Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Ўшдаги ўзбеклар лидери сўроққа тутилди


Ўтган йил ўз қурултойини Ўшда тантаналар билан ўтказган Ўзбек миллий-маданий марказининг аксар етакчилари бугун бедарак¸ ëки ҳибсда.
Ўтган йил ўз қурултойини Ўшда тантаналар билан ўтказган Ўзбек миллий-маданий марказининг аксар етакчилари бугун бедарак¸ ëки ҳибсда.

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий марказининг қонли воқеалардан буён бедарак кетган президенти Жалолиддин Салоҳиддиновнинг дараги 27 июл куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасидан чиқди. У Ўш воқеалари юзасидан бораётган тергов ишларидан бирида гувоҳ сифатида сўроқ қилингач¸ қўйиб юборилган.


Қирғизистон парламентининг собиқ депутати, Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддинов 27 июл куни Бишкекда Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан сўроққа тутилди.

Бу ҳақда Озодликка маълумот берган, аммо, номи ошкор этилмаслигини сўраган Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идорасининг юқори лавозимли расмийси: “Жалоддин Салоҳиддинов жиноий ишлардан бири юзасидан пайдо бўлган саволлар боис гувоҳ сифатида сўроққа таклиф қилинган. Сўроқ қилинган ва кейин қўйиб юборилган”, деб маълумот берди.

Аммо бу расмий Салоҳиддиновнинг ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатилганми ёки йўқми, у терговга тортилган жиноий иш кимга нисбатан, нима учун қўзғатилган — бу ҳақда маълумот беришни истамади.

Бунга қадар 26 июл куни Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Салоҳиддиновнинг Бишкекда ҳибсга олингани ва қийноқларга солинаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди.

Бу ҳақда хабар қилган манба — шу кунларда Ўшни тарк этиб, Европа давлатларидан бирида бошпана олишга уринаётган, муқаддам Салоҳиддинов билан бир доирада юрган ўшлик қочқиннинг сўзларига кўра, Жалолиддин Салоҳиддинов шахсан Роза Ўтунбаеванинг таклифи билан пойтахтга таклиф қилинган ва Бишкек аэропортига келиб тушган чоғида ҳибсга олинган.

Аммо бу маълумот ҳозирча расмий идоралар томонидан тасдиқлангани йўқ ва кун адоғига келиб пайдо бўлган маълумотга кўра, Салоҳиддинов фақат сўроққа таклиф қилинган ва ундан озод бўлгач, 28 июл куни кечга қадар Ўш шаҳрига етиб келган.

Унинг Ўшга келганини айтаётган яқинлари ҳануз Салоҳиддиновнинг хавфсизлигига таҳдид бор, деб ҳисоблагани боис унинг манзилини сир тутмоқдалар.

26 июлга қадар Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоаси етакчиларидан бири Жалолиддин Салоҳиддинов бедарак кетган саноқли лидерлардан бири ҳисобланиб келаётган эди.

Бир ой муқаддам унинг идорасида тинтув ўтказилгани ва у ердан қурол-яроғ топилгани, шу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов-текширув ишлари бораётгани ҳақида Ўш шаҳар коменданти Курсанбек Асанов баёнот берган эди.

Шундан сўнг Озодликка интервью берган Жалолиддин Салоҳиддинов буни “фитна”, деб баҳолаган эди.

Бу фикрни Салоҳиддиновнинг ҳамкасблари ва унга қарашли бўлган “Ўшкрастекст” ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари ҳануз таъкидламоқдалар.

Шу кунларда фақат қоровулларгина қолган бу корхонада бир ой аввал ўтказилган махсус рейд чоғида қурол-яроғ топилганидан сўнг, ҳатто, бир ходим сўроққа чақирилмапти, дейди 28 июл куни Салоҳиддиновнинг идорасида бўлган ўшлик Зокиржон ака.

- Ишхона ҳозир ишламаяпти экан. Катталар келса¸ иш бошласак керакда деяпти. Тинтув бўлиб¸ автоматлар чиққандан кейин бирорта одам қамоққа олинмабди.

Озодлик: Сўроққа чақирилгандир?

- Йўқ¸ сўроққа ҳам чақирилганини билмайман деяпти. Унақа ҳеч бир ваҳима йўқ¸ дейди тинтув чоғида Салоҳиддиновнинг идорасида бўлган ўшлик Зокиржон ака.

Ўшлик Зокиржон ака бир ой олдин шовқин-сурон билан ўқ-дори топилган идорадаги ходимларининг бирортаси, ҳатто, сўроққа чақирилмагани, бундан ташқари, Салоҳиддиновнинг ҳеч ким бўлмаган уйида ҳам тинтув ўтказилганини айтар экан, бунинг ҳаммаси айнан Салоҳиддиновга қаратилган тазйиқлар борлигидан далолат, деб тахмин қилади.

Бундан ташқари, шаҳарда Салоҳиддиновга алоқаси бўлган, муқаддам у билан сафдош бўлган ўшликларнинг кўпчилиги у ҳақидаги мулоқотдан қочаётгани ҳам шундан далолат, деб ҳисоблайди Зокиржон ака.

- Бизнинг ҳозирги қирғиз ҳукумати шундай террор¸ репрессия қилдики¸ бу ерда бир оғиз гапириш уже хавфли бўлиб қолди эртага нима бўлади деб. Мен “Жалолиддинни ўйласанглар¸ хабар беринглар” деб телефонингизни бериб келдим. Шунинг учун одамлар мен билан гаплашгиси келмаяпти¸ дейди Зокиржон ака.

Ўшлик Зокиржон аканинг сўзларига кўра, айни вақтда Салоҳиддиновнинг оила-аъзолари қариндошлари ҳам шаҳарни тарк этган бўлиши мумкин, боиси, уларнинг уйлари дарвозаларига қулф осилган.

Норасмий маълумотларга кўра, шу вақтга қадар Қирғизистонда бўлмаган ва 26 июл куни Бишкек, кейин Ўшга келгани, бундан ташқари, бирров сўроқ-савол қилиб қўйиб юборилганига қараганда, Салоҳиддинов ҳақиқатда ҳам Қирғизистон муваффақат ҳукумати томонидан таклиф этилгандир, деган тахминни қувватлагувчилар кўп бўлмоқда.

Бу тахминни қувватлаган ўшлик зиёлилардан бири, “Алианс-пресс” ахборот-реклама агентлиги ходими Равшан Гапиров шу кунларда миллий ярашув сиёсатини зўр бериб жанубга сингидиршга уринаётган вақтли ҳукумат учун бу зарур, деб ҳисоблайди.

Энг муҳими, Жалолиддин Салоҳиддиновдан ташқари ўзбек жамоасининг яна бир неча етакчилари ҳуқуқ-тартибот идоралари тазйиқ-таъқиби остида қолмоқда ва ўшликларнинг кўпчилиги бу таъқибларни асоссиз деб ҳисоблайди, дейди Равшан Гапиров.

- Салоҳиддинов тўғри ëки нотўғри олинибди¸ деб биз уни нима қила олмаймиз. Лекин биз ундан ташқари айтсак¸ зиëлиларга кўп тазйиқ қилиши, буни ноҳақ қилиши¸ албатта¸ халқда салбий фикр туғдиради. Одамлар ўзи тинч¸ спокойно юргандек кўрсатгани билан ичи ғаш¸ жуда ҳам ичи ғаш¸ дейди Равшан Гапиров.

Шу вақтга қадар республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддиновдан ташқари Ўш вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Иномжон Абдурасулов, Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаев, Қорасув шаҳар депутати Ёдгор Усмоновлар ҳибсга олинган, сўроққа тутилган ва қўйиб юборилган эди.

Бундан ташқари, Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти ва “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов ҳамда Жалолобод шаҳар масжиди имоми Муҳаммаджон Аҳмедовлар ҳибсга олинган ва ҳануз ҳибсда сақланмоқда. Жалолобод ўзбеклари етакчиси Қодиржон Ботиров эса ҳануз бедарак.

Бу етакчиларининг аксарияти уйи ёки идоралари, ёҳуд қариндош-уруғларининг уйларидан қурол-яроғ топилган. Тинтувлар эса аксар ҳолларда гувоҳларсиз, ордерсиз ўтказилгани ҳақида ўзбек жамоаларининг таъқибга олинган етакчилари яқинлари, сафдошлари, адвокатлари ўз вақтида Озодликка интервью берган эди.

Шу тахлит, норозиликлар билан ўтказилган тинтувлар ва деярли бир қолипда қўйилаётган айбловлар боис, Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоалари вақтли ҳукуматнинг бу ҳаракатлари қонуний эканига ишонмайди, дейди Равшан Гапиров Озодлик билан суҳбатда.

- Тўғрисини айтганда¸ кўпчилик “ЕХҲТ нинг полициячилари келади” деб шундан жуда катта умид бўлаяпти. Шундан кейин тўхтар деган нарсага одамларда жуда катта умид бор. Ана келишади¸ мана келишади деб кутилаяпти. Шу нарса жон-жаҳди билан кутилаяпти. Биласизми¸ мен бундай дейманда. Бу ерда ҳукуматни шунақа тазйиқ қилиш деган программаси йўқ. Политический элитанинг ичида ҳар хил нуқтаи назарда¸ ҳар хил позицияда турган одамлар турли ерларда ўз амалини қўллаяпти. И каждый в своих интересах иш қиляпти¸ дейди Равшан Гапиров.
XS
SM
MD
LG