Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:35

Пешонага ёзилгани шу


Пахтани камбағалнинг боласи теради, дейди "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимиздан бири.
Пахтани камбағалнинг боласи теради, дейди "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимиздан бири.

Чоршанба куни ҳам "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мухлисларимиз асосан пахта мавсумига оид муаммолар, ҳокимият вакилларининг бедодликлари ва ҳақсизликлардан гапирар экан "пешонага ёзилгани шу эканда", деган аччиқ тўхтамга келади.


Ҳаққимни талаб қилиб калтак едим


Сурхондарёнинг Шеробод тумани маркази Ғамбур маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони, 35 ёшли Насиба Қурбонова турар-жой ўрни учун маҳаллий раҳбарлардан бирига пора бериб, алданганини айтади. "Ўз ҳаққимни талаб қилиб борганимда, мени калтаклашди", дейди Насиба опа.

- 2009 йил 29 сентябрда таëқ еган эдим.

Озодлик: Кимдан таëқ еган эдингиз?

- Шеробод истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти борку. Ўшанинг катта раисининг оиласидан таëқ еган эдим.

Озодлик: Раиснинг ўзидан таëқ едингизми?

- Раиси билан хотинидан. Оиласи билан қўшилишиб мени урган эди.

Озодлик: Нима учун?

- Мен участка олмоқчи бўлган эдим. Мана истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга ëрдам берадику. Ўшанга менга “участка олиб бераман”, деб мендан пул олган эди.

Озодлик: Қанча олган эди?

- 2007 йил 500 минг пул олган эди. Бордим, пулни сўрадим. Мен ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Ҳозир шароитим йўқ. Уй-жойим ҳам йўқ. Шунга уй қуришга участка олмоқчи эдим. Мана ер участка бўладику. Мен олмоқчи бўлиб ҳокимга мурожаат қилмоқчи эдим. У мени алдаб, мендан пул олганда. Шу пулни беради деб бориб келдим. Бермади. Охири мени хонасига чақиришиб уришди булар.

Озодлик: Сизнинг калтак еганингиз у кишининг кабинетида бўлган-а?

- Ҳа. Ишчилари ҳам бор эди. Ишчилари ажратиб олишди. Мен таëқ еб, икки қовурғам синиб, бошим чайқалган. Беш марта экспертизадан ўтдим. Термиздан икки марта ўтганман, Шерободдан бир марта ўтганман, Қашқадарëдан ўтганман, Тошкентдан 12 июл куни ўтиб келдим.

Озодлик: Калтак еганингиз бўйича ҳуқуқ-тартибот опрганларига мурожаат қилганмисиз?

- Президент девонига чиққанман. Улардан хат келди. Бош прокуратурадан хат келган, Ички ишлар вазирлигидан хат келган. Лекин булар ҳеч инобатга олишмаяпти. У ëқдан хат келаяпти, аммо бу ëққа келиб тўхтаб қолаяпти. Бу ëқдагилар умуман қимирлашмаяптида. Резинкадай қилиб чўзишиб, ишимни амалга оширишмаяпти, дейди шерободлик Насиба Қурбонова.


Пахтани камбағалнинг боласи теради

Хоразмлик Жасурбек мактаб ўқувчилари пахтага чиқарилганини айтар экан, пахта мавсумида ҳокиму мактаблар раҳбарлари болалар ҳисобидан "молиявий аҳволини яхшилаб олишдан ҳазар қилмайди", дейди.

- Пахта масаласи бўйича гапирмоқчи эдик. Укаларимизнинг ҳаммасини пахтага олиб кетган. Пахта ишидан ҳамма фойдаланади. Ҳокимдан тортиб мактаб директоригача. Қандай қилиб? Мактаб директори масалан, 100 бола пахтага чиқиши керак бўлса, 50 бола чиқади. Қолган 50 боладан пулини олади. Заводларга пахта ўтадию, унда ҳам фойдаланилади. Қандай қилиб? Пахтадан қолган ҳар бир бола бир тонна пахта ўтказиб беради.

Масалан, районлардан 100 бола пахтага чиқиши керак тўғрими? Мактабдан 100 бола чиқиши керак. Шундан фақат камбағалларнинг болаларигина пахтага боради. Бойнинг болалари пахтага бормайди. Қолган болалар мактаб директорига пул беради. Қолган болаларнинг дадалари мактаб директорларига 100-150 минг олиб бориб беради. У туман халқ таълими бўлимига беради.

Озодлик: Хоразмда пахтага нечанчи синфлар чиқарилди?

- 7-синфдан юқорилари чиқади. Ундан кичиклари кунига боради. Эрталаб кетишади, кечқурун автобусда олиб келиб қўйишади. 7-синфдан катталарини ëтадиган қилиб олиб кетишади. Буларнинг бориб ëтадиган жойида на сув бор, на газ бор, на бошқаси бор. Берадиган овқати ҳам тайинлимас. Умуман шароит йўқда. Болалар совуқда ëтади. Масалан, бой одамлар болаларини юбормайди. У ерда касал бўлишини билади. Камбағалнинг 100-200 минг тўлашга пули йўқ. Кейин нима қилади? Юборади. Кейин у пахта шийпонларида касал топади. Шунинг учун бизда ëш болаларнинг касали кўп, дейди хоразмлик суҳбатдошимиз Жасурбек.


Еганимиз фақат макарон

Бухоро шаҳридаги заводлардан бирининг ишчиси Одилбек ўтган шанбадан бошлаб завод ишчилари пахта далаларига жўнатилганини айтиб, даладаги шариотлар ёмонлиги ҳақида гапиради.

- Пахтага чиқдик ëтоқлай. Ëтоқда ëтиб турамиз.

Озодлик: Нечта одам чиқди пахтага заводдан?

- 100 та одам.

Озодлик: Қаерда тераяпсизлар пахтани?

- Чўл деса бўлади.

Озодлик: Норма бердими?

- Ҳа албатта. Ҳар куни 100 килодан.

Озодлик: Тераяпсизларми 100 килони?

- Қанақа 100 кило? Қизиқсизей. 26-30 килода.

Озодлик: Пахтанинг килосига неча пул бераяпти?

- 100 сўм.

Озодлик: Еб-ичиш қанақа бўлаяпти?

- Овқатининг тузи йўқ.

Озодлик: Нима овқатлар ейсизлар?

- Сув, макарон тамом.

Озодлик: Гўшти борми ичида?

- Гўшти бор. Пешонага ëзилган бўлса, тушиб қолади, ëзилмаган бўлса, тушмайди. 10 литр сув, бир кило макарон, дейди бухоролик Одил.


Хорижга газ сотиб, ўзимиз тезак ёқамиз

Фарғонанинг Учкўприк туманидан қўнғироқ қилган Илҳомжон ака туман аҳлига газ етиб келмаётганидан гап очди.

- Ўзимизда чиққан табиий газ ўзимизга етмайди. Қишин-ëзин газ бўлмайди.

Озодлик: Учкўприкда газ йўқми?

- Газ йўқда умуман. Табиий газ ўзимизнинг Бухородан чиқадию. Ўзимиздан чиққан газ керак бўлса чет элларгача борадию, ўзимизда йўқ. Ўзимиз тезак, ўтин ëқаяпмиз. Қишин-ëзин пулини тўлаймиз, газ ëқмаймиз.

Озодлик: Газ неча йилдан бери йўқ?

- Уч-тўрт йил бўлди. Ëнади мотор орқали. Газ тортадиган моторларни мослаб олганмиз. Ўшалар билан ëқамиз. У ҳам хоҳласа бўлади, хоҳласа бўлмайди. Мотор орқали газ тортамиз. У ҳам пулини сўраб келиб олади худди нормалний газ ëнгандай қилиб.

Озодлик: Мутасадди ташкилотлар нима дейишади? Мурожаат қиласизларми?

- Уларга фарқи йўқ. Қизиғи йўқ уларга. Бўлмаса, узиб ташла дейди. Агар узиб ташласангиз, ҳар-ҳар замонда ëнаëтган газдан ҳам қуруқ қоласизда¸ дейди учкўприклик Илҳомжон ака.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG