Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:48

Ўзбекистон раҳбарининг БМТдаги нутқи қирғизларга ёқмади


Қирғиз сиёсатчилари Ўш воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишни талаб қилган Каримовга Андижон воқеаларини рўкач қилмоқда.
Қирғиз сиёсатчилари Ўш воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишни талаб қилган Каримовга Андижон воқеаларини рўкач қилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан Қирғизистонда рўй берган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақиргани қирғизистонлик сиёсатчиларнинг норозиликларига сабаб бўлди. Оддий ўшликлар эса, Каримов бу масалани аввалроқ кўтариши керак эди, демоқда.


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш масалаларига бағишланган саммитида қилган чиқишида Марказий Осиё минтақси учун долзарб бўлиб турган масалалар қаторида Қирғизистонда рўй берган воқеаларга алоҳида тўхталди.

Президент Каримов, Қирғизистон жанубида рўй берган хунрезликлар юзасидан халқаро текширув ўтказиш ва оммавий қирғин учун масъулларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Қирғизистонлик бир қатор сиёсатчилар, 2005 йилдаги Андижон қирғини юзасидан мустақил текширув ўтказишга рухсат бермаган Ислом Каримов, Ўш воқеалари юзасидан тергов ўтказилишини талаб қилишга маънавий ҳуқуқи йўқ, деган фикрдалар.

Турсунбек Ақун Қирғизистон Омбудсмени:

- Агарда Каримов текширувни талаб қилса, унда халқаро текширувчиларни фақат 2010 йилги Ўш воқеасини эмас, Андижон воқеасини текшириш учун ҳам, икки тарафлама юбориш керак. Каримовнинг буни талаб қилишга маънавий ҳуқуқи йўқ. Биз қўшни давлатнинг ички ишига аралаша олмаймиз. Каримов ҳам бизнинг ички ишимизга аралаша олмайди,- дейди Қирғизистон Омбудсмени.

Унинг айтишича, Ўш воқеаларини текшириш учун Қирғизистонга халқаро комиссиянинг келиши масаласи Ислом Каримов нутқидан аввал ҳал қилиб бўлинган. Ҳозирда Скандинавия мамлакатлари ташаббуси билан мустақил комиссия тузилиши ва унинг Қирғизистонга келиши кутилмоқда.

Қирғизистонлик сиёсатчи Бектемир Мурзаубраимов ҳам Ислом Каримовнинг Ўш воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказиш талаби ўринсиз бўлди дейди:

- Каримов Ўш воқеалари пайтида биронта ҳам фуқаросини Қирғизистонга чиқармай, “Биз бу ишларга аралашмаймиз, бу Қирғизистоннинг ички иши” деб, ўзининг Ўрта Осиёдаги лидерлик сифатини, позициясини яхши кўрсатган эди. Каримов ўша позицияда қолиши керак эди. Агар Каримов “Ўш воқеасида нима учун ўзбек қардошлар кўпроқ жабирланди?” деган маънода гапирса, тўғрироқ бўларди,- деди Бектемир Мурзаубраимов.

Айни пайтда қирғиз расмийлари ҳам Ўш воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказилишига қарши эмасликларини билдириб келишмоқда:

- Бизнинг президентимиз: “Мустақил комиссиянинг киришига қарши эмасмиз”, деган. Халқаро комиссия келиб, бу воқеаларни текширсин, деб чақиряпмиз. Бу масала кўпдан бери айтиб келинмоқда,- деди Қирғизистон хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов.

Бироқ айрим ўшлик ўзбеклар маҳаллий расмийлар ва бошқа давлат раҳбарларининг Ўш воқеаларини мустақил текширувдан ўтказиш борасидаги сўзларини қуруқ сафсата сифатида баҳолашади.

- Бу гаплар 11-14 июндан бери айтиб келинябди. Бироқ бу сафар ҳам натижасиз қолиб кетади, деган фикрдаман. Бунгача Ўшга ОБСЕ полицияси киритилади, дейилди, халқаро мустақил текширувчилар киради, деди. Жуда кўп ваъдалар берилди. Бироқ дунё ҳамжамияти томонидан хеч қандай ҳаракат қилинмаяпти. Каримовнинг айтган гапи ҳам натижасиз, эътибордан четда қолиб кетади,- деди исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.

Ўшлик Хайрулло ака эса Каримов бу масалани бемаврид кўтарди, деган фикрда.

- Бу масалани 1-2 ой олдин кўтариш керак эди. Ҳозир, ҳаммаёқ тинчиб, ҳаёт ўз изига тушаётганида Каримовнинг бу гапи нотўғри деб ўйлайман,- дейди ўшлик Хайрилло ака.

Бироқ Иброхимжон ака Ўш воқеаларини мустақил текширувдан ўтказиш масаласини Каримовгина эмас, Марказий Осиё давлатларининг бошқа раҳбарлари ҳам кўтариши керак, деган фикрда:

- Вазият изга тушаётгани йўқ, ички аҳвол ўзимизга, одамларга сезиляпти, лекин давлат вазиятни изга солиш ўрнига кўзини юмиб турибди. Қўшни давлатлар ҳам кўзини юмишаяпти, бу яхшимас. Агар Марказий Осиёда Ўш воқеаларига ўхшаш ҳолатлар такрорланишини исташмаса, бу масалага қўшни давлатлар ҳам аралашиб, тез кунда халқаро текширув масаласи ҳал қилиши керак, - деди ўшлик Иброхимжон ака.

БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш масалаларига бағишланган саммити 22 сентбргача давом этади.

Маълумотларга кўра, Ню Йоркда бўлиб ўтаётган БМТ йиғинига борган Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашган.

Учрашувда томонлар икки мамлакатдаги сиёсий вазият ва барқарорликни сақлаб қолиш мавзусини муҳокама қилганлари айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG