Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:43

Ўшда ҳибсга олинган ўзбеклар қийноқларга солинмоқда


Каромат опа асосан ўзбеклар қурбон бўлган воқеаларда айбланаётганларнинг аксарияти ўзбеклар эканидан ҳайрон қолаётган юзлаб оналарнинг биридир.
Каромат опа асосан ўзбеклар қурбон бўлган воқеаларда айбланаётганларнинг аксарияти ўзбеклар эканидан ҳайрон қолаётган юзлаб оналарнинг биридир.

"Биз Қирғизистон фуқароси бўлсак, Конституцияда Қирғизистон миллатчилар давлати, деб ёзилмаган бўлса, нимага бизнинг ҳақ -ҳуқуқимиз чекланади? Нима учун бизнинг бегуноҳ болаларимиз турмаларда азобланади?" Ўшлик Каромат опанинг бу саволларига Қирғизистонда жавоб берадиган одам топилмаяпти.


44 йилдан бери ўқитувчилик қилиб келаётган Каромат опа Ўш воқеаларидан сўнг судма-суд юриб ковуши йиртилаётган ўзбек оналаридан бири.

Каромат опанинг айтишича, шу йилнинг 10-14 июн кунлари Ўшда содир бўлган қонли воқеаларда уларнинг маҳалласида яшовчи қирғиз одамнинг уйи ҳам ўзбекларнинг уйи билан бирга ёниб кетган.

21 июнда эса унинг ёлғиз фарзанди Тўлқинни Ўш шаҳар молия полицияси ҳодимлари қирғиз қўшнисининг уйига ўт қўйганликда айблаб, иш жойидан қўлга олиб кетишади.

Каромат опанинг айтишича, ўғли қирғин кунлари ўз уйида бўлмаган ва қўшнисининг уйига ўт қўймаган. Опа ўғли қўлга олинганидан кейин уни уч кун излаб, Ўш шаҳар молия полициясидан топганини, у ерда ўғлини молия полицияси ҳодимлари қийноққа солаётганини кўрганини айтади:

- “Горбаня”нинг ёнида солиқ полицияси биносининг тепасида, 3-қаватда молия полицияси бор экан. У ерга борсам ўғлимни роса қийнаб, уриб, қонга ботириб қўйган экан. Қоровулхонанинг кичкина тешикчасидан ичкарида ким бор экан, деб қарасам, ўғлим ўтирибди қонга бўялиб. “Вой жоним болам, шунақа бўлдими”, десам биттаси қарсиллатиб тепди, ўғлим яна деворга ёпишиб қолди. Шундан кейин мени у ердан ҳайдаб чиқаришди, -дейди йиғлаб Каромат опа.

Унинг айтишича, у эртаси куни молия полицияси терговчиси Байиш Жўрабеков билан учрашади ва ўғлининг айибсизлигини айтади. Терговчи эса опанинг ўқитувчилигини инобатга олиб, ёрдам бериши учун 10 минг сўм миқдорида пул талаб қилади.

Каромат опанинг айтишича, у айтилган кунга пулни топиб бора олмайди. Бир неча кун ўтиб талаб қилинган пул 20 минг сўмга, кейин 4 минг АҚШ долларигача кўтарилади. Каромат опа терговчига сўралган пулдан минг АҚШ долларини беради. Бироқ шу кунгача ўғли Тўлқин устидан 3 марта суд маҳкамаси бўлган ва у 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳибсдаги ўзбекларнинг қийноқларга солиниши, уларнинг ота-онаси ва яқинлари орасида норозилик кайфиятини кучайтирмоқда:

- Биз Қирғизистон фуқароси бўлсак, Қирғизистонда яшасак, Конституцияда Қирғизистон миллатчилар давлати, деб ёзилмаган бўлса, нимага бизнинг ҳақ-ҳуқуқимиз чегараланади? Нима учун бизнинг ҳақ-ҳуқуқимиз поймол бўлади? Нима учун бизнинг бегуноҳ болаларимиз турмаларда азобланади? Бу жиноятларни қилган одамлар қани? Нимага уларни қўлга олмай, бегуноҳ одамларни товуқдай тутиб кетишади?- дейди Каромат опа.

Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, қўлга олинган ўзбек йигитларидан яна бирининг отаси-ўшлик Муроджон ака биз билан суҳбатида ҳибсда сақланаётган ўзбекларнинг қийноқларга солинаётгани юзасидан турли халқаро ташкилот ва расмийларга қилинаётган мурожаатлар самарасиз бўлаётганини айтди:

- Биз ОБСЕга, ҳарбий прокуратурага, БМТга ариза ёздик. “Автотрест” корхонаси биносида ҳуқуқ ҳимоячилар бор экан, уларга ёздик. Депутатликка номзодлар билан учрашувлар бўлаяпти. Учрашувда “Кимда сўз бор” дейилса, аёлим ёки мен чиқиб, мана бундай бўляпти, деп айтаяпмиз. Хеч бир ўзгариш йўқ, хеч кимдан ёрдам йўқ,- дейди Муроджон ака.

Айни пайтда Ўш воқеалари юзасидан иш олиб бораётган бир қатор халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари ҳибс қилинганларнинг қийноқларга солиниши Қирғизистон жанубида янги тўқнашувларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

- Бундай воқеалар одамларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Норозилар турли радикал гуруҳларга қўшилиб кетиши мумкин, ҳақиқатни тополмай. Энг асосийси, икки миллат орасидаги низога бархам бериш учун адолат ўрнатиш керак. Адолат бўлмаса, бегуноҳ қамалаётганлар кўпаяверса, яна бир тўқнашув содир бўлиши мумкин,- дейди “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази вакили Хусанбой Солиев.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистон жанубидаги қирғин ташкилотчилари сифатида қўлга олинганларнинг аксарияти ўзбеклар бўлаётир. Шу йилнинг август ойида Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Сумар Насиза журналистларга берган суҳбатида: “Тартибсизликларда айбланиб 262 одам қўлга олинди. Улардан 243 нафари ҳибс қилинди. Улардан 29 нафари қирғиз миллатига, қолган 213 нафари ўзбек миллатига, бир нафари эса бошқа миллатга мансуб шахслардир”, деган эди.

XS
SM
MD
LG