Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:44

Эркин микрофон - Ўзбекистон ўшлик ўзбекларни қабул қилиши керак


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилаётганларнинг аксарияти ҳамон Қирғизистондаги ўзбеклар тақдиридан ташвиш билдирмоқда. Тингловчи ва муштарийларимиздан бири, Иккинчи жаҳон уруши даврида юз минглаб турли миллат вакилларини боққан ўзбегим, нега ўзбекларни қабул қилмаяпти, деган жўн саволни берди.


Мелиснинг танобини тортадиган одам борми ўзи?


Ўшдаги вазиятни кузатаётган ўзбекистонликлар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришда давом этаяпти. Озодликнинг 40 йиллик мухлиси, қашқадарёлик суҳбатдошимиз Қирғизистон жанубидаги нотинч вазиятда Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовни айблайди.

- Америка нима қилаяпти? Россия мана жим ўтирибди. Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистонларнинг подшолари борку. Наҳотки шу Қирғизистонда Роза Ўтунбаевага “Эй сиз опа, подшо бўлдингиз. Нима қилаяпсиз? Қаëққа қараяпсиз?” дейишмаса. Ўзбекларнинг барини қириб ëтган Мелиску. Очиқдан очиқ айтаяптику. Роза Ўтунбаева президент бўлдим деб донор мамлакатлардан, Америкадан, Россиядан ëрдам сўрагунча, Мелисга ўхшаган чиновниклардан битта-иккитасини ушлаб олиб бориб қамаса бўлмайдими? Улар Роза Ўтунбаевани ҳам тан олмаяптику. Наҳотки битта мамлакатнинг подшоси битта одамнинг жиловини қайтариб, таъзирини бериб қўйишга қудрати етмасмикан. Нима қилади столини қучоқлаб ўтириб Роза хоним битта шаҳарнинг ҳокимини тартибга келтирса олмаса. Наҳотки бутун дунë шуни кўриб томоша қилиб ўтирибди? Одам тутаб кетаяптида ўзбек халқи раҳмимиз келиб,- дейди қашқадарëлик суҳбатдош.


Ўшликларни уйимга оламан

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи Ғофиржон ака қирғизистонлик ўзбеклар тақдиридан хавотир билдириб, уларни Ўзбекистон ўз паноҳига олиши шарт деб ҳисоблайди.

- Мен айтмоқчиманки, Ўзбекистон бекор қилди қирғизистонлик қочқинларни олиб кириб 10 кундан кейин чиқариб юбориб. Мен сизга айтсам уруш пайтида Ўзбекистон қанча миллатларга ëрдам берган. Қрим татарларга, туркларга, немисларга, украинларга, еврейларга, ўрисларга уруш пайтида ëрдам берган. Нима учун ҳозир тинчлик замонда ўзимизнинг миллатга эшик очмаслигимиз керак? Уруш пайтида менинг бобомнинг ҳовлисига тўртта оила келиб яшаган. Битта ўрис еврей, битта татар, иккита ўрис бизнинг ҳовлида турган. Бошқа миллатларга яхшилик қилган ўзбек халқи нега ўзининг халқига, ўшликларга эшикни очиб қўймайди? Ҳукуматнинг буларга қарашга пули йўқ бўлса, очсин границани. Уйига олиб кирсин, жой берсин деса одамлар чиқадику. Менинг ҳам битта оилани олиб келишга қурбим етади. Жойим ҳам етади бир оилага қарашга,- дейди қибрайлик Ғофиржон ака.


Қашқадарёда ҳам бензин йўқ

Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманидан қўнғироқ қилган Рустамжон Қашқадарёда ҳам бензин тақчил, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари олдида машиналарнинг турнақатор навбатларининг кети узилмаяпти, дейди.

- Бензоколонкаларга келган бензинни бир тонналаб сотади. Қолгани қўлга чиқиб кетаяпти.

Озодлик: Заправкада қанчаю қўлда қанча бўлаяпти?

- Қўлда 3000-3500 сўм. Заправканинг ўзида давлат нархида эмас. 1500-1800 ва ҳар хил.

Озодлик: Заправкага борсангиз, шу нархга бензин олиш мумкинми?

- Йўқ, ололмаймизда. Ҳафтасига ë келади, ë келмайди. Келган тақдирда ҳам очеред. Навбат кутиш керак. Кутган тақдирингизда ҳам ë тегади, ë тегмай қолади. Бир туманда кўп заправка бўлса ҳам ҳафтасига фақат биттасига келади. Шундай бўлгандан кейин навбат кутадиган машиналар ҳам кўпайиб кетади. Заправканинг олдида машиналар сони 500-600, ҳатто 800 тага чиқиб кетади. Унда ҳам хоҳлаганча бермайди. Кўп берса, 10 литр беради. Олти ëки етти тонна келадиган бўлса, ўшанинг бир тоннасини колонкада сотишади. Қолгани қўлга чиқиб кетади,- дейди деҳқонободлик Рустам.


Мухолифат бирлаш!

Ўзбекистон олийгоҳларидан бирининг ўқитувчиси Бобир Рашидов мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий-ижтимоий вазиятни яхшилаш учун ўзбек мухолифатчилари бирлашиши лозим деган фиркда.

- Мен бирликчи, эркчи ака-укаларга, "Бирлик"нинг раиси Абдураҳим Пўлатовга, "Эрк" раиси Муҳаммад Солиҳга мурожаат қилмоқчи эдим. Сизлардан мен илтимос қиламан. Бирлашиш керак. Бугун Ўзбекистон ҳозирги ҳукумат, ҳозирги президент томонидан танлаб олинган йўл туфайли ўзбек халқи жуда оғир сиëсий-ижтимоий-иқтисодий вазиятга тушиб қолган. Халқнинг жуда кўп муаммолари ҳал қилинмаган. Ойликларнинг кечикиши дейсизми, мамлакатда эркин матбуотнинг йўқлиги дейсизми, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг шафқатсиз равишда поймол қилинаëтганлиги дейсизми, сизлардан илтимос қиламан бирлашиш керак. Ҳар қандай шахсий манфаатларни, бир бирлари билан келишмовчиликларни йўқ қилиб бирлашиб, ватан йўлида, ватан озодлиги йўлида курашиш керак. Агарда мана шу ишни қилмасак, бизни тарих кечирмайди.

Озодлик: Сиз Ўзбекистонни бугунги вазиятдан олиб чиқиш мухолифатнинг қўлидан келади деб ўйлайсиз.

- Ҳа. Чунки "Бирлик" ва "Эрк" ғоялари ҳамиша долзарблигини йўқотмаяпти. Ўртага ташланган муаммоларнинг деярли 90 фоизи ҳал қилинмаган. Мана шундай муаммоларни ҳал қилиш, мен ўйлайманки, фақат Ўзбекистон мухолифатининг қўлидан келади. Бунинг учун эса фақат бирлашиш керак. Бошқа йўл йўқ. Бошқа йўл Ўзбекистоннинг эртасини ҳалокатга олиб боради,- дейди Ўзбекистон олийгоҳларидан бирининг ўқитувчиси Бобир Рашидов.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG