Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:02

Олча ўрнига сакура, ош ўрнига суши


Президент Каримов кўпни кўрган шинаванда сиёсатчи сифатида одатда ҳар соҳадаги тавсияларини бировдан аямайди.
Президент Каримов кўпни кўрган шинаванда сиёсатчи сифатида одатда ҳар соҳадаги тавсияларини бировдан аямайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 5 октябр куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.


Блогистон меҳмонлари диққатини президент Қорақалпоғистонда илгари сурган, лекин маҳғаллий матбуот назаридан четда қолиб кетган бир фикрига қаратишни жоиз топдик.

CA-NEWS агентлигининг ёзишича, Оролбўйи минтақаси пахтакорларини пахта режасини бажаргани билан табриклаган президент Каримов, мухтор республика пойтахти Нукус марказий майдонидаги қурилиш ва ободонлашириш ишлари билан ҳам яқиндан танишиб, одатга кўра, бу соҳа мутасаддиларига маслаҳатлар берган.

Шаҳар вакиллари билан учрашув пайтида, дейлади хабарда, президент майдонга сакура дарахтини экишни маслаҳат берди.

Сакура гуллаганда, гўзалликда ўзимзнинг жийдадан қолишмайди.
Каримов сакуранинг қанақа дарахт эканини қорақалпоқларга тушунтирдими, йўқми аниқ айтилмаган. Лекин президентнинг кўпни кўрган одам экани инобатга олинса, у ëнидагиларга бу дарахтнинг Японияда ўсадиган олча эканини тушунтирган бўлиши керак. “Сакура ўзимизнинг олчага ўхшайдию, лекин жуда гўзал гуллайди. Гуллаганда гўзалликда ўзимизнинг жийдадан қолишмайди”, деб айтган бўлиши керак қоғозга қарамаса, анчайин жайдари гапирадиган Каримов.

Сакура дарахти Қорақалпоғистон иқлимига чидай оладими йўқми, билмадиму, лекин Ўзбекистонда сакуранинг гуллашини томоша қилиш мумкинлигини биламан. Пойтахт Тошкентдаги “ЎзЭКСПО” марказида Ўзбекистон-Япония муносабатлари шарафига 2001 йилда барпо қилинган япон боғида сакуранинг анчагина туплари экилган эди.

Президент Каримов Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида “минтақанинг нодир табиати” манзараси туширилган қўлбола гобелен тўқишни ҳам таклиф қилди. «Бу санъат асарида, деди президент, тинч ҳаёт рамзи ўлароқ “мусаффо осмоннинг тасвири ҳам бўлиши керак.”

Ташрифи давомида президент Қорақлпоғистоннинг Халқобод шаҳридаги гўштни қайта ишлаш корхонасида ҳам бўлган. Бу ерда Каримов сакура ҳақидаги таклифига яраша японларнинг севимли таоми суши (бир чимдим қайнатилган гуруч устига қўйиладиган хом балиқ) ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилган бўлса ажабмас.

Яқинда бир танишим бир латифа айтиб берди:

Бир куни Қорақалпоғистоннинг Шуманай тумани Шуманай қишлоғини ободонлаштириш ишларига Тошкент катта пул ажратадиган бўлибди. Шуманайликлар бу пулни нимага ишлатишни билмасдан, масалани қишлоқ аҳли йиғинида ҳал этишга келишишибди.

Қишлоқнинг обрўли оқсоқолларидан бири Боймурат оға “пулни Орол денгизининг қуриётганидан шўрлашиб бораётган ерларимизнинг аҳволини ўнглашга сарфлаш”ни таклиф қилган экан, қолган шуманайликлар “шунча йилдан бери шўр ерда яшаб келдик, бундан кейин ҳам яшайвермиз”, деб таклифни қабул қилмабди.

Шунда, Шуманай қишлоғининг обрўли эжеларидан бири Тозагул хола “пулларни Орол денгизи қуриётгани боис соғлиғи ёмонлашган болаларимизнинг саломатлигини ўнглашга сарфлаш керак”, деган экан қолганлар “э шунча йилдан бери биз яшаб келган, болаларимиз ҳам яшайверади-да”, деб бу таклифни ҳам қайтаришибди.

Баҳсларни тинглаб ўтирган, нафақат Шуманай қишлоғи, балки бутун туманда ҳам энг обрўли ҳисобланган кекса оқсоқол Қайипберген ота “бу пулга каааатта аэроплан ясаймиз”, депти. Қайипберген отанинг гапини икки қилмайдиган шуманайликлар “аэропланни нима қиламиз?”, деб сўрашган экан. “Бу аэропланганга ҳаммамиз ўтириб, катта холамизникига учиб кетамиз”, деб жавоб берибди Қайипберген ота.

Латифа ўз йўлигаю, лекин Қайипберген отанинг аэроплани нафақат шумнайликлар, қолган қорақалопоғистонликларга асқотиши мумкин эди. Улар бу аэропланга иниб, Японияга, ё жиллақурса, Тошкентдаги япон боғида сакуранинг қандай гуллашини кўриб келишармиди?
XS
SM
MD
LG