Ўзбекистонда сўнгги олти ой ичида чиқарилган суд буйруқлари асосида жавобгарлардан 174 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундирилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоев ҳисоботига таяниб, расмий оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, сўнгги олти ой ичида жами 128 1000 та фуқаролик иши, 500 мингга яқин суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги аризалар кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, мамлакатда жазони енгиллаштириш сиёсати боис жинояти учун жазога тортилган 17 мингдан зиёд шахс 104 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар ундириш эвазига қамоқдан озод қилинган.
Аввалига тошкентлик адвокат Руҳиддин Комиловдан Олий суд раиси эълон қилган ҳисоботда тилга олинган “суд буйруғи” деган атамага юридик изоҳ беришни сўрадик.
- Суд буйруғи дегани енгиллаштирилган варианти. Суд жараëни бўлмасдан ариза берилади. Бу хўжалик судими¸ фуқаролик судими фарқи йўқ. Ўшанга асосан судя суд буйруғини ëзиб беради “ундирилсин” деб. Томонлар ўзининг қарздорлигини¸ ўзининг молиявий жавобгарлигини тан олган бўладида. Соддалаштириш¸ енгиллаштириш учун суд буйруғи деган тушунча аввалдан ҳам бор. Фақат унчалик тадбиқ этилмасди. Ҳозир суд буйруғи тўғрисида пленум қарор чиқарди. Сал такомиллашаяптида. Тасаввур қилинг¸ 128 минг фуқаролик иши 500 минг суд буйруғи билан иш кўрадиган бўлса¸ кечирасизку¸ умуман судяларнинг қўли қўлига тегмай ëтибди. Менимча¸ суд буйруғини такомиллаштираяптида жараëнни соддалаштириш учун. Суд жараëнини соддалаштириш учун амалдаги қонун нормаларини қўллашаяпти¸ дейди Руҳиддин Комилов.
Мазкур ҳисоботнинг сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш сиёсатининг ижросига қаратилгани иддао этилаëтгани боис, унда тилга олинган “суд буйруғи” атамаси мамлакатда суд-ҳуқуқ тизими енгиллаштирилганидан дарак ўлароқ тақдим этилмоқда.
Суд-ҳуқуқ тизимини енгиллаштириш орқали эса давлат фойдасига сўнгги олти ой ичида 174 миллиард сўмдан ошироқ маблағ ундирилгани айтилмоқда.
Ҳозирча республика Олий суди раиси ҳисоботидан бу маблағ кимлардан ва қай асосда ундирилгани ҳақида аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади. Аммо адвокат Руҳиддин Комилов бу моддий зарар кўпроқ хўжалик юритувчи субъектлардан ундирилган, деган фикрда.
Хўжалик ишлари бўйича судларда иштирок этаётган “Тошкентпахтасаноат” ҳудудий акциядорлар бирлашмаси юристи Исроил Муталипов моддий зарар ундирилаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг аксарияти — олди-сотди, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи кичик тадбиркор ҳамда фермерлардир, деб ҳисоблайди.
- Фермерларнинг ичида бўлади¸ шартнома шартларини бажармаган кичик корхоналар ичида бўлади. Асосий мақсад¸ давлат корхоналарида¸ фермер хўжаликларида планни бажармаган¸ зарар келтирган¸ айниқса шартнома олди шартларини бажармаган иш юритувчи субъектлар ичида албатта жавобгарликлар келиб чиқадида¸ дейди Исроил Муталипов.
Бундай ишларда даъво аризаси кўп ҳолларда юридик шахслар томонидан киритилади ва бунинг боиси, хўжалик юритувчи субъектларда қонунни бузмай ишлаш имкони деярли йўқлигидадир, дейди Исроил Муталипов.
- Чунки қонунни бузмасдан ишлаш имконияти кирадиган бўлса¸ уни ортиқча тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Унинг орқасида нимадир нарсалар борки¸ уни ҳатлаб ўтиб бўлмайди. Давлат бошқарув аппаратида кимлардирки нарсаларни қилиб ëтибди. Ўшани қилсангиз ҳам қиласиз¸ қилмасангиз қилдиради. Масалан¸ ҳокимлар. Керак бўлса¸ мен ҳокимларни мутлақо тизимдан чиқариб юборардим¸ дейди “Тошкентпахтасаноат” ҳудудий акциядорлар бирлашмаси юристи Исроил Муталипов.
174 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ундирилаётган қатламнинг асосий қисмини фермерлар ташкил қилади, деган тахминни тилга олган яна бир суҳбатдошимиз эса жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли, собиқ фермер Мамиржон Азимовдир.
Унга кўра, айнан шу кунларда ҳам Жиззахда ғалла режасини бажармаган фермерлар ҳокимият томонидан жавобгарликка тортилмоқда.
- Фермерлар ғалла планини бажара олмай қолишлари мумкин¸ пахта планини бажара олмай қолишлари мумкин. Мана шундан кейин ҳокимият фермерни ғалла планини бажармаганлиги сабабли хўжалик судига оширади. Хўжалик суди умумий тарзда фермерларни йиғиб суд қилиб¸ кейин жаримани чиқаради ва суд ижросига топширилади. Суд ижрочиси фермерлардан йил якуни билан ўша жарималар ундирилади. Ҳозир шундай ҳолатлар бўлаяптики¸ фермерларнинг даже мол-мулкига қаратилаяпти. Ҳайдаб турган тракторлари бўлсин ëки бошқа техникалари бўлсин жарималар ундириб борилаяпти¸ дейди Мамиржон Азимов.
Фермерлардан маблағ ундиришнинг энг кўп қўлланиладиган йўли — фермерга кредит таклиф қилиш ва кейин шу тизим орқали давлат ҳисобига моддий зарар унидирб олишдир, дейди собиқ фермер Мамиржон Азимов.
Унга кўра, ҳар йили фермерларнинг камида 30 фоизга яқинининг иши судга оширилади ва улардан катта миқдорда давлат ҳисобига жарима ундирилади ва баъзан фермер жаримага тортилганини ҳисоб рақами бўшаб қолгандагина билади.
Суд буйруқлари асосида моддий маблағ ундирлаётгани айтилаётган яна бир тоифа хўжалик юритувчи субъектлар – савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи кичик корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектларидир.
Тошкентдаги Чинни буюмлар бозорида савдо қилаётган Мадина опа бозорда фаолият кўрсатаётган 400 га яқин дўкон орасида жаримага тортилмагани жуда оз, дейди.
Чунки, бу ерда ҳам тайёр механизмлар бор.
- Мисол учун, касса аппарати рўйхатга олинар экан, унга “таймер” ўрнатилади. Яъни, 6 ойдан кейин касса аппарати ишламай қолади. Агар сиз савдо қилмасангиз, унинг ишламаётганини билмайсиз ҳам. Таймер вақтини билган бозор маъмурияти ходимлари эса келади-да, сизни жаримага тортади, дейди Мадина опа.
Бу эса¸ Ўзбекистонда энг кўп қўлланиладиган воситалардан биридир¸ деб давом этади тадбиркор аëл..
- Менда бўлган. Касса аппарат ишламай қолган. Менга таймерга қўйилганини биринчи мата билмаганман. Анча вақт ўтиб касса аппарати ишламай қолди. Орадан бир ҳафтани ўтказиб кўрсатгани олиб борганман регистрация қилинган жойга. Олиб борсам¸ “Мана шунча вақтда келибсан. Касса аппарати ишлаëтгани ëки ишламаëтганини келиб кўрсатиб туришинг керак” деган. Ўшанинг устида анча тўполон қилганман. Союз вақтида ҳам бўлмаган нарса бу¸ дейди Мадина опа.
Чинни буюмлар бозорида ишлайдиган Мадина опа 6 ой мобайнида ундирилган 174 миллиард сўм, асосан, у каби кичик тадбиркорлардан шунақа йўллар билан ундирилганига шубҳа қилмайди.
Боиси деб далиллайди ўз фикрини бу аëл, расмий ҳисоботлар учун ҳужжатлаштириб ундирилаётган маблағ ва кичик тадбиркорлар ёхуд фермерлар даражасида олинса, бу катта маблағ.
“Аммо, аслида шу кунларда мамлакатдаги тадбиркорлар, катта-катта бизнес эгаларидан ундирилаётган маблағ даражасида олинса, арзимаган суммадир ва ҳозир ундириб олинаётган асл маблағнинг ҳаммаси давлат ғазнасига тушса, жуда катта суммага айланиши мумкин эди”, дейди Мадина опа.
Мадина опа ўзи ишлайдиган бозорда сўнгги кунларда айланаётган норасмий маълумотлардан бирини тилга олиб, кейинги пайтларда ҳуқуқ-тартибот идоралари нишонига айлангани айтилаётган йирик бизнесменлардан биридан ундириб олинган, аммо давлат ғазнасига тушмаган маблағ миқдорини тахмин қилади.
- Ўрикзорнинг шефи корейсга 5 миллиард қўйган экан штраф. Билмайман қайси-қайси ишлардан камомад экан. Ўшани бир кунда олиб келиб тўлаган экан¸ дейишди.
Озодлик: 5 миллиард сўмми?
- Ҳа. Бир кунда олиб келиб қўйгандан кейин яна 3 миллиард юклабди эмиш дейишди. Кейин қочиб кетди дейишди¸ дейди Мадина опа.
Тошкентдаги Чинни буюмлар бозорида ишлайдиган Мадина опа айтаётган гаплар расман тасдиқланмаган ва афтидан расман тасдиқланиши мушкул бўлган маълумотлардир.
Аммо кейинги пайтларда бундай йирик тадбиркорлар, бошқача айтганда, бизнесменлар ҳуқуқ-тартибот идоралари нишонига айлангани мамлакатдаги кўпчилик мустақил манбалар томонидан тилга олинмоқда.
Мисол учун, яқиндагина “Алп-Жамол”, “Капитал банк” раҳбарлари ишидан камчилик топилгани ва улардан каттагина миқдорда жарима ундирилгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.
Гарчи бу борада республика ҳуқуқ-тартибот идораларидан расмий маълумот олишнинг ҳанузгача имкони бўлмаётган бўлса-да, Озодлик билан суҳбатда, ҳар икки банк расмийлари банк раҳбарларининг иши ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратига тушганини инкор қилмаган эди.
Аммо Олий суд раиси Бўритош Мустафоев эълон қилган ҳисоботдаги, расман қайд этилган ва давлат ҳисобига моддий зарар ундирилган жавобгарлар орасида бундай катта бизнес вакилларининг исми-шарифи битилганига шубҳа қилгувчилар кўп бўлмоқда.
Улардан бири “Тошкентпахтасаноат” ҳудудий акциядорлар бирлашмаси юристи Исроил Муталипов тазйиқ нишонига айланган фирма ва компаниялар номи сафига кейинги пайтда мустақил манбалар томонидан иши терговга оширилгани айтилаётган “Абу Саҳий”, “ЎзГазОйл” каби йирик ширкатлар номини ҳам қўшар экан, 174 миллиард сўм бугун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бу каби йирик бизнес вакилларидан ундирилаётган маблағлар олдида дарёдан томчидир, деган хулосада.
- "Алп Жамол"га ўхшаган¸ "Абу Саҳий"га ўхшаган кимларнингдир номини сотиб иш қиладиган фирмаларнинг орқасидан қилинган ҳаракатларни¸ мана UzGazOil ни кўриб турибсиз. Шунақанги нарсалардан қилинган бўлиши мумкин. У мизерний сумма бўлиб қолади буларни ҳам ҳисоб-китоб қиладиган бўлсангиз¸ дейди “Тошкентпахтасаноат” ҳудудий акциядорлар бирлашмаси юристи Исроил Муталипов.
Фақат бу маблағ қандай ундирилмоқда ва айнан давлат фойдасига мусодара қилинмоқдами ёки йўқми — буни фақат тахмин қилиш мумкин, демоқда бу мавзуда гап очган Озодлик суҳбатдошлари.