Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:41

Эркин микрофон - Бухорода 10 литр бензин нархи 50 долларга чиқди


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ўзбекистонда пойтахт Тошкентдан тортиб вилоятларга қадар бензин тақчиллашиб бораëтган айни кунларда бу хабарни 23 июл куни Озодликка сим қоққан бухороликлардан бири еткизди.



Бензин тақчиллиги кучаймоқда

Кейинги 15 кун ичида Бухорода бензин нархи кескин қимматлагани ҳақида хабар қилади ўзини бухоролик Одил деб таништирган суҳбатдош. Одилнинг айтишича, шу кунларда Бухорода 10 литр бензиннинг нархи тахминан 50 АҚШ долларига тўғри келаяпти.

- Бензин қиммат бўлиб кетибди. 7000-8000 деяпти бир литрига.

Озодлик: Қачон қимматлади?

- 15 кун. 95 лар 7000 сўм¸ 91 лар 8000-8500 сўм.

Озодлик: Бу айтаëтганингиз заправкалардами ëки қўлдами?

- Заправкадада.

Озодлик: Заправкада шунча бўлса¸ қўлда қанчага чиқди?

- 12-13 минг сўм.

Озодлик: Бир литр бензиннинг нархи шунчага чиқдими?

- Худди шундай.

Озодлик: 10 литри қанча бўлади шунда?

- 50 доллар бераманда¸ дейди бухоролик Одил.

Ҳозирча Озодлик Бухородаги бензин нархининг кескин кўтарилиши билан боғлиқ вазиятни мустақил ўрганишга муваффақ бўлмади. Биз кейинги дастурларимизда бу вазиятни ўрганишга ҳаракат қиламиз.


Шифокор ҳам пропагандистга дўндирилди...

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида шифокорларга янги “солиқ” солинди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган чироқчилик шифокорнинг айтишича, эндиликда ҳар бир шифокор зиммасига икки нафардан пенсионернинг нафақа пулини пластик карточкага ўтказишга кўндириш вазифаси юклатилди.

- Чироқчи туманининг тиббиëт ходимларига¸ мактаб директорларига ҳар бир кишига иккитадан қариялик пенсиясини олувчи кишиларнинг нафақа пулларини пластик карточкага ўтказиш учун солиқ солинган. Ҳар бир ходимга иккитадан компютердан чиққан махсус бланка берган. Ариза бланкаси. Ҳар бир тиббиëт ходими иккитадан одамнинг уйига боради ва компютердан чиққан бланканинг шахсий имзо деган жойига қўл қўйдириб¸ паспортини олиб келиб паспортини ксрокопиядан бир нусха чиқаради ва ариза билан главврачга топширади. Бош врач уни олиб бориб туман бош врачига топширади. Булар туман социал бўлимига топшириб шунақа қилишаяпти. Шу ишни бажармаган тиббиëт ходимига тушунтириш хати ëздириб олаяпти. “Иш ҳақинг тўланмайди” деб профком билан протокол тузаяпти. Чироқчи туманида 3500 та тиббиëт ходими бор. 1500 та санитарка¸ қоровул¸ шофëрлар бор. 3500 тиббиëт ходими иккитадан олса 7000 та бўлар экан. Қолганларни қўшганда 10 минг кишини пластик карточкага айлантираяпти¸ дейди чироқчилик суҳбатдошимиз.


Халқ кўпайса¸ подшоҳга осон бўлади...

Андижонлик 80 яшар мухлисимиз Ўзбекистонда аёлларнинг мажбурий стерилизация қилинаётганига норозилик билдириб, бундай зўрликни кескин қоралайди.

- Билмайман аëлларни нега бундай қилаяпти. Қанақа фикри бор. Мақсад одамларни озайтириш демоқчиманда. Бундан норозиман. Бунақа қилмаслик керак. Айниқса¸ мусулмонлар кўп фарзандли одам. Ўзининг аравасини тортса¸ бола кўради. Учта бола кўргандан кейин кесиб юборса¸ кейин бола кўра олмай қолсачи ҳалиги болалар кетворгандан кейин? Одамлар учун проблема қилаяптида. Қилмаслик керакда. Мен ҳеч қўшилмайман. Унақа қилмаслик керак. Хитойга яқинлашаяпмиз деб одамларни¸ болаларни сокрашат қилиш¸ аëлларни мажбур қилиш яхшимас. Қанча одам оз бўлса¸ ҳамма президентларга¸ подшоларга осон. Кўп ғам емайди. Менинг фикрим аëлларни хафа қилмаслик¸ дейди андижонлик 80 яшар суҳбатдошимиз.


Ғалла режасини ўқитувчи бажарди....

Сурхондарёнинг Ангор туманидан сим қоққан навбатдаги суҳбатдошимиз Ўзбекистонда бунёд этилган 7 миллион тонналик ғалла хирмони ортидаги ҳангомалардан айримларини тилга олади.

- Ғалла бажарилди¸ деди. Ўқитувчилар сотиб олиб берди¸ маҳалла комитетлари сотиб олиб берди. Маҳаллаларга солиқ солиб ташлади. Ҳар қайсинисидан 50-100 мингдан пул олиб¸ “топиб берасан” деб тўлдириб ëтибди. Эртага халқ учун қийин нарсада бу. Шу катта раҳбарларнинг ўзлари қилаяпти буни. Юқорида ўтирган чиновниклар қилаяпти. Столни қучоқлаб олган. Бировга бергиси келмайди. Юқоридан планни бажар дейди. Планни бажармагудек бўлса¸ сотиб олиб бўлса ҳам бажариш керакда энди юқоридан топшириқни бергандан кейин. Планни бермасанг¸ ишни топшир дейди. Шунақа қилиб халқни сарсон қилиб¸ шуни сотиб олиб бажараяптида. Мана ўқитувчилар ўзлари пул йиғиштириб бозордан 50 килодан буғдой сотиб олиб Заготзернога бориб топшириб квитанция олаяпти. Халқни алдаб ëтибдида¸ дейди сурхондарëлик тингловчимиз.


Ўқувчини саводсиз ўқитувчи саводсиз қилмоқда...

Сурхондарёнинг Денов туманида яшовчи 20 ёшли Абдулла Ўзбекистондаги таълим тизимидан қониқмаслигини айтиб, ёшларнинг билимсизлигида ўқитувчиларни айблайди.

- Коллежда ҳам доимги фанлар ўтиладида. Янги фанлар ўтилиши керак. Мисол учун¸ махсус фанлар. Боланинг тафаккурини юксалтирадиган фанлар ўтилиши керак.

Озодлик: Демак¸ сиз айни кунда коллежларда¸ мактабларда ўтилаëтган мактаб дарсликларидан қониқмаяпсиз.

- Ҳа. Ҳозирги пайтда мен қатори мактаб¸ коллеж талабалари ўқишга қизиқмай қўйганда. 70-75 фоизи ўқишга қизиқмай қўйган.

Озодлик: Нима учун сўнди қизиқиш?

- Сабаби ўқувчи билан ўқитувчи ўртасидаги муносабат давр талабига жавоб бермайдида. Масалан¸ ўқувчи ўқитувчидан ололмагандан кейин нима қилсин? Замон талабига жавоб бермаяптида. Шунга ўқувчилар ўқишга қизиқмай қўйган. Агар ўқитувчи талабга жавоб берса¸ ўқувчи ҳам ўқишга қизиқади¸ интилади¸ ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам болалар ҳозирги пайтда ўқишга қизиқмай қўйган¸ дейди Сурхондарёнинг Денов туманида яшовчи 20 ёшли Абдулла.


Мен бахтлиман!

Фарғоналик Шуҳратжон Озодликда ҳозирланган бахтиëрлик мезони ҳақидаги лавҳа муносабати билан бахт борасидаги ўз фикрларини ўртоқлашади.

- Бахт тўғрисида эшиттириш бўлдию. Ўшанда идеал¸ ҳайрон қоладиган нималар айтилди. Унақамас бу ерларда. Ўзига яраша тирикчилиги. Биз шунга кўникканмизда. Ëшликдан меҳнат қиламиз¸ тўрт-беш сўм топамиз¸ тирикчилик ўтаяпти. Масалан¸ Нидерландияда ҳамма нарса етарли. Орзу йўқ дедик-а? Бунақа ҳаëт қизиқарсиз туюлиб қолар экан дедимда¸ ўзимча бундай тасаввур қилиб кўрдимда. Бизда ҳам шунақа бўлса дедим. Зерикарли бўлади¸ деб ўйладим. Бу ерда ҳам баъзан бўғилиб қоламиз. Мисол учун¸ нимадир етишмайди. Ëки бўлмаса тўрт-беш сўм қаердандир топиб¸ қарз олиб шунақа ҳам бўлиши мумкинку. Шунақаларда озгина бўғиласиз. Умумий ҳаëт¸ масалан ҳозирги пайтда хурсандман. Бахтлидайман. Қачондир бахтсиздай ҳис қилиб қоламан. Етишмовчиликда ëки кимдандир муомалаларда бўладида¸ дейди фарғоналик Шуҳратжон.

Эслатиб ўтамиз, Gallup сўров маркази тадқиқотларига кўра, ўзбекистонликлар бахтлилик мезони бўйича дунëдаги 155 мамлакат аҳли орасида 85-ўринни эгаллади.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG