. Олти йил эмас олти ойда чиқиб кетсин” деб ният қилган эдим.
Озодлик: Хайрулла Ҳамидовни қаердан танийсиз сиз?
- Хайрулла Ҳамидовни дискларидан танидим. Пайғамаримиз (с.а.в) нинг тарихларини гапирган дисклари орқали танидим¸ дейди Шукрулло.
Умуман, Хайрулла Ҳамидовнинг кўргиликларидан азият чекаётганлар, унинг яқинлари билан бирдам эканликларини билдириб қўймоқчи бўлганлар жуда кўп. Афсуски, ҳаммасининг фикрларини эфирга узатиш имконимиз йўқ.
Суҳбатдошимиз новқатлик бўлгани учун ундан ўтган йили, президент Бакиев даврида диний мотивлар билан қамалган, 7 апрел воқеаларидан сўнг муваққат ҳукумат қамоқдан озод қилган ўнлаб новқатликларнинг бугунги турмуши тўғрисида сўрадик.
- Хабарим бор. Ҳаммаси билан алоҳида-алоҳида кўришдик. Ҳаммалари ота-оналари билан уйларига келиб¸ дўкони борлар бозорини очиб ҳаммаси яхши. Бугун ҳам кўришдик¸ дейди новқатлик Шукрулло.
Маддоҳ мадҳияси ўтмаганидан хафа...
Ўзбек эли султони¸
Элимизнинг ўғлони¸
Исломдир улуғ номи¸
Оллоҳ берган инъоми.
Юртимизга мавлоно¸
Фикрингизда зўр маъно¸
Сўзлайсиз доим доно¸
Юракка бериб оро.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга бағишланган бу сатрларни 2 июн куни Сизга эшиттирган эдик.
Мадҳия муаллифи 70 яшар Рауф ака Оллоберганов бугун "Эркин микрофон"га яна мурожаат қилди.
Президент аппарати мурожаатларини беъэтибор қолдираётганидан зорланди.
Президент аппаратиниям тушуниш мумкин: президентни мақтаб шеър ёзғувчилар жуда кўпу уларнинг ҳар бири кўнглини олиш қийиндир.
Лекин очиғини айтиб қўйса, шеърингиз учун раҳмат, лекин кўнглингизни ололмаймиз, деб қўйса бўладику?
Бунақада шоирлар мадҳия битмай қўядику, тўғрими?
*********************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!