Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:03

Ўшликлар милиция бошбошдоқлигидан шикоят қилмоқда


Ўшликларнинг гувоҳлик беришларича, айрим ўзбек маҳаллаларидаги "зачистка"ларда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг тинч аҳоли вакилларини таҳқирлаши ҳамон давом этмоқда.
Ўшликларнинг гувоҳлик беришларича, айрим ўзбек маҳаллаларидаги "зачистка"ларда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг тинч аҳоли вакилларини таҳқирлаши ҳамон давом этмоқда.

Шу йилнинг 30 июн куни эрталабки соат 9 ларда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Қизилқишлоқ қишлоқ ҳукумати аҳолиси тинчи бузилган. Қизилқишлоқликларга кўра, қишлоққа бир неча милиция ходимлари келган ва 6 йигитни қурол ўқталиб олиб кетган.

- Эрталабда Мелис деган Автотресс, Филармониянинг олдидаги участковой, Раҳим деган Бозорнинг участковойи, ОблГАИдан Эрнис дегани “3537 Z” маркали тонировкали машинада маҳаллага бостириб кириб, шу ерда яшайдиган болаларни ётган еридан турғизиб, қўлидан судраб, уйма-уй юриб: “Шу маҳаллада бир бола йўқолган. Ким кўрган? Хозир топишасан” деб, сўроқсиз ёш болаларни судраб олиб чиқиб кетишган, деди мазкур воқеа чоғида милиция ходимлари томонидан ўғли олиб кетилган қизилқишлоқлик аёллардан бири.

Унинг айтишича, милиция ходимлари йигитларни Қорасув туман ички ишлар бошқармасига олиб боришган. У ерда йигитлар милиция ходимлари томонидан калтакланган. Орадан бир муддат ўтгач, қизилқишлоқликлар норозилик билдириб, Қорасув туман ички ишлар бошқармасига боришган ва йигитлар ота-оналарига қайтариб берилган.

Биз қизилқишлоқлик ўзбек йигитлари нима сабабдан қўлга олингани борасида тўлароқ маълумот олиш мақсадида Қизилқишлоқ қишлоқ ҳукумати коменданти Нурали Мурзубраимов билан телефон орқали боғландик.

Унинг айтишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига бир фуқародан 12 июн куни Қизилқишлоқ округида фарзанди йўқолгани тўғрисида ариза тушган. Ушбу ариза юзасидан тергов олиб бораётган терговчилар эса Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимларига Қизилқизлоқ округида истиқомат қилувчи 6 йигитни гувоҳ сифатида олиб келиш бўйича топшириқ берган.

- Қизилқишлоқ аҳолисидан 6 нафарини гувоҳ сифатида Қорасув туман ички ишлар бошқармасига олиб боришган. Қишлоқ ахолиси менга мурожаат қилганидан кейин биз улар билан бирга ўша ерга бордик, йигитлар ўзларининг тушунтириш хатларини беришди. Шундан сўнг биз йигитларни автобус билан олиб келиб, ўзининг кўчасига, маҳалласига олиб бориб топширдик, деди Нурали Мурзубраимов.

Унинг айтишича, қизилқишлоқлик йигитлар ўз уйларига олиб келинганида милиция ходимлари томонидан калтакланмагани айтишган ва комендантга миннатдорчилик билдиришган.

Нурали Мурзубраимов ушбу воқеада фақат Қорасув тумани ҳудудида истиқомат қилувчи йигитлар Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан эмас, шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олингани нотўғри бўлган, холос.

Ўш шаҳри ва вилоятида 11-12 июн кунлари юз берган қонли воқеалардан сўнг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўш шаҳри ва вилоят кўча ва маҳаллаларида гаровда ушлаб турилган одамларни озод қилиш, аҳолидан ноқонуний сақланаётган қурол-аслаҳани мусодара қилиш мақсадида махсус амалиётлар ўтказаётганларини айтмоқдалар.

Айни пайтда кўплаб ўшликлар ушбу амалиётлар пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар томонидан ўз мулклари таланаётгани, одамлар калтакланаётгани ва бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир бўлаётгани борасида арзланишмоқда. Айрим ўшликларга кўра, бундай амалиётлар Ўшнинг асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи ҳудудларида ўтказилмоқда ва ҳарбийлардан асосан ўзбеклар жабр кўраяпти:

- Бизнинг ўзбекка умуман кун беришмаяпти. Болаларимизни, эрларимизни олиб чиқиб кетишаяпти. Военнийлар келишиб олиб чиқиб кетишяпти. Кўчада юрган ўзбекни умуман одам қатори кўришмаяпти. Қаерга боришимизни, кимга айтишимизни билмаяпмиз. Нима сабабдан ҳарбийлар бундай қилади? Болаларимизни ётган ерига кириб, “паспортний система” деб, “пулини берасан, фалон қиласан” деб, ўзбек бўлсаёқ ҳар хил гаплар билан сўкаяпти.

Озодлик: Опа, қачон бўлди бу ишлар?

- 3-4 кундан бери бўлаяпти, ҳар куни бўлаяпти, ҳали у ерда, ҳали бу ерда, дейди Ўшнинг Черемушки мавзеида истиқомат қилувчи аёллардан бири.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг Озодликка маълум қилишича, сўнгги пайтларда ўшликлар Ўш вилояти ва шаҳри коменданти Қурсан Асановга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати юзасидан арз қилишган. “Ҳарбийлар ва милиционерлар томонидан одамларнинг уйларига атайлаб қурол ва бошқа нарсаларни ташлаб қўйилаяпти”, деган мазмунда арзлар тушган. Шундан сўнг 29 июн кунидан бошлаб Ўш вилояти ва шаҳри коменданти Қурсан Асанов Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимларига кўчаларда фақат хизмат кийимида юришни топширган.

- Биз, масалан, Ўн адирга бордик, Южнийга бордик. Домкомлар, квартал қўмита раисларини, ўзбек ва қирғиз ихтиёрий дружиначиларини бирга олиб юрдик. Шунақа “бир нарса ташлаб қўйди, подставка қилди” деган сўзлар бўлмаслиги учун. Ва улар билан бирга гаровга олинганларни ва қуролларни излаш бўйича махсус операция ўтказдик. Махсус операциядан сўнг ўша ҳудудларда комендант билан ўзбек ва қирғиз оқсоқолларини тўпладик ва йиғин ўтказдик. Йиғинда улар милиция ходимларига нисбатан норозилиги йўқлигини айтишди. Бундай арзлар комендантга оғзаки тарзда тушаяпти экан. Бу борада текширув ишлари кетмоқда. Комендант: “Агарда менинг ходимларим шундай ишга бориб, бировнинг бир буюмини, бировнинг бир телефонини олиб қўйса, мен уни ўша заҳотиёқ ишдан бўшатаман” деб айтган, деди Замир Сидиқов.
XS
SM
MD
LG