Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:36

7 миллион тонналик ғалла хирмони соясидаги сирлар


Ўзбекистоннинг ҳар вилоятида бу йилги ғалла ҳосили фарқли бўлган.
Ўзбекистоннинг ҳар вилоятида бу йилги ғалла ҳосили фарқли бўлган.

Президент Каримов 7 миллион тоннага яқин ғалла етиштирган ғаллакорларни қутлаб, уларга таъзим бажо қилаётган шу кунларда, мустақил таҳлилчилар бу йилги ғалла хирмони ҳам қўшиб ёзишлар ва кўзбўямачиликлар маҳсули деган иддоани билдираяптилар.


20 июл куни президент Ислом Каримов ғалла бўйича йиллик шартнома режаси ошиғи билан бажарилганини эълон қилиб, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик 53-58 центнерни ташкил этганини маълум қилди.

Жаноб Каримовнинг ғаллакорларга йўллаган табрик нутқида етиштирилган ҳосилнинг 60 фоизи фермер хўжаликлари ва аҳоли ихтиёрига қолдирилган бўлиб, деҳқонларнинг омбори ғаллага тўла эканлиги айтилади.

Жорий йилда қорақалпоғистонлик фермер Кубай Ортиқов ҳам ғалладан мўл ҳосил олганлардан бири. Кубай оға давлатга 80 тонна топшириб, ўзига яна 60 тонна буғдой олиб қолганини айтади.

- Ғалла бу йил жуда зўр бўлди. Тарихда кўрилмаган ғалла олинди¸ Худога шукур. Ғалла менда 20 гектар эди. 80 тонна топширдим, гектарига 40 центнердан. Меники ўртароқ бўлди. 70 центнердан олган фермерлар ҳам бор. Режани бажардик. Ўзимга қолди кўпи. Режа 30 центнердан эди. Ўзимга 60 тоннадай қолди. Бунақа яхши ҳосил 2003 йилда бўлган эди, дейди Кубай Ортиқов.

Лекин бу йилги ғалла ҳосилидан барча ўзбек фермерлари ҳам хурсанд эмаслар. Жорий йилдаги ғалла мавсуми билан боғлик ҳолатни кузатадиган бўлсак, баҳорнинг серёғин келгани оқибатида айрим фермер хўжаликларида буғдойнинг касаллангани кузатилди. Натижада эса аксар фермерлар ғалла бўйича йиллик шартнома режасини уддалай олмай қолдилар.

Жиззахдаги “Марҳабо” фермер хўжалиги ҳам жорий йилда буғдой режасини 60 % га бажарди¸ холос. Фермер хўжалиги раҳбари Меҳри Эрматовага кўра, айни пайтда давлатдан 30 тонна ғалла қарз бўлиб қолди.

Меҳри Эрматова: Бу йил ғаллалар сал яхши бўлмади. Ҳосилдорлик яхши бўлмади. Шулар ҳисобига¸ план бажарилмай турибди ҳозир.

Озодлик: Қанча гектарга буғдой эккандингиз?

Меҳри Эрматова: 25 гектар.

Озодлик: Қанча ҳосил олдингиз?

Меҳри Эрматова: 60 фоизлар бўлдида. Билмайман сули босиб кетди. Беш гектарни вақтли буздириб ташлаган эдим¸ сули босиб кетганлиги учун. 18 гектари ҳам шундай сули бўлиб кетдида. Уруғида бўлганми¸ ҳеч билмай қолдик. Битта менда эмас¸ ҳамма ҳудудда бажарилмаяпти. Бажарасан¸ деб ëтишибди. Қаердан олиб бажараман энди? Пахтам яхшироқ бажарилса¸ шу билан қоплаб бераманда.

Озодлик: Бажарасан дейишаëтган бўлса¸ қанақа қилиб бажарасиз?

Меҳри Эрматова: Билмадим энди. Нима бўлса ҳам тўлайсан¸ бажарасан дейишаяпти. Ҳар куни чақиришади. Қаердан оламан? Озгина тонна бўлса экан¸ бажарсам.

Озодлик: Яна неча тонна керак сизга?

Меҳри Эрматова: Яна 30 тонналар керак. Бозордан ғалла сотиб олиб бажариш керак.

Озодлик: Ҳозир бозорда буғдойнинг нархи қанча?

- 300 сўм. 10 миллионга яқин бўладида 30 тоннаси. Бунча пулни қаердан оламан, дейди Меҳри Эрматова.

Фермер Меҳри опа бошига тушган ғалла топшириш бўйича мажбурийлик ҳолати мамлакатдаги аксар фермерларга таниш вазият.

Собиқ фермер Маъмиржон Азимовга кўра, ғалла мавсумида хирмон ортида бўладиган ўйинлар жуда кўп бўлиб, фермерлар ғалла режасини бажариш учун турли усулларни қўллашади.

- Бу йил об-ҳаво ноқулай келиб ëғингарчилик кўп бўлди. Жуда кўплаб фермерлар ғалла планини бажариша олмади. Ҳозир ғалла планини бажарган фермерларга¸ уларнинг ғалла майдонида қолган ғалласини планни бажара олмаган фермерларга берасан¸ деяпти. Лекин ҳар йили ҳам ғалла яхши бўладими-бўлмайдими¸ биз давлат планини бажарамиз. Чунки қўшиб ëзишлар жуда кўп. Ўтган йилги қолган ғаллаларни сотиб олиб бажараëтганлар ҳам бўлаяпти. Ундан ташқари пул йиғиб "Донмаҳсулот"ларига олиб борадида “Шунча ғалла ҳақиқатан топширди” деб қоғоз ëздириб олишади. Мана шунинг натижасида ҳам ғалла планлари бажарилиб бораверади. Аҳвол шу. Ҳар йил қўшиб ëзишлар натижасида планлар бажариб борилади, дейди собиқ фермер.

Мустақил таҳлилчи Сайфулла Зикиров Ўзбекистоннинг 7 миллион тонналик ғалла хирмони ортида ёлғон ҳисоб-китоблар, қўшиб ёзиш ва кўзбўямачиликлар ётганини айтар экан, улардан айримларини тилга олади.

- Масалан¸ Наманган вилоятининг 250 минг тонна топшириш мажбурияти бор. Буғдой планини тўлдириш учун бошқа вилоятлардан¸ масалан Тошкент вилоят Зангиота тумани ёки бошқа вилоятларда ортиқчаси билан бажарган туманлар бўладию ўшалардан буғдой олишади. Чунки уларнинг ерлари лалмикор ер¸ дейилади. Сув бор¸ экологик жиҳатдан яхши жой бўлса¸ унумдор буғдой бўлади. Ҳар йили ортиқчаси билан бўлган нарсани сотиб олиб бу ëққа олиб кетишади. Пахтада ҳам шу¸ буғдойда ҳам шу. 7 миллион ғалла етиштирилди дейишгани билан¸ заҳирада 7 миллион деган нарса чиқмайди. 4¸5 миллион бўлади. Қолгани нақд пул олиб қилинган бўлади, дейди Сайфулла Зикиров.

Жорий йилда ғалла хирмони ортидаги ўйинларнинг ҳар йилгидан кўра ўзгача бўлгани айтилмоқда.

Масалан¸ Сурхондарёда ҳатто бозорчиларга ҳам буғдой “солиғи” солинди. Вилоятдаги бозорчиларнинг ҳар бири 10 минг сўмдан буғдой учун пул беришганини айтган бозорчи Роза опа¸ буни ватанпарварлик ўлароқ баҳолайди.

- Лекин бўлган шундай гаплар. Вақтида Файзулла Хўжаевлар ўзининг мол-дунëсини берган ватан учун. Биз 10 минг берсак берибмизда, дейди Роза опа.

Шунингдек, Сурхондарёда ўқитувчилар, почта ходимлари ва буюджетдаги бошқа ишчи-ходимларга 50 килограммдан буғдой топшириш мажбурияти юклатилди.

Ғалла мавсумидаги бу каби найранглар натижасида жорий йилда мамлакатдаги бозорларда буғдой нархи кескин кўтарилгани кузатилди.

Масалан¸ Жиззахда ўтган йили 200 сўм бўлган буғдой бу йилги ғалла пишиқчилиги даврида 100 фоизга қимматлади. Шу кунларда Жиззах бозорларида бир кило буғдойнинг нархи 400 сўм. Тошкент шаҳри бозорларида сал аввал 400 сўм бўлган буғдой нархи шу кунларда 700 сўмгача кўтарилди.

Ўзбек матбуоти эса Ўзбекистон аллақачон ғалла мустақиллигига эришгани ва бугунги кунда мамлакатдаги барча қишлоқ ва шаҳарлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун ва нон маҳсулотлари билан тўла таъминлангани ҳақида ёзмоқда.
XS
SM
MD
LG