Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:27

Абдували қорини сотган "занжирбанд киллер"


Абдували қори ва МХХ "агент"и, деб айтилаётган Хайрулла Султонов.
Абдували қори ва МХХ "агент"и, деб айтилаётган Хайрулла Султонов.

“Ислом ва мусулмонлар” дастурининг бу сонида яқинда интернетда пайдо бўлган видеофилм ҳақида бўлади. Бу филмда 15 йил муқаддам Тошкент аэропортида ғойиб бўлган Абдували қори Мирзаевга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқиб-тазйиқлари ҳақида гап боради.


“Youtube.com” сайти эълон қилинган “Занжирбанд киллер” номли видеофилм, бизга келган маълумотларга кўра, шу кунларда Ўзбекистон ва Қирғизистондаги диндорларнинг ҳам қўлларига етиб борган ва кичик-кичик қисмларга бўлиниб, қўл телефонларида тарқалган.


15 йиллик сукунатни бузган “иқрорнома”


Видеофилм қаҳрамони, ўзини 1979 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Лайлак туманида туғилган Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли, деб таништирган йигит ўзининг 13-14 ёшлигидан Андижон вилоятидаги баъзи маҳаллий имомлар воситасида Ўзбекистон махсус хизматига айғоқчи бўлиб ёллангани ва охир-оқибат махсус хизматларнинг ёлланма қотилига айланганини сўзлаб беради.

Камера қаршисига ёлғиз ўтказиб қўйилган Хайруллохўжани камера ортида турган номаълум шахс сўроқ қилади.

Кадр ортидаги тиниқ ва ровон нутқ билан матн ўқиган яна бир овоз соҳиби бу жосусга юкланган асосий вазифа Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси, эндиликда марҳум Тоҳир Йўлдошни ўлдириш эди, деб тақдим қилади.

Ҳеч бир қийин-қистовсиз, ўз ихтиёри билан қилган жиноятларига иқрор эканини айтган Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли ўз фаолиятини андижонлик таниқли имом, 1995 йил 29 август куни Тошкент шаҳар аэропортидан ўғирлаб кетилган Абдували қори Мирзаевни маҳв қилишдан бошлаганини ҳикоя қилади.

- Мен кичкина ëш бола эдим. Абдували қори аканинг хаëлларига ҳам келмасди бу. "Жомий" масжиди, яъни Абдували қори аканинг ўзига қарши, мана шу Абдували қори ака йўқолгунча агентлик фаолиятини қилганман. Кейин "Жомий" масжиди ëпилгунча жомега қарши агентлик қилганман.

Хайруллохўжа 12 ёшидан бошлаб, кейинги 7 йил давомида Андижон шаҳридаги Абураҳмон Жомий номли масжид ва унинг имоми Абдували қори Мирзаевга қарши жосуслик қилгани, хусусан, 1993 йилнинг қишида Мирзаевларнинг уйига ўт қўйишда иштирок этгани ва 1995 йилда Абдували қорининг Москвадаги Халқаро Ислом анжуманига бориш учун Тошкентга йўл олганини ҳам махсус хизматларга маълум қилган 4 кишилик жосуслар гуруҳи таркибида бўлганига ҳам иқрор бўлади.

Кейин эса у Абдували қорининг терговида иштирок этгани ҳақида сўзлайди.

- Аввал Абдували қори акадан сўради терговчи: “Хайрулла Султоновни танийсизми? Мана шуни танийсизми?”, деб шундай саволларни берди. “Ҳа, танийман” деди. “Сизнинг бу билан олдиндан душманчилигингиз ëки бир нарсангиз борми бу билан?”, деди. Абдували қори ака “йўқ”, деди. Мен унча юзларига қарай олмаяпман энди. Сабаби ўзимни ғалати, бошқача ҳис қиляпман.

Агар сўзларига ишонилса, Хайруллохўжа ўша вақтларда 16 ёшлардаги ўспирин бўлган ва “қори ака, қори ака”, деб уни эркалаб юрган устозига қарши туҳмат қилиб, 3 та жиддий айблов: жиҳодга даъват қилганлик, ҳижратга даъват қилганлик ва ҳукуматга қарши қуролли исён қилиб, Ислом давлатини қуришга даъват қилганлик айбловларини илгари сурган.

- Биринчи жиҳод тўғрисида гапирганда, терговчи Абдували қори акадан сўраяпти. “Сиз иқрормисиз мана шу гапларни гапирганингизга?” У киши калласини қимирлатиб, иқрор бўлиб турибди. Менга энди овозлари унча яхши эшитилмаяпти. Жиҳод ва ҳижрат тўғрисида гапирган, деганларимга иқрор қилдилар. Яъни, калласини қимирлатдилар. Охирги учинчи туҳматимда эса кескин рад қилиб, бошларини қимирлатдилар.




(Бу видео “Занжирбанд киллер” номли филмдан парчадиир. Унда сўзлаётган ўзини Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли, деб таништираётган йигитнинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлгани йўқ. Озодлик таҳририяти.)

Хайруллохўжа шу бўйича Абдували қори Мирзаевни ўзи ҳам, бошқалар ҳам кўрмагани ва бу тергов ўта махфий тарзда Андижонда олиб борилганини гапириб беради.

Яъни, унинг сўзларига кўра, Абдували қори 1995 йилда августда Тошкент аэропортида махсус хизматлар томонидан қўлга олинган ва кейинчалик Андижонга олиб келинган. Тергов ва сўроқ вақтида Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли ҳам иштирок этган ва Абдували қори Мирзаев, сўзлаб берилган тергов тафсилотлари мазмунига кўра, Ўзбекистонда ҳукуматни қуролли йўл билан ағдариб, ўрнига Ислом давлати қуришга уринишда айбланган.

Видеоқисса бир неча қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмидагина Абдували қори Мирзаев ҳақида гап боради. Кейинги қисмларда жосуслигига иқрор бўлган Хайрулло Султонов Андижон шаҳридан кейин Россиянинг Сургут областига боргани, кейин Афғонистон ва Покистонга ўтгани ва у ердаги қилмишлари ҳақида узундан узоқ ҳикоя қилади.

Бироқ, биз бу видеофилмнинг келиб чиқиши ва ундаги воқеликка оид маълумотларни тўлиқ ўрганиш имконига эга бўлмаганимиз сабабли унинг давомига тўхталмадик.

“Занжирбанд киллер”нинг оиласи муттасил таъқиб остида

Аниқлаганимиз шу бўлдики, Хайрулло Султонов, деган бешкентлик йигит бўлган ва ҳозирги кунда Лайлак туманида яшаётган оиласи Хайруллонинг қаерда эканини билмайди.

Хайрулло Султоновнинг оила аъзолари билан суҳбатлашишининг имкони бўлмади.

Лайлак туманида истиқомат қиладиган суҳбатдошимиз Усмонжон акага кўра, бу оила муттасил кузатув остида ва Хайруллонинг ўзи 1998 йиллардан буён бедарак кетгани боис ҳар қандай оммавий ахборот воситалари билан мулоқотдан қочади.

Аммо, улар билан бўлган суҳбати асосида Усмонжон ака бизга мана буларни сўзлаб берди.

- Ҳақиқатан ёшлигидан Андижонга ўқишга олиб борилган экан бу бола. Отаси олиб бориб қўйгандан кейин орада ўқиб юриб, бир уйига келар экан. Келгандан кейин яна масжидга қатнаб юриб, Рамазонда хатмни ҳам ўтаган экан. Шундай деб айтишаяпти.

Шундай бўлиб-бўлиб, кейин бу бола Россияга кетар экан. Россияга бориб ишлагандан кейин Россиядан келиб, оила-аъзоларининг айтишича, Арабистонга кетган. Иккита укаси, битта акаси бор экан. Отаси касал бўлиб, давление бўлибми, инсулт бўлибми, шундай бўлиб хуллас шу касаллик билан оламдан ўтар экан Абдуқодир ака.

Бунинг иккита укаси уйланган экан. Бу бола ҳали уйлангани йўқ экан. Шундан бери қайтиб келгани йўқ экан. Оилаларида “Арабистонга кетган”, деб айтишди, дейди Усмонжон ака.

Яна такрорлаймиз, гарчи, “Жундуллоҳ” студияси “занжирбанд” қилинган МХХ жосуси, деб тақдим қилган Хайрулло Султонов, деган йигит борлиги норасмий бир тарзда аниқлаган ва унинг яқинлари билан билвосита мулоқот ўрнатганимизга қарамасдан, биз “Занжирбанд киллер” видеофилмида тилга олинган воқеликни тасдиқлаш ёҳуд инкор қилиш, уни муҳокама қилиш мақсадида эмасмиз.

Фақатгина унинг Фарғонада пайдо бўлган қисқагина қисми мазмуни – Абдували қори Мирзаевга доир қисмигагина ойдинлик киритишга уриниб кўрдик.

“Занжирбанд киллер” иддаолари хусусидаги шубҳалар

1995 йилда сирли тарзда ўғирланганидан буён — яқинлари ва сафдошларининг қатъий таъкидига кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўғирланганидан буён — Абдували қори Мирзаев ҳақида мутлақо ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ўзбекистонда эса, бу киши ҳақидаги маълумотга ташна кишилар сони кўпчилик.

Тошкент аэропортининг божхона ва паспорт назоратидан кейинги самолёт траппига қадар бўлган оралиғида сирли тарзда ғойиб бўлиб қолганидан кейин Абдували қори Мирзаевнинг тақдири қандай кечгани ҳақида бирор аниқ маълумотимиз йўқ.

Аммо, унинг МХХ томонидан ўғирлангани, ҳозир ҳаёт экани ва қамоқхонада сақланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мавжуд расмий ва норасмий маълумотларга бироз сўнгра тўхталамиз.

Ҳозир эса “Занжирбанд киллер” сўзлаб берган маълумотлар хусусида.

Абдували қори Мирзаев ёнида йиллар давомида юрган маслакдошлар ва шогирдлардан баъзиларининг сўзларига кўра, Хайрулла Султонов тилга олган маълумотларда жон бор, аммо, бу маълумотлар келтирилган видофилмнинг, “Жудуллоҳ” студияси иддао қилгани каби, Оллоҳ йўлидаги холис хизмат учун ҳозирлгани шубҳалидир.

Эшиттиришни тайёрлаш асносида Абдували қорининг қариндоши бўлган, унинг қўлида таълим олган ёки шунчаки у кишининг маърузаларини тинглаб кўрган кишилар билан суҳбатлашдик.

Аксари хорижда бўлишига қарамай, суҳбатдошларимизнинг деярли ҳаммаси исми ва манзилини ошкор қилмаслигимизни қаттиқ илтимос қилди. Шу боис уларга шартли исмлар қўйдик.

Дастлаб, Абдували қорининг ёнида юрганини иддао қилган Хайруллони кўрган борми, деб сўраганимизда, Мирзаевнинг ёнида 10 йилдан ортиқроқ ёнма-ён юрганлар орасида ҳам “ҳа”, деб жавоб бергани бўлмади. Аммо, шундай ёшгина жосус болалар бўлган бўлиши мумкинлигини ҳеч ким эҳтимолдан соқит қилмади.

Аммо, “Занжирбанд киллер” монологидаги яна бир муҳим жиҳат — у кишига қўйилган айбловлар ҳақида билдирилган муносабатлар бироз фарқли бўлди.

Хайрулла Султонов Абдували қорига қарши терговда иштирок этганини айтар экан, ўзи “туҳмат”, деб атаган ва МХХ томонидан тайинланган учта айбловни илгари сурганини айтган: ҳижрат, жиҳод ва қуролли йўл билан ҳокимиятни ағдариб, Ислом давлати қуришга даъват қилиш.

Муҳими, Хайруллохўжанинг сўзларига кўра, буларнинг дастлабки иккитасига Абдували қори иқрор бўлган, учинчисини инкор қилган.

Аслида “Занжирбанд киллер”нинг Абдували қорини таниган ва билганлар учун шубҳали туюлган жойи ҳам шунда — филм мазмунидан Абдували қори барибир ҳам жиҳодга ва ҳижратга даъват қилган, деган маъно келиб чиқмоқда.

“Абдували қори тугун эмас, савобни олишга даъват қилган”

Абдували қори билан 10 йилга яқин ҳаммаслак бўлган ва у кишидан илм олган водийлик суҳбатдошимиз Абубакр ака биз билан суҳбатда буни тўлиқ инкор қилди.

- У вақтда кенгчилик бўлган. Ислом анъаналарини қиламан деган одамлар бемалол бажариб юрган. У вақтда ҳижрат қилишликка даъват қилишлиги умуман мантиққа тўғри келмасди, Абдували қори аканинг даврида. Исломий нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, у вақтнинг шароитига ëт нарса эди ҳижрат қилишлик. Жиҳодга ҳам даъват қилган эмас. Чунки Абдували қори ака Қуръондан тафсир қиларди. Қуръондан тафсир қилганда, “Тавба” сурасига келганда, “Тавба” сураси кўпроқ жиҳод оятларини ўз ичига олганлиги учун бу сурани тафсир қилмасдан ўтиб кетган. Ҳозирку албаттаю, ана шу вақтда ҳам ҳаттоки вазият кўтармас эди шу нарсани. Чунки очиқдан-очиқ уни тафсир қилмайдиган бўлса, бу тафсир илмига, Қуръондаги илмга, зид бўлиб қоларди. Очиқ айтадиган бўлса, у вақтда шароит кўтармас эди. У киши ўзини ваҳҳобий, деб билмасди ëки ваҳҳобий оқимига бировни даъват қилган эмас. Ўзининг билганича шу оят, ҳадисдан тафсир қилиб, шарҳлаб бериб, диндаги йўқ нарсаларни айтгандан кейин ўзининг шахсий манфаатларида ишлатганларга бу ëқмаган. Никоҳга борадиган бўлса, никоҳ қилса ëки бировнинг жанозасини ўқийдиган бўлса, “никоҳ ўқиганнинг савобини ëки жаноза ўқиганнинг савобини битта тугунга алмаштирмаслик керак”, деб шунга тарғиб қилганлигини биламан.

Озодлик: Уни қандай тушуниш керак? Тугунни олмаслик керак деганими бу?

- Тугунни олмасдан савобни олиб кетаверсин дегани. “Тугун учун бормасин”, деган нарсага даъват қилган деб биламан, дейди Абдували қори билан 10 йилга яқин ҳаммаслак бўлган ва у кишидан илм олган водийлик суҳбатдошимиз Абубакр ака.

“Абдували қори динни сиёсат ва кайфиятга мослаштирмаган”

Яна бир суҳбатдошимиз – Абдували қори масжидида 4 йилдан ортиқ таҳсил олган Усмон аканинг сўзларига кўра ҳам Абдували қори ўз маърузаларида жиҳоддан гап борувчи “Тавба” сурасини тафсир қилмаган. Аммо, бунинг боиси бошқа бўлган.

- Йўқ, тафсир қилганларида Қуръондан 12тами, 10тами порани тафсир қилганлар, холос. Қолганига мана 1995 йил йўқолганлари учун улгурмаган. Чунки у кишини олиб кетишдию, дейди Абдували қори масжидида 4 йилдан ортиқ таҳсил олган Усмон ака.

Бироқ жамоатдан савол тушган кезларда ва алоҳида оятлар тафсирига тўғри келган кезларда агар жиҳод ва ҳижратдан гап борса, Абдували қори бу ҳаракатлар ҳукми “Қуръон”да қандай бўлса, шундайлигича, ҳеч бир ўзгартиришсиз, юмшатиш ёҳуд кескинлаштиришсиз гапиришга ҳаракат қилган.

Бошқача айтилса, динни сиёсий вазиятга ёҳуд унинг сўзларини тинглаётган минглаб оломоннинг кайфиятига мослаштирмаган.

“Қуръон”да жиҳод ёҳуд ҳижрат ҳақида нима дейилган бўлса, шундоқлигича шарҳлашга ҳаракат қилган.

“Абудвали қорини ваҳҳобийга чиқарган ҳукумат ва ҳасадгўй имомлардир”

Агар Хайрулло Султоновнинг сўзлари рост бўлса, Абдували қорининг ҳижрат ва жиҳод ҳақида гапирганини тан олгани шундан бўлиши ҳам мумкин, дея тахмин қилади яна бир суҳбатдошимиз — Абдували қорининг яқин сафдошларидан бири Умар ака.

- Мен шундай, деб жавоб бера оламанки, у киши Қуръонда, ҳадисда бор гапни гапирган. Бирор-бир томонга урғу бериб гапирмаган. Жиҳод оятларини ўшандай таржима қилган. Ҳижрат оятларини Қуръонда қандай бўлса, ўшандай таржима қилган. Бир томонга урғу бериб, “Ҳижрат қилиш керак. Жиҳод қилиш керак”, деган гапларни асло гапирмаган. Фақат Худонинг буйруғини етказган, Пайғамбарнинг суннатини етказадиган одам эди у киши. Яъники, “динни соф ҳолида ҳаëтимизга тадбиқ қилайлик”, деб. Яъни “Савобли иш бўлса, савобли иш йўлида ҳақ олинмасин. Савобни Оллоҳнинг ўзидан кутилсин”, деган мавъизаларни кўп эшитганмиз. Баъзи бир имомлар шунга мубтало бўлгандику. Бундан хабарингиз бор. Яъни ўша тугунга, пулга ҳирс қўйган имомлар бўлади албатта. Одамлар ҳар хилку. Имомлар ҳам ҳар хил. Ëқмаган ўшаларга. Шунинг учун “Булар ваҳҳобий ва ҳоказо”, деб номлар қўйилишга сабаб бўлган деб ўйлайман.

Озодлик: Яъни ваҳҳобийлик номини Абдували қорига ҳукумат эмас ҳасадгўй диндорлар қўйган бўлиши мумкин?

- Ҳар томонлама бўлган бўлса керак. Ҳасадгўй имомлар, ҳукумат ҳам қўйган бўлиши мумкин, дейди Абдували қорининг яқин сафдошларидан бири Умар ака.

Бироқ барча суҳбатдошларимиз Абдували қори маърузаларида қуролли исён ёҳуд амалдаги ҳукуматларга қарши жиҳоддан гап бормаган, деган фикрда якдил бўлдилар.

Абдували қори Мирзаев йўқолганидан 15 йил ўтиб пайдо бўлган ва суҳбатдошларимиз шубҳа билан эътироф этганидек, ҳар битта воқеликка мос фотосуратлар ҳамда видеотасвирлар билан бойитилган “Занжирбанд киллер” қиссаси ҳақида қорининг ёнида юрган ва шунинг учун ҳозирга қадар муттасил таъқиб ва тазйиқларни бошдан кечираётган суҳбатдошларимизнинг муносабатлари шундай бўлди.

Аммо, бу қисса ҳақида якуний бир хулосани чиқаришдан уларнинг барчаси тийилди. Албатта, буларнинг барчаси Абдували қори Мирзаевнинг тарафдорларидир. Умар ака айтганидек, бу кишининг танқидчилари ҳам бор ва "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг келгуси сонларида айнан уларга микрофон тутиш ҳаракатидамиз.

Ўзбекистон МХХ: “Абдували қорига оид тергов тўхтатилган”.

Ўзини МХХ айғоқчиси эдим, дея таништирган ва Ўзбекистон исломий ҳаракатининг "шаърий маҳкамасида" иқрорлик кўргазмаларини берган Хайрулло Султонов борасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати муносабатини ҳам сўрадик.

Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олим Тўрақуловдан, шунингдек, ўз вақтида Абдували қорига нисбатан сиртдан эълон қилинган ва вақтинча тўхтатилган тергов иши ҳақда ҳам сўрадик.

- Бўлмаган гаплар. Буни ўша видеоқиссани ясаган одамлардан сўранг. Бошқа ҳеч нарса айта олмайман.

Озодлик: Абдували қорига нисбатан вақтинча тўхтатилган тергов ...

- Ўша пайтда айтган жавобларим ҳаммаси тўғри. Бошқа ҳеч нарса қўша олмайман.

Озодлик: Ўзгариш бўлмаган-а ундан кейин?

- Йўқ, деди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олим Тўрақулов.

МХХ матбуот котиби 2005 йилда Озодликка берган интервюсида: “Абдували Мирзаевга 1999 йил 15 май куни Бош прокуратура томонидан бир неча моддалар бўйича сиртдан айблов ва қидирув эълон қилинган. 2001 йилда айбланувчининг қаерда экани номаълум бўлгани сабабли тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган. Яна такрор айтаман, уни МХХ ходимлари ўғирлаб кетган, деган иддаолар қуруқ туҳматдан иборат”, деган эди.

Аммо, бу орада ва ундан аввал ҳам минглаб одамлар Абдували қорига эргашгани, ундан таҳсил олгани ва ҳаттоки, уни билгани учун таъқиб қилинди, тазйиқлар остида қолди, қамоқларга банди қилинди.

Минглаб диндорлар ҳижратга кетди.

Яна минглаб одам ишидан, ўқишидан, яқинларидан айрилди.

Бошқача айтилса, Абдували қори Мирзаев номи Ўзбекистонда 1991 йилдан сўнг диндорларга нисбатн бошланиб кетган ўта шавфқатсиз репрессияларнинг аввали билан боғланади.

Суҳбатдошларимиздан бири эътироф этганидек, ҳукумат томонидан халқнинг дилига мислсиз қўрқув солишда қўлланиладиган “олабўжи”га айлантирилган Абдували қори Мирзаевнинг ўзи ҳақида эса мана 15 йилдирки бирор маълумот йўқ.

Фақат шу вақтгача тилга олинган бир-иккита шов-шувли баёнотларни яна ёдга олиш мумкин.

Абдулқуддус Мирзаев: “Абдували қори МХХ томонидан ўғирланган!”

Ўз вақтида қорининг ўғли Абдулқуддус Мирзаев Абдували қори шубҳасиз МХХ томонидан ўғирланган ва бу ҳақда мутлақо аниқ маълумотларимиз бор, мазмунида интервью берган эди.

Марҳум Абдулқуддус Мирзаев бу интевюни 2007 йилда отиб кетилган ўшлик журналист Алишер Соиповга берган эди.

Ўша интервюдан иқтибос:

“Абдували қорини кимлар олиб кетгани, Миллий Хавфсизлик Хизматининг (МХХ) қайси бўлими бу ишга бошчилик қилгани, бу амалиётни шахсан ким бошқаргани, қандай русумдаги машиналарда олиб кетилгани, дастлабки ушлаб турилган жойлар, дастлабки тергов мазмунлари, дастлабки тергов қилган шахслар ҳақида тўла, ишончли маълумотларга эгамиз.

- Яъни, Сиз дадангизнинг ўғирланиш тафсилотларини биласиз, шундайми?

- Абдували қори Андижон аэропортидан Тошкентга 155-йўналиш билан учиб боради. Тошкентдан Москва йўналиши бўйича учмоқчи бўлган. Барча текширув рўйхатларидан ва ниҳоят паспорт текшируви – охирги текширувдан ўтиб, самолёт трапи олдига келганда, МХХ ходимлари томонидан яна қўшимча текширув учун олиб кетилган ва шу билан қайтиб чиқмаган”.

Абдулқуддус Мирзаев Ҳаж сафарида автофожеадан вафот этган 2007 йилнинг 26 сентябрига қадар дадаси Абдували қори тириклигини айтиб келар эди. Ўлимидан аввал қурилган бу суҳбатда ҳам буни таъкидлаган эди.

Яна бир иқтибос:

“Ҳозир шу ишга алоқадор одамлар, уларнинг ичида ҳам виждони қийналадиган ёки пул учун ишлайдиган одамлар бор, бизга шу кунга қадар дадамиз қандай ҳолатда эканини, жуда аниқ айтилмаса-да қайси жойларда сақланаётгани, хусусан тергов мазмуни, тергов қилган шахслар ҳақида маълумот етказиб туришади. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир Абдували қори Ўзбекистонда, Тошкент вилоятида сақланяпти. Соғлиғи ёмонлашиб, бундан 4-5 йил муқаддам хасталанган. Ҳарбий шифокорлар қараб, соғлиғи тикланган”.

Бу гап 2007 йилда айтилган эди.

МХХ собиқ жосуси: “Абдували қори деган шахс тирик...”

Бундан аввал 2003 йилда — Ўзбекистон қамоқхонасидан туриб баёнот берган маҳбус Зайниддин Асқаров айтган ва у Абдували қори турмада экани ва тирик экани ҳақида шахсан собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовдан эшитганини айтган эди.

Охирги маълумотни эса 2008 йилда — Ўзбекистондан қочиб чиққани айтган ва ўзини МХХ нинг собиқ жосуси, деб тақдим қилган Икром Ёқубовдан эшитган эдик.

- Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошқармасининг ходимининг гапига қараганда Абдували қори деган шахс тирик. Бир қўли кесиб ташланган ва аҳволи оғир, деган эди 2008 йилда Икром Ëқубов.

Аммо, Ўзбекистон ҳукуматининг куч ишлатар идоралари — Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва прокуратураси Абдували қори Мирзаевнинг ғойиб бўлгани ҳамда унга нисбатан Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларида тилга олинган айбловлар борасида бирор жиддий расмий маълумот бермаган.

Албатта, бундан ташқари яна овозалар даражасидаги гап-сўзлар ҳам бор.

15 йиллик сукунатни бузган овозалар

Овозалардан бирига кўра, Абдували қори 2003 йилда қамоқхона ичкарисида отувга ҳукм қилинган ва отиб юборилган.

Яна бир овозага кўра, 2006 йилларда хасталаниб анча қувватини йўқотган Абдували қорини мухлисларидан бири бўлган қозоғистонлик бир тадбиркор катта пул эвазига ўзбек генералларининг биридан сотиб олган ва Қозоғистон орқали араб давлатларидан бирига жўнатиб юборган.

Яна бир овозада Абдували қорини ўша 1995 йилдаёқ аэропортдан МХХ ёки Ички ишлар идорасига олиб бормай, Тошкент вилоятидаги бир чекка туманга обориб сўроқ қилишган ва ўша ерда ўлдириб юборишган.

Андижон вилоятида 2003 йилларда тарқалиб кетган яна бир овозага кўра эса, Абдували қори оғир бетоблиги учун Андижон турмасига олиб келинган.

Хуллас, дастурни тайёрлаш асносида суҳбатлашганимиз кишилардан бу каби яна бир қанча овозларни эшитдик ва такрорлаймиз, буларнинг барчаси тасдиқламанган қуруқ гап-сўзлардир.

Ва албатта, булар Абдували қори ғойиб бўлганидан кейинги 15 йил ичида тарқалган овозалардан бирозгинаси, холос.

Ана шу 15 йиллик танаффусдан сўнг интернетда пайдо бўлган “Занжирбанд киллер” қиссаси, мабодо, асоссиз овозалардан яна бири бўлган тақдирда ҳам, ўзбекистонлик диндорлар, айни пайтда кўпчилик зиёлилар ҳамда ўзбек муҳолифатининг кўпчилик етакчилари томонидан бирдек тан олиниб, эътироф этилган Абдували қори шахсига бўлган улкан қизиқиш боис энди Фарғона водийсидаги диндорларнинг қўлларидаги телефонларда қўлма-қўл бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG