Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:05

Ўш воқеаларига бир ой бўлди


Бугун Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеаларга бир ой тўлди. Бироқ шу кунгача қирғин ташкилотчилари қўлга олингани хабар қилинмаяпти, айрим қирғиз расмийлари эса маҳаллий ўзбек лидерларини бу воқеаларнинг асосий уюштирувчиси сифатида айбламоқда.

Қирғизистон прокуратураси ўтган ой Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар юзасидан олиб борилган текширув жараëнининг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, Ўш вилояти бўйича 446та жиноят иши қўзғатилган. Вилоятда содир этилган жиноятларга алоқадорликда гумон қилинган 68 шахс қўлга олинган ва улардан 63 нафари ҳибс этилган. Бедарак йўқолган фуқаролар бўйича 29 та шикоят аризаси тушган ва улар бўйича 10 та жиноят иши очилган.

Ўш шаҳар ҳарбий прокуратураси ҳам мамлакат Мудофаа вазирлиги ва Чегара хизмати ходимларига ҳужум қилиш ҳолати бўйича жами 14та жиноий иш қўзғатилганини билдирди.

Айни пайтда Бишкек расмийлари оммавий кўламдаги жиноятлар бўйича ҳибсга олинганлар миллатини айтишдан бош тортаëтир. Бироқ айрим расмийлар, маҳаллий ўзбек етакчиларидан бир нечасини қонли воқеаларнинг асосий уюштирувчилари сифатида айблашди. Шу сабабли айрим ўзбек лидерлари устидан жиноят ишлари очилиб, уларга қидирув эълон қилинди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати куч органлари мувофиқлаштирувчиси Азимбек Бекназазаров Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида хозирда Қирғизистон республика ўзбеклар миллий маданий маркази вице президентлари Иномжон Абдурасулов ва Қодиржон Ботировларга қидирув эълон қилинганини айтган.

- Интерполга берилмади. Бироқ иккаласини ҳам қўлга олишга суд санкцияси олиниб, қидирув эълон қилинган, - деди Азимбек бекназаров.

Айтиб ўтиш жоизки айни пайтта, қирғизистонлик айрим ўзбеклар жанубда бўлган қонли воқеаларини Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийларининг ўзлари уюштирган деган фикрдалар:

- Бу ишларда Азимбек Бекназаров ва Исмоил Исоқовнинг қўли бор. Сабаби, агар Бекназаровнинг қўли бўлмаса нима учун “очистка”, деб ҳозир халқни олиб чиқиб, болаларни эзиб ташлаган. Эркаклар СНБлар қилганини айтолмасдан йиғлаяпти. Буларни 1 литрлик баклашкаларга сув қуйиб олиб уряпти экан “изи чиқмайди, деп”,- дейди аноним суҳбатдошимиз.

Таъкидлаш жоизки, Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган қонли воқеалар ва улар юзасидан олиб борилаётган текширувлар бир қанча халқаро кузатувчилар томонидан ҳам кузатилмоқда.

Масалан, Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Виталий Пономарев Қирғизистон жанубида бўлиб, бу воқеалар ривожини кузатмоқда.

Виталий Пономарев Ўш воқеалари ўзбеклар томнидан уюштирилди деган айибловларни афсона сифатида баҳолади:

- Бу ерда “ўзбек аҳолиси нимадир бошлашга тайёрланган” деган афсона бор. Бироқ мен буни мифология, деб уйлайман. Бу ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Бу воқеаларни ким уюштирганлигига келсак, буни айтиш учун бизда мавжуд бўлган маълумотлардан кўпроқ маълумот керак, - деди Виталий Пономарев.
XS
SM
MD
LG