Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:51

Қирғиз прокурори: Ҳали лидерларга ҳам навбат келади!


7 апрел кунги қонли тўнтариш чоғида ўт қўйилган Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси¸ Ўш ва Жалолободда ҳибсга олинганлар миллатини очиқ айтиш ахлоқсиз бўлади¸ дея гапирди.
7 апрел кунги қонли тўнтариш чоғида ўт қўйилган Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси¸ Ўш ва Жалолободда ҳибсга олинганлар миллатини очиқ айтиш ахлоқсиз бўлади¸ дея гапирди.

Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар юзасидан очилган жиноий ишларни тергов қилаëтган махсус гуруҳ раҳбари¸ Қирғизистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Рисқул Бахтибаев¸ қирғинни амалга оширганларнинг¸ миллатидан қатъий назар¸ жазоланажагини айтади.



Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси Ўш шаҳри ва Ўш вилоятидаги қонли воқеалар ортидан 758 та жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Прокуратура тарқатган пресс-релизда айтилишча, жиноий ишлар қотиллик, оммавий тартибсизлик, одам ўғирлаш, зўрлаш, ўғирлик, талончилик, ноқонуний равишда қурол сақлаш, тарқатиш, гиёҳванд модда сақлаш ва тарқатиш, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатиш каби қатор жиноятлар бўйича қўзғатилган.

Бу жиноятларда гумонланиб 77 киши қўлга олинган. Улардан 72 таси ҳибсга олинган. Қонли воқеаларга гувоҳ сифатида эса 2000 дан ортиқ киши сўроқ қилинмоқда.

Аммо Қирғизистон Бош прокуратураси эълон қилган пресс-релизда миллатлараро можаро, деб баҳоланган ҳодисаларда айбланаётганлар ва ундан жабрланганларнинг шахси, хусусан, миллати ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ана шу маълумот ва умуман, Ўш вилояти ҳамда шаҳри бўйича бораётган тергов тафсилотларини сўраб, шу кунларда Ўшда бўлган ва бу тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган гуруҳга етакчилик қилаётган Қирғизистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Рисқул Бахтибаевга мурожаат қилдик.

Озодлик: Жаноб Бахтибаев, қисқагина тарзда айта оласизми, 758 та жиноият иши кўпроқ қайси жиноятлар бўйича қўзғатилган?

Рисқул Бахтибаев: Қотиллик ва оммавий тартибсизлик бўйича 125 та, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўлими бўйича 7 та, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатиш бўйича 25 та, одам ўғирлаш бўйича 16 та, ўғирлик бўйича 102 та, ўт қўйиш йўли билан моддий зарар етказиш факти бўйича 421 та жиноий иш қўзғатилган. Дарвоқе, бунда оммавий зўрлашлар ва ҳоказо жиноятлар ҳақида ҳам бормоқда. Бугунга қадар зўрлаш фактлари бўйича иккита ариза келиб тушди. Яхши ҳамки сиз менга мурожаат қилдингиз, шу кунга қадар бу ҳақда баъзи нодавлат ташкилотлари ва ҳар хил манбалар интернетда тарқаётган хабарлар нотўғридир. Бундан ташқари, қурол сақлаганлик бўйича 23 та, қурол-яроғ ўғирлаш бўйича 16 та жиноий иш қўзғатилган ва ҳоказо.

Озодлик: Жаноб Бахтибаев, бу воқеалар этник низо ўлароқ баҳоланаётган экан, жабрланувчи деб тан олинган 788 киши кишининг қанчаси ўзбек, қанчаси қирғиз миллатига мансублигини айта оласизми?

Рисқул Бахтибаев: Булар орасида ҳам қирғиз ва ҳам ўзбеклар бор. Уларнинг ҳаммаси бирдай, тенг миқдорда жабр кўрган.

Озодлик: Шу миқдорни рақамларда айта оласизми?

Рисқул Бахтибаев: Бу борадаги маълумотларни рақам билан айтиш ахлоққа зид бўларди. Ахир бу ерда халқ бир-бири билан урушаётгани йўқ-ку?! У ерда алоҳида одамлар урушаяптику?! Провокаторлар ўзбеклар орасида ҳам¸ қирғизлар орасида ҳам бор эди.

Озодлик: Унда келинг¸ ҳибсга олинганлар ҳақида гаплашайлик. 77 киши қўлга олинган, 72 таси ҳибс қилинган. Буларнинг миллати ҳақида маълумот бера оласизми?

Рисқул Бахтибаев: Булар ҳам бирдай. Улар орасида ҳам қирғизиям, ўзбегиям бор.

Озодлик: Яъни, ўзаро тенг миқдорда, демоқчимисиз?

Рисқул Бахтибаев: Ахир бу ерда мусобақа бораётгани йўқ-ку? Қўлга олинганлар орасида ҳам қирғизиям бор, ўзбегиям бор.

Озодлик: Биз шу саволни беришга мажбурмиз. Чунки бизга мурожаат қилаётган ўшликлардан келиб тушаëтган асосий савол шу.

Рисқул Бахтибаев: Йўқ, йўқ, бу ерда ҳам бирдай.

Озодлик: Яъни, ҳибсга олинганларнинг 36 нафари ўзбек, 36 нафари қирғиз миллатига мансуб, демоқчимисиз?

Рисқул Бахтибаев: Йўқ, мен сизга бунақа шаклда айта олмайман. Айтишим мумкин, бу ерда ҳам қирғизларам бор, ўзбекларам бор, деб. Деярли бир хил.

Озодлик: Биласизми, бизда ўшликлар ва Ўшдаги маҳаллий телевидениелар берган расмий хабарлар асосида бир рўйхат ҳосил бўлди ва унга кўра¸ маҳаллий ўзбеклар ҳуқуқ-тартибот идоралари айнан ўзбек етакчиларини ҳибсга олмоқда, деган хулосага келганини айтмоқда.

Рисқул Бахтибаев: Ўзбек лидерлари сирасида ким ҳибсга олинган? Сиз менга фамилиясини айтинг? Сиз менга айтинг ким экан уларда лидер? Қайси маънода лидер? У давлат арбобими? Қайси маънода лидер? Кўча жанглари бўйича лидерни қўлга олаётган эканмизми? Ҳа, биз бунақаларнинг қўлига қурол олган ва бир-бири билан урушганларини қирғизлар орасиданам, ўзбеклар орасиданам қўлга олаяпмиз. Биз бунақаларни миллатига қараб ўтирмай¸ жойида қамоққа оламиз. Сиз менга аниқ исмини айтинг, ўзбек миллатига мансуб лидерни, дейлик, сиёсий арбобни қўлга олибмиз ёки қирғиз миллатига мансубини қўлга олибмиз, айтинг менга? Лекин лидерларга ҳам навбат келади, биз уларга ҳам борамиз ҳадемай, чунки, улар орасида ҳам бу жиноятларга алоқадорлари бўлиши мумкин.

Озодлик: Бизда исм-шарифлар бор: Республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддинов, Ўш вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Иномжон Абдурасулов, Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаев, Қорасув шаҳар депутати Ёдгор Усмонов. Буларнинг баъзилари уйлари ёки ишхоналаридан қурол-яроғ топилган экан. Аммо бу тинтув ва ҳибсларга гувоҳ бўлганлар бунга ишонмаяпти ва буни “подстава” деб ҳисобламоқда. Шу боис, баъзилар қайсидир маънода давлат арбоби бўлган ўзбек етакчилари ортидан таъқиб бошланди, деган хулосадан сўзламоқдалар.

Рисқул Бахтибаев: Қанақа ҳолатларда бирор шахс давлат арбоби ҳисобланиши ҳақида мамлакатнинг давлат хизмати ҳақидаги қонунларидан маълумот олишингиз мумкин. Агар бирор киши Жўғўрқу Кенеш депутати бўлиб сайланса ёки бошқа бирор давлат ташкилотида ишласагина давлат арбоби бўлиши мумкин. Сиз айтган одамлар орасида Жалолиддин Салоҳидинов ва Иномжон Абдурасуловлар собиқ депутатлар бўлган. Тинтув фақат уларнинг уйида бўлмаган. Улар яшайдиган маҳаллада “зачистка” бўлган ва Абдурасуловнинг қариндошлариникидан қурол топишган. Қариндошлари ҳибсга олинган. Жалолиддин Салоҳиддинов эса, ҳатто, сўроққа ҳам чақирилмаган. Лекин унинг офисидан ўқ-дори топилган, дейишган. Салоҳиддиновга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаган, балки, ўқ-дори топилгани тўғрисида жиноий иш қўзғатилган. Бошқа жиноий ишлар бўйича тергов бораяпти ҳозир.

Озодлик: Абдурашид Хўжаев ҳақида ҳам маълумот бера оласизми?

Рисқул Бахтибаев: Абдурашид Хўжаев эса гувоҳ сифатида чақирилган, сўроқ қилинган ва қўйиб юборилган, бунинг нима ғалати жойи бор? Бунақа одамлардан ҳозир 2500 дан ортиғини сўроқ қилаяпмиз ва бунда биз миллатига қараётганимиз йўқ. Чунки, бизга ҳақиқий гувоҳларни топиш, бегуноҳ қурбон бўлган кишиларни аниқлаш муҳимроқ. У ўзбек бўладими, қирғизми, татар ёки рус бўладими — буларнинг ҳаммаси бизнинг фуқароларимиз. Худо томонидан ҳаммамизга тенг яшаш ҳуқуқи берилган, тўғрими?

Агар қирғиз-ўзбек ўзаро душман бўлганда, асрлар давомида битта минтақада ёнма-ён яшамаган бўларди. Ҳозир оммавий ахборот воситаларида нотўғри ахборотлар берилмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз асл жиноятчилар, провокаторларни миллати ва динидан қатъий назар топиш ва жазолашдир. Худога шукур, ҳозир қирғизлар ва ўзбеклар бир-бири билан мулоқот қилаяпти. Бир-бирини қутқарганлари ҳам бор. Буни ҳам айтиш керак. Ҳозир нормал ҳаёт давом этмоқда. Оддий халқ бу ерда айбдор эмас. Менга мурожаат қилганингиз учун раҳмат. Саволлар бўлса, яна мурожаат қилаверинг. Фақатгина ҳозир менинг вақтим зиқ, мени халқ кутаяпти. Кейинроқ ҳамма саволларингизга жавоб бераман. Биз матбуотга ҳамиша очиқмиз.
XS
SM
MD
LG