Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:34

Жалолободга кетаëтган портловчи модда Ўзбекистонда ушланди


Қирғиз расмийларига кўра¸ юк ортилган учала машина ҳам¸ унга ҳамроҳлик қилаëтган милиционерлар ҳам Ўзбекистонда ушлаб турилибди.
Қирғиз расмийларига кўра¸ юк ортилган учала машина ҳам¸ унга ҳамроҳлик қилаëтган милиционерлар ҳам Ўзбекистонда ушлаб турилибди.

Ўзбекистон Чегара хизмати ходимлари Қирғизистонга тегишли 40 тонна портловчи модда ортилган учта юк машинасини ушлади. Бишкек даъвосича¸ Тожикистондан йўлга чиққан бу юк "Қирғизгеолотехкомплект” корхонасига тегишли аммонит моддасидир. 11 кун олдин содир бўлган бу воқеа муносабати билан 11 қирғизистонликнинг ҳамон Ўзбекистонда ушлаб турилгани айтилмоқда.


Жорий йилнинг 23 июл куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти “Япаги” чегара постида Қирғизистонга тегишли экани айтилаётган 40 тонна портловчи модда ортилган учта машина прицепи билан ушланди.

31 июл куни бу ҳақда хабар тарқатган "Пресс-уз.инфо" веб нашрига кўра, Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг олти ходими ҳамроҳлигида келаётган 40 тонна аммонит моддаси тегишли ҳужжатлари бўлмагани учун ушлаб қолинган.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатдан ҳам 40 тонна аммонит моддаси Қирғизистонга тегишли эканини билдирди.

- 23 июл куни Ўзбекистон ҳудудида учта машина юки билан тўхтатилди. Машиналарда 40 тонна миқдордаги аммонит моддаси бор.
Юк “Қирғизгеолотехкомплект” корхонасига тегишли бўлиб Жалолобод шаҳрига етказилиши лозим эди. Ушбу юк Тожикистондан Ўзбекистон орқали Қирғизистонга олиб келинаётган эди, дейди Чўлпонбек Турусбеков.

Жаноб Турусбеков айни пайтда 40 тонна аммонит моддасини Ўзбекистон томони ушлаб турганини тасдиқлади, бироқ юкнинг тегишли ҳужжатлари бўлмагани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

- Йўқ, йўқ. Барча ҳужжатлар жойида. Асосийси¸ юк машиналари қирғиз милицияси ҳамроҳлигида келаётган эди. Фақат улар Ўзбекистон ҳудудидан ўтаётгани учун тўхтатилган. Ҳозир Ўзбекистон томони бу масалани ўрганаяпти. Юкнинг тегишли ҳужжатлари ҳаммаси бор, дея таъкидлайди Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари кўз қарашини ифодаловчи "Пресс-уз.инфо" ахборот агентлигига кўра, “Ўзбекистон республикаси ва Қирғизистон республикаси ўртасидаги абадий дўстлик” ҳақидаги ўзаро шартномага мувофиқ, 40 тонна портловчи модданинг тегишли ҳужжатлари бўлмаса-да, Қирғизистон фуқаролари бўлган юк кузатувчилари ва машина ҳайдовчилари қўйиб юборилган.

Аммо 2 август куни Озодлик билан суҳбатда Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков¸ юк машиналари ҳайдовчилари ва уларга ҳамроҳлик қилган жами 11 қирғизистонликнинг ҳануз Ўзбекистонда қолаëтганини билдирди.

- Қўйиб юборишмади. Улар Ўзбекистон ҳудудида, дейди Чўлпонбек Турусбеков.

“Қирғизгеолотехкомплект” корхонаси бош директори Мисир Мадяров ҳам айни юк бўйича тегишли ҳужжатлар мавжудлигини айтар экан, 11 кишининг ўзбек чегарачилари томонидан ноқонуний равишда ушланганини айтади.

- Айни пайтда менинг ўринбосарим, уч ҳайдовчи, инженер, биз томондан беш киши , яна корхона томонидан ёллаган олти қуролли милиция ходими¸ жами 11 киши Ўзбекистонда ушлаб турилибди, дейди Мисир Мадяров.

“Вазият шундоғам хотиржамликдан узоқ бўлган Қирғизистон жанубига портловчи моддани ким ва нима мақсадда етказмоқчи бўлгани ҳақида савол туғилади” деб ёзади расмий Тошкент нуқтаи-назарини ифодаловчи "Пресс-уз.инфо" ахборот агнтлиги 31 июл куни.

Озодлик билан суҳбатда бу саволга жавоб берар экан Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков¸ айни юк мутлақо тинчлик мақсадида келтирилаётганини таъкидлайди.

- Бу корхона эҳтиёжи учун керак бўлган оддий юк, дейди Чўлпонбек Турусбеков.

“Қирғизгеолотехкомплект” корхонаси бош директори Мисир Мадяров ҳам айни иддаони такрорлайди:

- Биз 15 йилдан кўпроқ вақтдан буён айни юкни келтирамиз. Ўш ва Жалолободдаги июн ойидаги воқеалардан аввал ҳам корхонамизга ҳар ой Ўзбекистон орқали Тожикистондан айни турдаги юкларни мунтазам келтириб турганмиз. Ўзбекистон томонидан бу каби даъво илк бор кузатилаяпти, дейди Мисир Мадяров.

Расмий Тошкент нуқтаи-назарини ифодаловчи "Пресс-уз.инфо" агентлиги¸ 31 июл куни юк ушланганидан буён воқеа содир бўганидан бери ўтган бир ҳафта давомида Қирғизистоннинг тегишли идоралари томонидан Ўзбекистонга юк бўйича бирорта ҳужжат тақдим қилинмагани ҳақида ёзди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг Озодлик қирғиз бўлимига айтишича¸ 2 август куни Бишкекдан айни масалада Тошкентга махсус нота юборилган ва бу нотага Ўзбекистон жавобининг 3 август куни эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG