Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:44

Тошкентликлар электр учун олдиндан ҳақ тўлашдан норози


Пулини олдин тўламаган тошкентликлар¸ электр ëруғидан бебаҳра қолдирилмоқда.
Пулини олдин тўламаган тошкентликлар¸ электр ëруғидан бебаҳра қолдирилмоқда.

Айни кунларда электр энергияси учун аввалдан ҳақ тўлаш тизими Тошкент шаҳрининг тўртта туманида синовдан ўтказилаяпти. Агар синов натижалари ижобий бўлса, бу тизим 2011 йил охирига қадар бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий қилинади. Расмийлар бу қоидани мақтаса¸ аксар тошкентликлар ундан норози.


“Ўздавэнергоназорат" давлат инспекциясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда шаҳарнинг Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Яккасарой ва Миробод туманларида электр энергияси учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган усули жорий қилинган.

Янги тизим қоидаларига кўра, ҳар бир хонадонга электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади. Агар фуқаро электр ҳақини аввалдан тўламаса, автоматик тарзда унинг уйига чироқ берилмайди.

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи Расулбек Тожимбоев жорий йилнинг март ойидан буён электрга янги қоида бўйича ҳақ тўлайди.

Тўрт ойдан буён аввал пулини тўлаб кейин чироқ ёқаётган Расулбек янги қоидадан қониқмаганлигини айтади.

- Олдиндан тўла деяпти. Ҳозир кўчага счëтчиклар ўрнатиб кетдида. Шуни ўчириб қўяяптида. Компютерга киритилган. Агарда пулини вақтида тўламайдиган бўлсангиз¸ ўчириб ташлаяпти. Олдиндан 200-300 киловаттга тўлаб қўй деяптида. Олдиндан пул тўлаш менга ҳам маъқул эмас. Ўзи ҳамма жойда ҳам ишлатган нарсангизга тўлашингиз керакку. Ишлатилмаган нарсага пул тўлаш ҳеч кимга ëқмайдику, дейди Расулбек.

Тошкентнинг Миробод туманида яшовчи, бироқ исми шарифини ошкор қилишни ва овози ёзиб олинишини истамаган бир суҳбатдошга кўра, унга янги тартиб жуда маъқул келган. У моддий томондан яхши яшашини айтар экан, электр учун бир йилга етадиган пул тўлагани ва бу орқали ҳар ойда пул тўлаш заҳматидан қутилганини айтади.

Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманида яшовчи Неъматжон ака электрга эски қоида бўйича пул тўлайди. У айни пайтда коммунал тўловлардан анчагина қарзи борлигини айтар экан, янги тизим оддий аҳолининг муаммолари кўпайишига сабаб бўлишини, боиси одамларнинг қўлида ҳар доим ҳам пул бўлавермаслигини айтади.

Неъматжон ака: Электрдан 20 мингча қарзим бўлса керак. Газдан 50-60 минг сўм қарзим бор. Ахлатдан бор. Телефон ишламаяпти. Тўлангани йўқ унга. Эр-хотин иккаламизда пенсия 205 минг сўм. Шу билан амаллаб етказамиз. Бу ëқда ҳали солиқ турибди. Имкониятга қараб секин-секин тўлаб борамизда.

Озодлик: Бир ойда коммунал тўловларга ўртача қанча кетади?

- Ëзда камроқ¸ қишда кўп кетади. Қишда 500-600 минг кетиб қолади бир кварталга. Қиш ичида 1 миллион 200 минг кетади. Баъзи бир ҳолатлар бўладики¸ ойликларни етказа олмайсиз. Ҳозирги вақтда битта ойда газни тўласангиз¸ кейинги ойда светни. Энди эса светга олдиндан тўларканмиз. У вақтда ҳам электр¸ ҳам газ бўлса, бу пенсияни етказа олмай қоласизда. Агар моддий томондан яхши таъминланган оила бўлса¸ унда қилса бўлади бу нарсани. Лекин ҳаммани ҳам яхши таъминланган деб бўлмайдию. Мисол учун одамлар бор бир ойда бир кило гўшт ея олмайди. Болаларига сарëғ олиб едира олмайди. Ҳозирги вақтда борда бу нарса. Буни инкор ҳам қилиб бўлмайди¸ йўқ деб ҳам бўлмайди, дейди Неъматжон ака.

Тошкент шаҳрида яшовчи Шавкат Бадалов янги тартиб электр таъминоти бўйича хизмат кўрсатиш сифатини тушуриб юборади¸ деган фикрда.

- Ижобий қабул қила олмайман буни. Чунки вақти-вақти билан ўчиб туради свет. Керакли пайтларда ўчиб туради. Масалан ëз кунлари ўчиб қоладиган бўлса¸ продукталар айниб қолади холодилникда. Энди бунга жавобгарлик ҳисоб-китобига улар қулоқ солмайди. Оплата қилинмасдан олдин бўладиган бўлса¸ ариза қилиб¸ у қилиб¸ бу қилиб тўланадиган пулдан ушлаб қолиш имконияти ҳозирча бор. Агар олдиндан тўлаб қўйиладиган бўлса¸ умуман қулоқ солмайди. Ариза шундайлигича қолиб кетаверади. Электр билан таъминлаш системаси оға бошлайди¸ қийшаяди¸ агар олдиндан пулни олиб олса. Безответственность пайдо бўлади. Жавобгарлик ҳисси йўқолади идораларда. Агар олдиндан пулни оладиган бўлса¸ у ëғи шалтай-балтай бўлиб кетади, дейди Шавкат Бадалов.

Тошкентлик Абдуманнон Холжўраев ҳам истеъмолчи сифатида янги қоидани салбий баҳолайди.

- Чунки электр энергияни авваламбор қанча ишлатишим ҳали даргумон ой мобайнида. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ кўрсатилмаган хизмат учун ҳеч ким олдиндан тўлагиси келмайди. Мана шу шартни халқ қабул қила олмайди. Қабул қилмайди ҳам. Авваламбор бу кўрсатилган хизмат учун ҳеч ким ҳақ тўламайди. Бу истеъмолчига қарши қабул қилинган қарор. Тирик ҳаëтга эга эмас бу қарор. Бемаъни ишда бу, дейди Абдуманнон Холжўраев.

“Ўздавэнергоназорат" Давлат инспекциясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими раҳбари Эҳсон Усмоновга кўра, эндиликда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, бу орқали тўловларни ўз вақтида амалга ошириш йўлга қўйилади.

Эҳсон Усмонов: Шунақа программа бор. Вазирлар Маҳкамасининг 150 қарори бор. Янги электрон турдаги счëтчикларга ўтиш тўғрисида гап кетаяпти. АСКУЭ системаси - Автомотизированний система контрола учëта энергии. Бу дегани худди телефонга ўхшаб ўтирган жойингизда қанча электр олаяпсиз¸ шартта жойидан туриб ўчириб қўясиз. Шу нарса Мирзо Улуғбек¸ Миробод¸ Юнусобод, Яккасарой туманларида эксперимент тариқасида қилинган. Тўлиқ ўтилмади ҳали Тошкентда.

Озодлик: Бу эксперимент натижаси қандай бўлаяпти?

- Бу¸ албатта¸ ўзини оқлайди. Лекин таннархи ҳам борда. Нимага деганда ҳозир хонадонларда қўйилган счëтчиклар ўзини оқламайди. Янгисининг ичида махсус датчиклари бор. У бир этажга битта қўйиладида¸ датчиклари ҳар битта хонадонда бўлади. Кейин ҳаво орқали¸ мобил телефон орқали информацияни базага узатади. Босқичма босқич ўтилаяпти¸ деб айтишимиз мумкин, дейди Эҳсон Усмонов.

Электрга ҳақ тўлашнинг янги тизими Ғарбда аллақачон ўзини оқлаганини айтар экан, соҳа мутасаддилари Ўзбекистонда ҳам айни тизим иш беришига умид қилаётирлар.

Аммо кейинги йилларда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида электр таъминотида тўхтовсиз узилишлар бўлиб, одамлар соатлаб, ҳатто бир неча кунлаб чироқсиз ўтирмоқдалар.

Шундай бир шароитда Ўзбекистонни хориж билан таққослаш ва электр учун олдиндан пул олиш мутлақо маънисиз деб ҳисоблайди, Абдуманнон Холжўраев.

- Айниқса Ўзбекистон шароитида умуман имконияти йўқ. Масалан электр энергияси доимий узлуксиз бериб турилмайди. Кейин электр энергиясидан фойдаланиш, хизмат кўрсатиш жуда ҳам қиммат. Шунинг учун чет эл билан солиштириш бемаънилик. Сабаби¸ Ўзбекистоннинг чет эл шароити эмас¸ Россия¸ Қозоғистон шароитига ҳам етишига анча борда. Одамларнинг турмуш даражаси ўта паст. Ҳозир тахминан бир кунда икки доллар дейилади. Аслида шунча эмас у. Энг кам иш ҳақи 37 680 сўмдан келиб чиққанда ҳам кунига бўлсангиз шунчага етмайдида. Бизда бир доллар салкам 1600 сўм. Шунинг учун чет эл билан солиштириш бемаънилик, дейди Абдуманнон Холжўраев

“Ўзбекэнерго” давлат акционерлик компаниясининг расмий сайтида маълум қилинишича, электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимга ўтиши уч босқичда амалга оширилиб, 2011 йилда ниҳоясига етади.

Демак, эндиликда электр энергия учун олдиндан пул тўлайсиз, агар тўламасангиз юқорида эшитганингиздай сизга қарзга чироқ берилмайди. Бу эса пул топгунча уйингизда чироқсиз ўтирасиз, дегани. Аниқроғи, кунингиз яна ўша ота-бобонгиздан мерос қора чироғу шамга қолади, дегани.
XS
SM
MD
LG