Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:42

Қамоқдан ҳикоялар


Ўзбекистонда Давлат мустақиллигининг 19 йиллиги нишонланаётган 1 сентябр куни Озодлик мухбири бу байрамнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида қандай нишонланишини сўраб, собиқ маҳбус ва яқинлари жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.


Суҳбатлардан маълум бўлишича, 1 сентябрни ўзбекистонлик маҳбус тонг саҳардан гимн куйлаганча тантанавор параддан ўтиш, кейин озгина ёғ солинган оқшоқ ошини ейиш ва шу куни тегадиган изн туфайли бироз-бироз оёқ чўзиб ўтириш билан ўтказади.


“Оғзимизда ош, кўзимизда ёш”


Тошкент шаҳри Бектемир туманида истиқомат қиладиган Клара Алимованинг ўғли 1999 йилдан буён қамоқхонада.

Ўғли билан йиллардан буён давом этиб келаётган икки-уч кунлик учрашувлардаги суҳбатлардан хулоса қилган Клара опа мустақиллик байрами ҳар қамоқхонада бир-биридан фарқли нишонланишини билади. Аммо битта ўхшашлик — бу куннинг Ўзбекистон гимнини жўровоз куйлаган ҳолда ўтказиладиган параддан бошланишидир ва бунда барча маҳбуслар мажбурий равишда иштирок этади.

- Парадда бошқа статядагилар баланд овоз билан айтишганда, булар ҳам оғзини қимирлатиб туришади. Бошқалар айтгани учун буларни айтмагани билинмаса керак-да. Мажбурда энди, - дейди Клара Алимова.

Суҳбатдошимизга кўра, фақат Жаслиқ қамоқхонаси бундан мустасно.

- Лекин Жаслиқ қамоқхонасида бунақа нарса йўқ. Хор-пор йўқ, отрядга, бошқа статядагиларга қўшиш йўқ. Уларни битта камерага 16 киши қилиб қамаб қўйишади. Рағбатлантириш, табриклаш, деган нарса йўқ, - дейди Клара Алимова.

Клара опа ҳар гал ўғли билан видолашиб келади, ўғли ҳам васиятлар қилади.

Икки кун олдин Клара опа ўғли 26 июл куни ёзган хатни қўлига олди. Жаслиқ қамоқхонасидан ушбу мактуб 28 август чиқарилган.

Икки кунда ота-онанинг қўлига етадиган маҳбус мактуби ҳам 33 кун темир панжара ортида банди қилинди гўё.

- Мустақиллик бизга қандоқ байрам бўлсин, оғзимизда ошу, аммо кўзимизда ёш бўлиб, болаларимиз у ерда ўтирса, мустақиллик бизга байрам бўлармиди?! Мустақиллик байрамига деб, ҳеч бўлмаса, 3-4 та болани озод қилишса ҳам майли эди. "11 йил ўтирдинг, энди озодликка чиқ" деса, шу болалар ҳам йўлини топиб кетар эди ахир! - дейди суҳбатдошимиз.

Тошкентлик Клара Алимова ўғлига жавоб мактубини ёзаяпти. Озодлик ўғилга мактуб дараги билан бирга онанинг байрам тилагини ҳам етказади.

- Айтадиган гапим - соғ-саломат бўлишсин, уларга яхши қараш қилишсин. Мен ўз ўғлимдан келиб чиқиб айтаманки, уларнинг айби йўқ, фақат ибодати, эътиқоди учун шунча азобларда ўтирибди улар. Энди ҳамма умидимиз Оллоҳдан! Ҳаммасини Оллоҳ билади, - дейди Клара опа.


"Таваллуд кунингиз муборак бўлсин!"

Қашқадарёлик Сайёра турмуш ўртоғини мустақиллик байрами билан қутлашни истар эди.

Аммо қамоқхоналар эшиги 20 августдан 10 сентябрга қадар таппа-тақ ёпилади. Ҳар йили. Байрам олдидан карантин.

Сайёранинг айтишича, турмуш ўртоғининг туғилган куни мустақиллик байрамига тўғри келади. Сайёра ҳар йили шу кунга посилка жўнатади.

- Ҳар йили сухариклар, новвот, асал, сариёғ жўнатаман. Улар: "Овқатлари ёғсиз, ёғ жўнатинглар, ширинлик жўнатинглар", дейди доим. Шунга сариёғ жўнатаман. Кейин ёнғоқ, майиз, бодом, шўрданак жўнатаман.

Озодлик: Ҳаммасини олишадими улар кеч бўлса ҳам?

- Ҳа, олишади. Бу нарсаларга тегмайди, деб айтади-ку менга, - дейди Сайёра.

Аммо таваллуд кунига аталган бу посилкалар ҳар гал тутқуннинг айнан таваллуд кунида қўлига тегмайди.

- Ҳар гал кечикиб олади. Вақтида борса ҳам, улар бир ой-бир ой ушлаб туриб, кейин беради. Хатларни ҳам шундай қилишади, - дейди суҳбатдош.

Сайёра бу гал ҳам посилка жўнатиш ниятида. Унинг қачон турмуш ўртоғи қўлига тегишини билмайди. Лекин Озодлик орқали аввалдан табрикларини йўллайди.

- У кишига узоқ умр тилайман. Иймонлари мустаҳкам бўлсин ишқилиб! Ҳамма-ҳаммалари фарзандлари бағрига соғу-саломат кириб келишсин! Яхши кунларда кўришиш барчамизга насиб қилсин! - дея дуо қилади суҳбатдошимиз.

Сайёрага ўхшаб тутқунликдаги яқинларини байраму таваллуд куни билан қутлаш истагида бўлган аёллар оз эмасдир ва уларнинг ҳам истаклари Сайёранинг сўзларидан фарқли бўлмаса керак.


Номаълум зобитнинг табаррук сўзи

Абдумалик — Жаслиқ қамоқхонаси собиқ тутқуни. У мустақиллик кунларида фақат маҳбусга бериладиган егулик бошқача бўларди, деб эслайди.

- Гўшти, картошкаси бўлади, сечкани устида ёғи бўлади. Шуни ўзлари ейишади. Ўша овқатни сал чиройлироқ қилиб, бизга беришади байрам кунлари, - дейди Абдумалик.

Сечка — оқшоқ. Жаслиқдаги оқшоқ, одатий оқшоқдан ҳам майдароқ.

- Бошқа қамоқхоналарда нормалний ошга ўхшаганроқ ош беришади лекин. Сал ёғлироқ қилиб. Попда, Товоқсойда. Товоқсойда ўзи яхши. Положенецларнинг ўзи ҳам байрамларда, Ҳайитда ош қилиб тарқатишади. Навоийда, Тоштурмада ҳам ош беришади, - дейди Абдумалик.

Аммо, суҳбатдошимизнинг эътироф этишича, маҳбуслар бу овқатни ейишдан емасликни афзал кўрарди.

- Ҳеч нарса емасдан ўрганиб қолгансиз. Бир кун кучли овқат берворади. У одамга тескари таъсир қилади. Шуни орқасидан одамлар ўладиям кейин, яъни ичи кетиб. У тузалмайди-да, у ерда даъволамайдиям. "Бир нарса керак", деб шикоят қилсангиз, олиб чиқиб кетишади-да, уриб-уриб, ўладиган қилиб, олиб кириб ташлашади, - дейди Абдумалик.

Умуман олганда, тутқун учун байрам куни бошқа кунлардан барибир ҳам бироз бошқача бўлади.

Байрамдан бошқа кунлар 4 кишилик маҳбусга мўлжалланган камерага қамалган 16 киши, одатдагидек, қўлларини боши орқасида қовуштириб, тиз чўккан ҳолда турмай, баъзи-баъзида оёқ чўзиб ўтиришга рухсат олади.

- Байрам кунларида баъзида оёқ чўзишга рухсат тегади. Қолган пайтда қўлингизни бошни орқасига қўйиб, кунлаб тиз чўкиб ўтирасиз. Менинг жисмим шунга ўрганиб қолгани учун, ҳозирам баъзида-баъзида уйда шунақа қилиб ўтираман. Чунки кўп юриб қўйсам, ҳаракат қилсам, умуртқам оғрийди. Чидолмасдан қўлимни бош орқасига қўйиб ўтираман кейин. Одамни шунчалик қийноққа солганларам одам-ку, нега бунақа қийнаркин, шуни ҳеч тушунмай қийналасизда! - дейди собиқ маҳбус.

Абдумалик Жаслиқда ўтган 2,5 йиллик азоб орасида булутни ёриб чиққан офтобдек татиган бир неча сонияни ёдга олади.

- Овқат берадиган туйнукни “кормушка”, деб қўямиз. Уни ким очишидан қатъий назар, гапни дарҳол баланд овозда сўкишдан бошлайди. Бир куни шу кормушка очилди. Лекин очган одам индамади. Ҳаммамиз ҳайрон бўлиб тешикка қарадик. Шунда ҳалиги одам индамай турди-да: “Мужики, сиқилманглар, эркак кишини бошида бўлиб туради бунақа нарсалар, ҳаммаси ўтиб кетади”, дейди шартта эшикни ёпиб қўйди. Камерада ўтирган 16 кишининг ҳаммаси йиғлади. Шунчалик оддий гапга ҳам зор бўлиб кетади-да одам қамоқда! - дейди Абдумалик.

Аммо бу ҳам байрам куни бўлмаган эди.

Бу Мустақиллик кунида эмас, бегим кунлардан бирида номаълум бир зобитнинг оғзидан чиққан ва 16 тутқун қалбига малҳамдек ётган бир неча табаррук сўз эди.

Абдумалик бу сўзни эшитган ва омон қолган камерадошларининг кейинги қисматларидан бехабар. Аммо уларга Рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган Ҳайит байрами муносабати билан табрик йўллайди.

- У ёғдагиларнинг ҳаммасига Оллоҳ нажот берсин! Мана бизниям у ердан чиқишга умидимиз йўқ эди. Мана ҳозир бу ёқларда юрибмиз. Уларга ҳам шундай озодлик кунлари насиб этсин, илоҳим! - дея тилак қилади Жаслиқнинг собиқ маҳбуси Абдумалик.
XS
SM
MD
LG