Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:35

Эркин микрофон - "Мустақилликдан бери фақат орқага кетиш"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ўзбекистонликлардан бири халқнинг турмуши кун сайин оғирлашаëтганидан ҳасрат қилса¸ бошқаси¸ аксинча халқ яхши яшаëтганини айтади.


"Ҳеч яхшиликка кетмаяптида. Фақат ëмонлик."

Илк суҳбатдошимиз андижонлик Алишер Умаров "Ўзбекистон коррупция ва порахўрлик ботқоғига бўйнигача ботгани боис ҳам¸ мамлакатда ривожланиш бўлмаяпти" деган фикрни билдиради.

- Мисолдан¸ Тошкентдан водий томонга кетаëтганда Ангренга етмасдан Роҳат деган пост бор. Шу постга пул бермасангиз¸ ўта олмайсиз. Шунақа бўлиб кетган ҳозир бизнинг милиционерлар. Агар Россиядан келаëтганингизни билса¸ милициялар шундай оладики¸ дардингизни кимга айтишни билмайсиз. Андижонда юрсангиз¸ ҳақингизни талаб қилиб милицияга борадиган бўлсангиз¸ бир пасда сизни ë ваҳҳобий қилиб ташлайди ë чўнтагингизга наша ташлаб милицияхонага олиб кириб ташлайди. Ваҳҳобийнинг в ҳарфини билмасангиз ҳам ваҳҳобий бўласиз. Дардингизни кимга айтишни билмайсиз. Бу тартибга ҳам тушмаса керак. 19 йил бўлди Ўзбекистон ўзини мустаҳкамлаб бўлганига. Ҳеч яхшиликка кетмаяптида. Фақат ëмонлик. Одамлар қул бўлиб бўлди. Россияга борган ўриснинг қули бўлаяпти¸ Қозоғистонга борган қозоқнинг қули бўлаяпти. Шунақа бўлди бизнинг ўзбек халқи. Ҳамма ëқ порахўр бўлгандан кейин нимаси яхши бўлади. Кимга дардингизни айтасиз¸ дейди андижонлик Алишер Умаров.


"Органнинг ҳаммаси фақат пулга ишлайди ҳозир..."

Қозоғистонда чўпонлик қилаётган асли андижонлик Азизбек ҳам коррупция мавзусини тилга олади. Азизбек икки йил аввал паспортини йўқотгани ва Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги коррупция боис ҳануз ҳужжатсиз юрганини айтади.

- Қозоғистонда ишлайман. Қўй боқаман. Ўзи асли Андижонданман. Андижоннинг Хонободи¸ Қорасув чегараданман. Мен паспортимни йўқотиб қўйган эдим.

Озодлик: Паспортингиз йўқолганлиги бўйича полицияга мурожаат қилдингизми?

- Мен ўзи полициянинг қўлида ишлайман. Мен ишлаëтган одам полицияда ишлайди.

Озодлик: Полицияда ишлайдиган одамнинг қўйини боқасизми?

- Ҳа. унга айтсам “Сенга паспортнинг кераги йўқ. Мен ўзим сенга паспортман” деяпти. Чегарада мен учун туриб бера олмайдику. Ўзбекистонга ўтгандан кейин ҳам мен учун туриб бера олмайди. Чегарадан кейин нечта пост бор Андижонгача.

Озодлик: Шуни айтмадингизми?

- Айтаяпман уни. Тушунадиган одам йўқ. Опа¸ ҳозир ҳеч қанақа милицияга ишонч йўқ. Очиқ-ойдин айта қолай. Ҳеч қайси органга ишонч йўқ. Чунки органнинг ҳаммаси фақат пулга ишлайди ҳозир. У қаерда бўлса ҳам фақат ўзининг бола-чақасини¸ қорнини¸ чўнтагини ўйлайди. Қозоғистон бўлсин¸ Ўзбекистон бўлсин тоза ишлайдиган органнинг ўзи йўқ. Одамга ëрдам тегадиган жойи йўқ. Чўнтагингизда пулингиз бўлса¸ ишингиз зўр бўлиб битиб кетади. Агар пул бермайдиган бўлсангиз¸ тамом. Бюрократияда бу. Икки йилдан бери паспортимнинг орқасидан Ўзбекистонга бора олмаяпман¸ дейди Қозоғистонда чўпонлик қилаëтган Азизбек.


"Билайннинг хизматидан қониқмаяпман!"

Россияда меҳнат қилаётган Расулжон ака кейинги пайтда Фарғонадаги яқинлари билан телефон орқали боғланиш қийинлашаётганини айтиб, Ўзбекистондаги мобил хизмати фаолиятидан қониқмаслиги ҳақида гапиради.

- Шундай вазиятлар бўлиб қоладики¸ бизнинг телефонимиз Ўзбекистонда қандайдир яхши ишламайди. Телефонни ëқамиз. Ҳар хил автоматик жавобларни ëзиб қўярдим. Мисол учун¸ ҳеч қачон Россияга қилганимизда ҳеч қанақа связ бўлмай қолмасдику. Ўзбекистонда айнан обеддан кейин соат 5 лардан бошлаб 8-9 гача умуман яхши ишламайди. Озиб-ëзиб бир тушиб қолишингиз мумкин. Тушиб қолсангиз ҳам пулингизни ечиб қўяди. Пулни ечгани билан вақтида бемалол гаплаша олсангизда. Ҳозир алоқа ривожланган даврку. Наҳотки шундай даврда Билайн шунақа бўлса.

Озодлик: Сиз Билайнда гаплашасизми?

- Йўқ¸ меники Мегафон. Лекин уйдагиларники Билайн. Билайннинг хизматидан қониқмаяпман. Наҳотки шу нарсани йўлга солиш мумкин бўлмаса? Битта мендан эмас. Москванинг ўзи¸ Москва вилоятида ишлаб юрган болалардан сўраб кўринг. Кечга яқин алоқа жуда ëмон бўлиб қоладида¸ дейди Расулжон ака.


"Мана ҳозир ҳамма жанозада иштирок этадику!"


Сурхондарёнинг Денов туманидан қўнғироқ қилган Абдулла Азимов президент Ислом Каримов сиёсатидан қониқишини айтиб, унинг шаънига мақтовлар ëғдирди.

- Мен президентимизнинг сиëсатини¸ уларнинг қаттиққўлликларини қўллаб-қувватлайман. Агар қаттиққўл бўлмаганларида¸ бизда ҳам Тожикистон ëки Қирғизистондаги воқеалар такрорланиши мумкин эди. Шунинг учун сиëсатини доим ëқлаб¸ қўллаб келганман. Мана 1991 йилда мустақил бўлган бўлсак¸ 20 йилда анча нарса ўзгариб кетди. Кўплар “Мустақиллик ëмон. Ҳеч нарса бўлмади” дейдию¸ лекин бундай ўйлаб қарасак¸ анча нарса ўзгарди. Мустақилликдан кейин кўплар диний тазйиққа учради¸ динга эътибор кам дейди. Союз пайтида ҳеч ким очиқ намоз ўқимас эди ëки ҳажга бормас эди. Керак бўлса¸ кўплар мансабидан қўрқиб жанозада ҳам иштирок эта олмас эди. Мана ҳозир ҳаммаси жанозада иштирок этади¸ намоз ўқийди. Ҳар йили 5000 дан зиëд одам Ҳажга бориб келади. Мана зиëратгоҳлар қайта таъминланди. Бемалол ҳамма бориб зиëрат қилиб келади. Союз пайтида унақа нарсалар йўқ эди. Мана мустақилликикка 20 йил бўлаяпти. 20 йилда шунча нарсага эришдик. Яна 20 йилдан кейин ривожланган давлатлар қаторига кирамиз деб ишонаман мен¸ дейди Абдулла Азимов.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG