Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:22

Пахта 2010 -- Прокурор, курсант ва оддий ишчи


Бу йилги пахта мавсуми миллионлаб ўзбекистонликларнинг ёдида қоладиган кўринади.
Бу йилги пахта мавсуми миллионлаб ўзбекистонликларнинг ёдида қоладиган кўринади.

Қизириқлик фермерлар пахта режасини бажаролмаётганлиги учун прокурордан калтак еди. Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Академияси курсантлари пахта даласида ялло қилиб, мардикорларга пахта тердиряпти. Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводи ишчилари ҳам пахта теримига сафарбар этиляпти.


Бу Ўзбекистонда давом этаётган пахта терими мавсумига оид баъзи чизгилар.

Муштумзўр прокурор


Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги "Кунчиқиш" фермерлар уюшмасининг пахта режасини бажаролмаётган фермерлари деярли ҳар куни туман прокурори Дилшод Файзиевдан калтак емоқда, дейди Озодлик билан суҳбатда ўз исмини ошкор этмаган қизириқликлардан бири:

- Фактлар билан айта оламан. Режани бажармаëтган фермерлар бор. Масалан, “Карим” фермер хўжалигининг бошлиғи Карим Менглибоевни ураяпти, Хўжаëр фермерни ҳам ураяпти. Умуман олганда режасини бажармаган фермерларнинг ҳаммасини ураяпти. Бу ерда беш-олтита фермерлар борда. "Кунчиқиш" фермерлар уюшмаси бўйича юқоридан прокурор пахтани бажаришга масъул қилиб қўйилган,- дейди фермер.

Хўш, қаерда ва қандай ҳолатда прокурор сизларни калтаклайди, деб сўрадик фермердан.

- Пахта қабул қилиш пунктида бўлади. Мана кечқурун тўққизда чақиради. “Масалан, сен эртага қанча тонна пахта топширасан? Қанча ваъда берасан?”, дейди. Масалан, “Эртага 4 тонна олиб келаман”, дейди. 4 тоннани олиб кела олмайсиз. Чунки йўқ. Далада ҳеч нарса қолмаган. Фақат ғўзапоянинг ўзи қолган. Йўқ ҳеч нарса. “Қани кечаги ваъданг?”, дейди. Кейин прокурор шапалоқлаб ўнг, чап юзларига уриб, кейин орқангиздан келадида тиззаси билан орқага тепади. Ўзимни ҳимоя қиламан десангиз, у ерда яна милицияни чақиради. “Олиб бориб қамаб ташла”, дейди. “Шартномани сен қилганмисан? Нима учун бажармаяпсан?”, дейди. Бунинг объектив, субъектив томонларини ҳеч қачон кўриб чиқмайди. Ҳисобга ҳам олмайди. Прокурорнинг ўзи ургандан кейин яна нимани кутиш керак? Ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш учун яна кимга мурожаат қилишингиз керак.

Бу йил объектив сабабларга кўра, пахта ҳосили яхши бўлмади, "Кунчиқиш" фермерлар уюшмасига туман ҳокимиятидан вакил қилиб қўйилган прокурор эса, бу сабаблар билан қизиқмайди. Унинг гапи битта: "ерни тагидан бўлса ҳам топиб режани бажарасан", дея давом этади қизириқлик фермер.

- Режани бажармасликнинг сабаблари бор. Керакли пайтда дори бермаган, керкли пайтда соляркани қилиб бера олмади. Биз ишлашимиз керак бўлган пайтларда бу ëқда йиғилиш ўтказди, селектор ўтказди, у ëқда бўлса иш қолиб кетди. Мана шундай. Биз далада ишлашимиз керак эди. Қанча гапи бўлса, далага келиб қилса бўларди гапини ўша раҳбарлар. Лекин иссиқ кунларда ҳокимиятнинг битта залига йиғиб олиб, димиқтириб, у ерда ҳам сўкиб, ҳаммани ҳақорат қилиб ўтказган эди. Мана охир-оқибатда нима бўлди. Деҳқон ҳокимиятнинг селектор залида эмас, далада бўлиши керакку,- дея қизишиб гапиради қизириқлик фермер.

Хўш, далада пахта қолмаган бўлса, фермер режани қаердан уддалаши мумкин. Бунинг йўлини прокурорнинг ўзи шаъма қилиб айтяпти, дейди суҳбатдошимиз.

- Мен билмайман. Фақат бажарасан, дейди. Қандай бажаришни сенга айтайми? Тарозибонга борасан. Кечқурун ҳалигига учрашсанг, йўлини сенга айтади. Тушундингми?” У “ҳа”, дейди. “Тамом мен кетдим”, дейди.

Фермернинг айтишича, пахта қабул қилиш пунктларида тарозибонлар фермерлар топшираётган пахтанинг намлиги ва ифлослигини баҳона қилиб анча пахтани уриб қолишади. Ва ана шу пахтани пахта қабул қилиш пунктлари хўжайинлари қоғозда яна фермерга қайтариб сотадилар.

Озодлик радиоси фермернинг бу гапларига муносабат олиш учун Қизириқ тумани прокурори Дилшод Файзиев билан телефон орқали боғланди.

- Уларнинг гапларида ҳеч қандай асос йўқ, дея гапни қисқа қилди прокурор Дилшод Файзиев.

Милиция Академияси "теримчилари" "ғайрат" қилмоқда

Сурхондарёда прокурорлар фермерларни калтаклаётгани ҳақида хабарлар келаётган бўлса, Жиззах вилоятининг Арнасой туманида пахта тераётган Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Академияси курсантлари ўзларининг ўрнига одам ёллаб, пахта тердирмоқда. Бу ҳақда арнасойлик фермер Оязимхон Хидирова буларни гапириб берди.

- Академия шу ерда. Бемалол хотинлар академияга териб ëтибди. Билган қиз билган ўйинини ўйнаяпти, билган хотин билганидай қилиб ëтибди. Ҳамма ердан келган академия пулни бериб уриб тердириб ëтибди. 450 та курсант келган. Ўзи термайди. Самарқанддан, Дўстликдан, Пахтакордан келган хотинлар, ўзимизнинг ва қўшни совхоздагилар териб беради. Курсантлар 150 сўмдан бераяпти. Ўзлари сояда ëтади оëғини кўтариб. Обедда курсантларга қилинадиган овқатни олиб бориб беради. Еб ëтади шуни. Коммерсантлар бўлади. Уларнинг нарсасидан сотиб олиб беради. Чиройли-чиройли қизларни хоҳлаган тарафига айлантиради. Яна кечқурун олиб келиб ташлаб кетади,- дейди фермер Оязимхон Хидирова.

Бир кун ишчи бир кун теримчи

Ўзбекистондаги пахта мавсуми кунсайин қизғин паллага кирмоқда. Мактаблар ўқувчилари, коллеж-лицейлар, олийгоҳлар талабалари пахта теримига жалб қилинган. Ҳатто саноат корхоналарининг ишчилари ҳам навбат билан пахта теримига сафарбар этилмоқда. Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводи ишчилари ҳам далага ҳайдалди, дейди фарғоналик Исмоилжон Маллабоев.

- Сафарбарлик авжида, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан пахтага шундай ҳайдашаяптики, ҳайрон қоласиз, булар ишчими ёки пахтакор? Заводнинг кунботар томонига автостоянка қурган. У ердан ҳеч ким юрмайди. У ердан автобуслар одамларни уйларига таширди. Ҳозир пахтага ташияпти. 10 кундан жўнатишган эди биринчи кунлари. Ҳозир ëтадиган қилиб 12 кунга жўнатишаяпти. Кўрпа-тўшаги билан бораяпти ишчилар. Кундуз куни ҳам олиб бораяпти. Бу ëтоқдан ташқари. Пахта сафарбарлиги ҳозир ҳарбий ҳолатга ўхшайди бу ерда. Киргилида "Дружба" кинотеатримиз бор. Унинг ëнига азот заводидан одамларни тўплаб, у ердан роса жўнатаяпти. Йўлда кетаëтган Дамасларни тўсишиб, ичидан пассажирларни тушириб юбориб, уларни ҳам пахтага одам ташишга мажбур қилишаяпти,- дейди Исмоил Маллабоев.
XS
SM
MD
LG