Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:42

"Қирғизистондаги қонли воқеалар учун жорий ҳукумат жавобгар!"


Қирғиз милицияси 5 август кунги митингни қурол воситасида тарқатишга муваффақ бўлса-да¸ кузатувчилар бу митинг норозиликнинг сўнгги ифодаси эмаслигини айтмоқда.
Қирғиз милицияси 5 август кунги митингни қурол воситасида тарқатишга муваффақ бўлса-да¸ кузатувчилар бу митинг норозиликнинг сўнгги ифодаси эмаслигини айтмоқда.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби¸ генерал-майор Мирослав Ниëзов¸ 5 август куни Бишкек жорий ҳукумати учун туғилган яна бир таҳдид - бир неча юз кишилик оломоннинг ўз тўдабошисини Бош вазир этиб тайинлаши билан боғлиқ вазият ҳақида гапира туриб¸ шундай баëнот берди.



5 август куни Бишкек марказига йиғилган бир неча минг оломон ва кун адоғига бориб, уларнинг сонини 40 мингга етказиш тўғрисида “Мекен туу” партияси лидери Урмат Барқтабасов берган баёнот — мамлакатда яна янги тартибсизлик бошланармикин, деган хавотирни уйғотди.

Тушдан кейин Қирғизистон Ички ишлар вазири Қубат Байбўловнинг Бишкек марказидаги Қирғизшелк мавзесига йиғилган оломон орасида ҳокимиятни куч билан қўлга олиш истагида бўлган “жиноий унсурлар” аниқлангани ҳақида баёнот берганидан сўнг бу хавотирлар асослидай кўринди. Кечга яқин Барқтабасовни қувватлаган бир неча минг оломон мамлакат милициясининг аралашуви билан тарқалиб кетгани, ортидан эса Урмат Барқтабасовнинг ўзи ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Аммо, савол қолди: нима эди бу, апрел ойида Бишкекда, июн ойида эса Ўш ва Жалолободда содир бўлган қонли воқеалар ортидан кутилаётган яна янги тартибсизликларнинг аввалими ёки қирғизистонлик бир пулдорнинг ўз жонини қутқариш учун қилган саросимали уринишми?


Инкорни инкор қонуни

Урмат Барқтабасов – Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидан чиққан илк бизнесменлардан бири ҳисобланади.

Унинг қўшни Қозоғистон ва Бирлашган Араб амирликларида бир неча қурилиш компаниялари борлиги, хусусан, бир ой муқаддам Бишкекка ўз шахсий самолётида учиб келгани айтилади.

Гарчи Барқтабасовнинг қанча сармояси борлиги ҳақида ҳеч ким сўзламаётган бўлса-да, бироқ, унинг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва ҳатто, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан шахсий алоқаси борлигидан сўзлаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Шу боис, Барқтабасовнинг 5 август куни бирдан сиёсий саҳнада пайдо бўлиб, Ўтиш даври ҳукуматидан ўзига Бош вазирликни сўрашини тало-тум кунларда хорижда юриб, замон тинчиганда юртига қайтган пулдорнинг хархашаси сифатида баҳолаш тўғри эмас, деб ҳисоблайди қирғизистонлик сиёсатшунос Токтогул Қақчекеев.

- Уни Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон президентлари билан, бундан ташқари, Россия президенти бўлганда Владимир Путин билан ҳам яхши алоқада бўлган, бу муносабатлардан кўпроқ ўз бизнеси манфаатини кўзлаган, бизнес лойиҳалари пайидан бўлган пулдор, деб гапиришади. Аслида ҳам Қирғизистонга ўз самолётида учиб келган ва бир ойдан кейин мамлакат пойтахтида 40 минг кишилик намойиш ташкил қилган одамни нормал фикрлайдиган, капитализм дунёси имкониятларидан фойдалана оладиган бизнесмен сифатида қабул қилиш мумкин, дейди Токтогул Қақчекеев.

Аслида ҳам Барқтабасов ва унинг аввалига “Мекеним Қирғизтан”, кейин эса “Мекен туу” деб номланган сиёсий партияси 2005 йилга қадар мамлакат сиёсий саҳнасида ўзига яраша нуфузга эга сиёсий куч сифатида қаралган эди.

Аммо, "Лолақизғалдоқ инқилоби" деб аталган воқеалар вақтида бу партия ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринганликда айбланди ва шундан сўнг Барқтабасов мамлакатни тарк этди-ю, унинг сиёсий ҳаракатлари ҳам мутлақо сўнди.

Сиёсий таҳлилчи Кубан Абдимен 2005 йилда ҳам Барқтабасов худди бугунгидек бирдан пайдо бўлган ва унинг қўлида мамлакат иқтисодини ўнглаши мумкинлигига умид қилинган иқтисодий ислоҳотлар дастури бор эди, деб эслайди.

- Аммо кейинчалик таҳлилчилар, экспертлар тушундики, бу дастур охир-оқибатда Барқтабасовнинг манфаатига хизмат қиладиган, мамлакат учун фойда келтиришига ҳеч қандай кафолат бўлмаган ўйин эди. Бугунга келиб амалдаги ҳукумат ҳам Барқтабасов мамлакатни ҳозирги инқироздан олиб чиқиши мумкин бўлган жиддий сиёсатчи эмаслигини тушунди ва унга нисбатан 2005 йилда кўрсатилган муносабат кескин ўзгарди, дейди сиёсий таҳлилчи Кубан Абдимен.

Шу вақтгача Бирлашган араб амирликларида тинчгина бизнес қилиб юрган Барқтабасов бир ой аввал Бишкекка қайтиш ниятини билдирганда Роза Ўтунбаева етакчилигидаги Ўтиш даври ҳукуматининг, аввалига, унга узоқ вақт рўйхушлик бермагани бу таҳлилчи фикрини қувватлагандек.

Кубан Абдименга кўра, келганидан бироз ўтиб “Мекен туу” сиёсий партияси етакчиси Барқтабасов ошкор баёнот бермаган бўлса-да, партия сафини кенгайтириш ва парламент сайловларида қатнашиш ҳаракатига тушгани кузатилганидан сўнг¸ у амалдаги ҳукумат учун ортиқча бош оғриғига айланди, афтидан.

- Ҳозир у жиноий ҳаракатларга алоқадор бизнесменлардан бири сифатида кўрилмоқда. Бунга эса уни қўлга олиш ҳақида Қозоғистон ҳукумати Бишкекка йўллаган сўровнома асосида уни ҳибсга олиш тўғрисида санкция берилгани ҳам далолатдир. Афтидан¸ уни энди Қозоғистонга беришади, деб ҳисоблайди Кубан Абдимен.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, Барқтабасовнинг 5 август куни Бишкек марказида қилмоқчи бўлган намойишлари бу ҳокимиятни қуролли йўл билан қўлга киритиш истагидан кўра кўпроқ, ўз жонини қутқариш ҳаракатидир. Унинг Қозоғистон президенти билан яқин муносабатларда экани эса асоссиз гапдир.

Ҳам Қирғизистон ва ҳам Қозоғистон фуқароси бўлган Урмат Барқтабасов Қозоғистон прокуратураси томонидан фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилган. Қурмонбек Бакиев ҳукумати эса бу бизнесменни қуролли йўл билан ҳокимиятни қўлга киритишга уринишда айблаган.

Фуқаролиги бўлган ҳар икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирилаётгани боис Барқтабасовнинг Роза Ўтунбаева ҳукуматига Бош вазирликни сўраб қўйган ултиматуми ўзи теграсидаги вазиятни жиддийлаштириб кўрсатиш ва шу йўл билан ўзига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни ёпдиришга уриниши бўлди, дейди Кубан Абдимен.

Барқтабасовнинг 40 минг кишилик даъво билан бошланиб, бир – бир ярим минг атрофида одам йиғилган, кечга бориб эса тутундай тарқалиб кетган намойишларидан сўнг бу каби таҳлилчиларнинг фикрларида жон бордек туюлади.

Аммо қирғизистонлик яна бир таҳлилчи, муқаддам Қирғизистон хавфсизликни сақлаш тизимларида ишлаган Мирослав Ниёзов, афсуски, бундай уриниш биринчи бор эмас ва охирги бор ҳам эмас, дейди.

- Аслида¸ Қирғизистонда аҳоли норозилигига жиддий сабаб ва асослар бор. Амалдаги ҳукуматга халқ ишонмайди ва бу ҳукумат таркибида ҳам ўзаро якдиллик йўқ. Энг муҳими, бу ҳукумат ҳам апрел, ҳам июн воқеалари учун бевосита жавобгар. Бу факт. Бироқ ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олишни истмаяпти. Жавобгарликдан қочадиган ҳокимиятни эса халқ кўрди ва бундайлардан безор бўлди. Шу боис, амалдаги ҳукумат вазиятни назорат қилолмаяпти. Бундай шароитда эса мамлакатдаги барқарорлик исталган вақтда, исталган сценарий бўйича ўзгариши мумкин. Менинг фикримча, амалдаги ҳукумат мамлакатда бўлган кейинги қонли воқеалар учун жавобгарликни зиммасига олиши шарт, дейди қирғизистонлик таҳлилчи, мамлакат Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов.

Таҳлилчи фикрича, амалдаги ҳукумат Қирғизистондаги бугунги нобақарор вазиятни изга солишни кейинги қонли воқеалар учун жавобгарликни ўз бўйнига олишдан бошлаши лозим.
XS
SM
MD
LG