Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:39

Ўзбек аëллари Ўш - Бишкек магистралини тўсишга мажбур қолди


Эрлари¸ ўғиллари ноҳақ қамалиб¸ қийноқларга солинаëтган ўзбек аëллари бедодликни тўхтатишни сўраб норозиликка чиқишга қарор қилдилар.
Эрлари¸ ўғиллари ноҳақ қамалиб¸ қийноқларга солинаëтган ўзбек аëллари бедодликни тўхтатишни сўраб норозиликка чиқишга қарор қилдилар.

Жалолобод вилояти Сузоқ туманида истиқомат қиладиган 1000 чоғли аёл Ўш-Бишкек магистралининг Жалолобод халқа йўлига йиғилди. Аёллар Ўш ва Жалолобод воқеаларини уюштирганликда айбланиб, ҳибсга олинган яқинларининг озод этилишини талаб қилмоқда.


Сузоқликларнинг сўзларига қараганда, шу кунга қадар Сузоқ туманидан 50 дан ортиқ ўзбек йигити ҳибсга олинган. Уларнинг аксарияти қаттиқ қийноқларга солинган. Баъзилари эса оғир ҳолатда туман касалхонасига ётқизилган.

Озодлик мухбири халқа йўлида ўтирган аёллардан бири билан телефон орқали боғланганда, жуда қаттиқ алам ва изтироб устига яна маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари зуғумидан қўрқувда қолган бу аёл телефон орқали мулоқотдан чўчишини айтди.

- Телефонда нимани гапириб бераман? Ҳозир боласини уриб майдалаб қўйган эналар йиғлаб ўтирибди. Ëзинг яна. Эрлари ўлим тўшагида ëтган келинлар болаларини етаклаб келиб ўтирибди. Норасида гўдакларимиз¸ оталари ярим жон қолган етим гўдакларимиз ўтирибди мана бу ерда.

Озодлик: Қаерда ўтирибсизлар ҳозир?

- Биз Ўш-Бишкек йўлининг Жалолобод круговойида ўтирибмиз.

Озодлик: Нечтача аëл бор?

- 1000та аëл¸ 1000та. Биз фақат элимизга тинчлик¸ болаларимизга озодликни хоҳлаймиз. Бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Биз фақат иккита нарсани кўтариб чиққанмиз. Болаларимизга озодлик¸ элимизга тинчлик. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Озодлик: Тахминан қанча бола ҳибсга олинган?

.............................. (шу ерда суҳбатдошимиз билан телефон алоқаси узилиб қолди)

Шундан сўнг бу аёл билан яна боғланишга уриндик, боғландик, аммо суҳбатимиз аввалгидан ҳам қисқа бўлди.

- Менга “Керакмас бизга ҳеч ким” деб телефонни ўчириб қўй дейишаяпти¸ деди бу сафар суҳбатдошимиз.

Бу аёл унга телефонда гаплашишни ким ман этди, милиция зуғумидан қўрққан бошқа аёлларми ёки бу аёлларнинг ёнига келган милициянинг ўзими — аниқлолмай қолдик.

Аммо унинг сўзларидан англаганимиз шу бўлдики, Ўш-Бишкек магистрал йўлидаги Жалолобод халқа йўлига мингдан ортиқ сузоқлик аёл ва уларнинг ёш болалари тўпланган.

Талаб эса аниқ — ҳибсга олинган сузоқлик йигитларнинг озод этилиши ва юртда тинчлик бўлиши.

Халқа йўлига йиғилган оломонни узоқдан кузатган сузоқлик бошқа бир суҳбатдошимиз мингта аёл ва ёш болаларни бу жойга олиб келган бир воқеа — 11 июл куни Сузоқ шаҳарчаси марказида бир ўзбек қассоб йигитининг милиционерлар томонидан эл кўзи ўнгида калтакланиши эканини сўзлаб берди.

- Кеча бир қассоб боланинг қассобхонасига милициялар келиб у болани “Сен урушда қатнашгансан” деб касалхонанинг олдида урган. Касалхонанинг олдидаги қассобхонада.

Озодлик: Милиционерларми?

- Ҳа. Ўша болницанинг олдидаги бозорда ишлайдиган аëллар тўпланиб “Сенлар бу болани нима учун урасан? Нима учун олиб кетасан?” деб у болани олиб қолган. Кейин шу ерда аëллар ўртасида “Эртага шундай қиламиз. Шундай қилмасак¸ бизни тинчитмас экан” деган маслаҳат бўлган. Шу билан бугун чиқишди. Ўш-Бишкек йўлини тўсиб ўз талабларимизни чиқарамиз, дейишаяпти.

Озодлик: Ҳозир транспорт қатнаяптими ëки йўлни тўсиб қўйишдими?

- Қатнаяпти. Ҳали йўлни бекитишгани йўқ. Аëллар бир чеккада турибди ҳозир. Ҳозир энди аëлларнинг олдига мен бора олмаяпман. Ҳали бунинг хабарини мен тўлиқ била олганим йўқ.

Озодлик: Аëлларнинг олдига нимага бора олмайсиз?

- Бу аëллар “Эркаклар сизлар келмай туринглар. Агар видеога оладиган бўлса¸ сизларни яна қамоқхонага тортиши мумкин” деб мени қайтариб юборишди.

Озодлик: Ҳозирча аëлларга зўравонлик бўлгани йўқ-а?

- Ҳозирча аëлларга зўравонлик бўлгани йўқ. Беш-олтитасини “чиқариб юборамиз” деб милицияхонадан болалар келиб олиб кетиб у аëлларни қайтариб қўйиб юборибди. Болаларни чиқара олмабди. У аëллар беҳудага бориб келди.

Озодлик: Сузоқ бўйича тахминан нечта бола ҳибсга олинган?

- Аниқ маълумот билмайман лекин. Тахминан 50-60 та атрофида бола олинган.

Озодлик: Ўзингиз аниқ билган фактлар борми?

- Менинг аниқ билганим бизнинг маҳалладан тўртта болани олиб кетган. Иккитаси қамоқдан чиққани йўқ. Иккитасини қаттиқ уриб қўйган.

Озодлик: Улар уйидами ҳозир?

- Улар болницада. Чиқдими-чиқмадими¸ хабарим йўқ. Кўп болаларни қирғиз милициялари ноҳақ олиб бориб уриб қўяяпти¸ дейди сузоқлик суҳбатдошимиз.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган бу суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, куннинг иккинчи ярмида аёлларнинг ёнига яна Сузоқ милицияси ходимлари келган ва бир неча етакчи аёлни Ички ишлар бошқармасига олиб кетган.

У ерда бу аёллар билан музокаралар бўлаётганини тахмин қилган суҳбатдошимиз бу музокараларнинг мазмуни ва шаклидан, аёллар милиция идорасидан қайтдими ёки йўқми — бундан ҳам бехабарлигини айтди.

“Аммо, халқа йўлида қолган бошқа аёллар то яқинлари озод этилмагунга қадар намойишларни давом эттириш истагида қатъий эканини айтмоқда”, деди бу суҳбатдошимиз намойишчи аёллардан бири билан суҳбатга таяниб.
XS
SM
MD
LG