Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:43

ҲРУ Ғайбулло Жалилов ишининг қайта кўрилишини сўрамоқда


Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалиловга тайинланган узоқ муддатли қамоқ жазосини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Август ойининг бошида 9 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Ғайбулло Жалилов яна бир маҳкамага тортилди.

Ҳуқуқ фаолининг укаси Нурмат Жалиловнинг Озодликка айтишича, маҳкама деярли ёпиқ эшиклар ортида ўтказилиб, акасининг қамоқ жазоси 13 йилга узайтирилди.

- Аввалги судда акамга жиноят кодексининг 159-моддаси “Б” бандини, учинчи қисмини қўйишган экан, яъни тўққиз йил берган судда. Энди иккинчи марта бўлган судда 159-модданинг “А” бандини ҳам қўшишди. Энди шу моддани қўйиб тўрт йил берди. Адвокатни айтиши бўйича жами 13 йил бўлди, дейди Нурмат Жалилов.

Қашқадарё вилоят жиноий ишлар судидан Ғайбулло Жалиловга чиқарилган янги ҳукм борасида бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Жорий йилнинг 18 январ куни Бухорода ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкамада Ғайбулло Жалилов 9 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган эди.

Эндиликда унинг қамоқ муддати узайтирилганидан ташвиш билдириб, Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнот ёйинлади.

Ташкилотнинг ушбу баёнотида айтилишича, Ғайбулло Жалиловга нисбатан қўйилган айбловлар ва тўпланган ашёвий далиллар ишончли эмас.

Ҳюман Райтс Уотч Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалиловга тайинланган узоқ муддатли қамоқ жазосини қайта кўриб чиқишга чақиради.

Мазкур ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Вероника Зента Голдстон маълум муддат аввал Озодлик радиоси билан суҳбатда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг ëмонлашиб бораëтгани учун АҚШ ва Европа иттифоқининг қисман масъуллигини билдирган эди.

- Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидаги янгилик унинг бир маромда ёмонлашиб бораëтганидир. Аниқроғи, вазият ёмонлашаётгани йўқ¸ балки ёмон вазият ундан ҳам ёмонлашмоқда. Бу¸ албатта¸ ўта ташвишли ҳол. Масалан¸ яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов сиёсий айбловлар билан озодликдан маҳрум қилингани хусусида АҚШ ва Европа иттифоқи ўз хавотирини баланд овозда билдириши керак, деган эди Вероника Голдстон.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаолидир.

Мазкур жамият раиси, муҳожирликда яшаётган Абдужалил Бойматов Ғайбулло Жалиловга нисбатан ҳукмнинг яширин тарзда чиқарилиш сабабларини шундай изоҳлайди:

- Ғайбулло Жалилов 18 январда тўққиз йилга қамалган эди. Энди Мустақиллик байрами муносабати билан сентябр ойигача амнистия бўлиши кутилаётган эди. Қамоқ жазоси ўн йилдан кам бўлса, амнистияга тушиш эҳтимоли мавжуд эди. Биз ният қилаётгандик Ғайбулло Жалилов ҳам шу амнистияга илинишига. Лекин уни амнистияга туширмаслик мақсадида қамоқ жазосига яна қўшиб беришди. Улар яна сохта айбловлар қўйиб, сохта гувоҳлар топиб, ёпиқ эшиклар ортида маҳкама ўтказиб, унинг қамоқ муддатини 13 йилга чўзишди. Энди бу каби ҳолатлар битта Ғайбулло Жалиловга нисбатан эмас, балки Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган барча мухолифат вакиллари, ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистларга нисбатан давом этаётган кўринишдир. Масалан, Мурод Жўраев аллақачон чиқиши керак эди. Лекин ҳали ҳам чиқарилгани йўқ. Мамадали Маҳмудов ва бошқаларга нисбатан бу нарса давом этаяпти. Лекин ҳозир озодликда юрган, қамалмаган мухолифатчилар, ҳуқуқ фаолларига нисбатан босим ва тазйиқлар давом этаяпти. Масалан, Тошкентда учта ҳуқуқ фаоли - Татяна Давлетова, Владимир Ҳусайинов ва Анатолий Волковга нисбатан босим бўлаётгани маълум. Бу бутун мамлакат бўйича бўлаётган аҳвол. Бу энди жуда ачинарли аҳвол. Ўзбекистон мустақил бўлганига кейинги йил йигирма йил бўлади. Мана йигирма йилдирки, Ўзбекистон ҳануз демократияга эришмади, эркин бир давлатга айлана олмади, дейди Абдужалил Бойматов.

Ғайбулло Жалилов яқинларига кўра¸ у 2009 йилнинг 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган.

Орадан уч кун ўтиб, унинг милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸ 10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлди.

Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси¸ яъни конституциявий тузумга тажовуз қилиш¸ 161-моддаси бўйича қўпорувчилик ва 155-моддаси бўйича терроризм каби жами еттита моддаси бўйича айбланиб¸ ўтган йилнинг 24 ноябр куни маҳкамага тортилди.

Айблов хулосасига кўра, Ғайбулло Жалилов ва унинг шериклари Қаршидаги бир қатор объектлар, жумладан, Қарши шаҳар аэропорти ва Хонобод ҳарбий базасини портлатишга тил бириктирган.

18 январ куни Бухорода ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкамада Ғайбулло Жалилов 9 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

5 август куни эса Қаршида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкамада Ғайбулло Жалиловнинг қамоқ жазоси 13 йилга узайтирилди.
XS
SM
MD
LG