Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

"Ёшлар" "майда пашшачалар"дан тозаланмоқда


"Ёшлар" телеканали журналистларининг очиқ чиқишларини баъзилар мамлакатнинг икки асосий телеканалларидан биридаги ҳокимият учун кураш ўлароқ баҳолмаоқда.
"Ёшлар" телеканали журналистларининг очиқ чиқишларини баъзилар мамлакатнинг икки асосий телеканалларидан биридаги ҳокимият учун кураш ўлароқ баҳолмаоқда.

“Ёшлар” телеканалида “тозалаш” бошланди. Телеканалнинг икки ходими ўз лавозимини суиистеъмол қилганлик ва порахўрликда айбланиб ишдан бўшатилишига журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телеканалдаги муаммолар ҳақида қилган чиқишлар сабаб, деб кўрилмоқда.


“Ёшлар” телеканали журналисти Саодат Омонованинг Озодликка айтишича, ўзи ва ҳамкасби Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги муаммоларни оммага ошкор қилганидан “Ёшлар” каналида “тозалаш” ишлари бошланди.

- Президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов миллий телерадиокомпанияга келиб кетган эканлар. Ўшандан кейин “Давр”да масъул котиб бўлиб ишлаган Дилбар Қосимова, кейин Ëшлар телерадиоканали техник масалалари бўйича масъул Дилшод Муҳаммедов ишдан бўшатилган. Асосий йирик-йирик маблағларни ноқонуний ўзлаштираëтганлар қолиб, булар кетишганда. Уларга иш жараëнида ўз лавозимини суиистеъмол қилганини важ қилиб, кўрсатишган, деб айтишди. Шунингдек, пора олишлар тасвирга жўнатиш жараëнида, деган айбловлар бўлди. Лекин Бальзак айтганидек, қонун майда пашшачалар илиниб йириклари қутилиб қоладиган тўр бўлмаслиги керакда. Афсуски, миллий телерадиокомпанияда бу сафар шундай ҳолат юз берди ва ўша катта наҳанглар сувдан қуруқ чиқишди, дейди Саодат Омонова.

“Ёшлар” телеканали мутасаддилари бу ташкилотда рўй бераётган ходисаларни изоҳлашдан бош тортди.

30 август куни журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар Озодлик орқали президент Ислом Каримовга мурожаат қилиб, телерадиокомпанияда авж олаётган маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, иқтисодий жиноятлар ва цензура каби муаммолар авж олганига эътибор қаратишни сўраган эди. Журналистларнинг иддаоларига кўра, ҳукумат доирасидаги айрим шахслар ҳомийлигида "Ёшлар" канали директори Хайрулла Нуриддинов ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаев давлат пулларини ўзлаштириш, таъмагирлик, ижтимоий тенгсизлик каби қонунбузарликларга муккасидан кетган.

Расмий матбуотда ишлайдиган икки журналистнинг давлатга қарашли телеканалдаги муамммоларни оммага очиқлаганини баъзилар жасорат, дея баҳолаётган бўлса, бошқалар буни ҳокимиятдаги айрим доиралар буюртмаси билан қилинаётганини айтмоқда.

Ошкора чиқишларини махсус буюртма, деяётганларга жавобан журналист Саодат Омонова бундай жавоб қатарди:

- Бу бўлмаган нарса. Биз цензурага қарши чиқдик биринчи ўринда. Биз ўша маҳаллийчиликка қарши чиқдик. Мен ўқидим ҳатто интернетда ҳам “буларга лавозим керакдир, буларга пул керакдир”, деган гаплар бўлаяпти. Гап ундамас. Гап ноҳақликда. Бизнинг президентимиз ҳам айтганлар “Одам ҳар қанақа қийинчиликка чидаши мумкин, лекин ноҳақликка чидай олмайди. Биз ноҳақликка қарши бош кўтардик. Одамлар, бошқалар нима деса, деяверсин. Лекин орқамизда ҳеч ким йўқ, дейди Саодат Омонова.

Малоҳат Эшонқулова ҳам танқидий чиқишлари шахсан ўзинининг ташаббуси эканини айтади.

- Журналист учун энг оғир нарса, энг уятли нарса бировнинг қўлида қурол бўлиш, деб ҳисоблайман шахсан мен. Мен нимаики қилган бўлсам, виждоним буюрган ишни қилганман аввал бошдан ҳам. Ҳар доим айтаман “Менинг орқамда президент турибди. Бошқа ҳеч ким эмас”, деб. Мен қонун устуворлигига ишониб, президентга ишониб, бошлаганман мана шу ноҳақликларга қарши курашни. Агарда менда ўша ишонч бўлмаганда эди, мен ҳақсизликларга, маҳаллийчиликка, порахўрликка, цензурага, таниш-билишчиликка, гуруҳбозликка, ижтимоий тенгсизликка қарши бош кўтармаган бўлардим, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Журналист Омоновага кўра, айни пайтда унга нисбатан босим ва тазйиқлар кучайган.

- Телефонларимиз тингланаяпти, орқамиздан одам қўйилган. Кузатишаяпти, билаяпмиз. Интернетдаги хатларимиз очиб ўқилаяпти. Кимдир бизларни текшираяпти. Мана шуларнинг ўзи тазйиқ эмасми? Съëмкага чиқаришмаяпти, масалан. Ҳар куни бораман келаман, бораман келаман. Нимага ишга чиқаришмаяпти? Кеча Шайҳонтоҳур ички ишлар бўлимидан келишди уйга, дейди Саодат Омонова.

Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси журналисти Ёқубжон Хўжамбердиев икки ҳамкасби иддаоларининг айримларини инкор қилиб, баъзиларида жон бор, деган фикрни билдиради.

- Мен Саодат Омонова билан ҳам, Малоҳат билан ҳам шахсан таниш эмасман. Лекин уларни кўрсатувлари орқали танийман. Уларнинг бевосита – Ëшлар телевидениеси ҳақида чиқишларига келганда шуни айтиш керакки, менинг назаримда шамол бўлмаса, дарахтнинг барги ҳам қимирламайди. Уларнинг айтган гапларида қандайдир жон борки, ўша ерда мана шундай нималар бўлаяпти. Агар Саодат Омонованинг айтган гаплари ëлғон бўлса, уларга қарши бир чора кўрилсин. “Сенинг гапинг унақа эмас бунақа”, деб тушунтириб берилсин. Тушунтириб берилмаса, буларнинг чиқишларига муносабат расмийлар томонидан айтилмаса, мана шундай гап-сўзлар кўпаяверади.

Озодлик: Ëқубжон ака, айнан сиз ишлаëтган редакцияда цензура борми?

- Цензура йўқку ўзи. Цензура аллақачон олиб ташланган. Бизнинг ўзимизнинг ичимизда цензура бор. Жумладан менинг ўзимнинг ичида ҳам, кўраëтган материалимни қараб, “Бугунги сиëсатга тўғри келадими келмайдими?”, деб тарозига солиб кўрасиз. Ҳамма фожиа шундаки, ҳамма нарсанинг бугунга тўғри келиш келмаслигига қараб, баҳо бераëтганимизда. Ҳамма фожиа шунда, дейди Ёқубжон Хўжамбердиев.
XS
SM
MD
LG