Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:49

"Пахта терсанг тунда тер!" ёҳуд Ангордаги пахта ҳангомалари


Вилоят "рапорт" Ангорда аҳвол чатоқлигини Сурхондарё вилояти мулозими ҳам тасдиқлади.
Вилоят "рапорт" Ангорда аҳвол чатоқлигини Сурхондарё вилояти мулозими ҳам тасдиқлади.

Сурхондарёнинг Ангор туманида тўртинчи синф ўқувчилари ҳам пахта даласига ҳайдалиб, ангорликлар кечаси трактор чироғи ёруғида пахта теришга мажбурланаяпти. 10 килодан пахта термаган болалик аёллар ва пенсионерларга нафақа пуллари берилмаяпти.


Сурхондарёлик мулозимлар бу каби ҳолатлар мавжудлигини инкор қилган бўлсада, Ангорда бу йилги пахта мавсуми анча жиддий ўтаётганини яширишмади.

Трактор чироғи ёруғида кечаси пахта терганни эшитганмисиз?


Ангордаги бу йилги пахта мавсуми манзараси собиқ иттифоқ давридаги пахта даврини эсга солади.

Ангорлик бир отахоннинг Озодликка маълум қилишича, туманда кунлик пахта нормасини бажармаган фермерлар кечаси ҳам пахта теришга мажбур қилинмоқда.

Кечаси дала бошига келтирилган трактор чироғи ёруғида ўқитувчи ва шифокорлардан иборат ҳашарчилар пахта теришмоқда, дейди ҳайратини яшира олмаган ангорлик отахон.

- Кечаси соат 1-2гача пахта заводда разбор бўлади. Ҳокимнинг ўзи қатнашади. У ерда ҳамма фермерлар бўлади, мактаб директорлари, маҳалла комитети раислари, пахтага алоқадор, мен раҳбарман деганларнинг ҳаммаси пахта заводга тўпланади. Нормани бажармаганини автобусга миндириб олиб бориб пахтазорга, свет ëқиб қўйиб пахта тердираяпти. Ўқитувчилар, врачлар ҳаммасини машинага босадида кечаси машинанинг, тракторнинг, автобуснинг светини ëқиб қўядида, пахта тердиради. Прокурор, началник милиция, ҳокимнинг ўзи туради дала бошида, деди ангорлик отахон.

Биз билан суҳбатда бўлган бироқ овози ёзиб олинишини истамаган ангорлик бошқа бир суҳбатдош ҳам ҳашарчилар кечаси далага ҳайдалаётганини тасдиқлаб, қўшниларидан бири ҳам кечаси пахта тергани ҳақида гапириб берди.

Маълум бўлишича, кечаси пахта теришга мажбурланаётганлар - ўқитувчи ва шифокорлар ҳамда бошқа бюджет ташкилотларининг ишчи-хизматчиларидан иборат бригадалардир.

Сурхондарё вилоят хокими ёрдамчиси вилоятда пахта режаси аллақачон бажарилганини, бироқ Ангор туманида пахта кўрсаткичлари анча пастлигини айтиб, тумандаги вазият жиддийлиги ҳақида гапирди.

Озодлик: Сурхондарёда пахта режаси қанча бўлди?

- Топширдик, рапорт бердик уже.

Озодлик: Ангор туманида пахта билан боғлиқ аҳвол қандай?

- Ангорда сал қийин.

Озодлик: Нимага Ангорда қийин бўлаяпти?

- Яхши қарамаганда пахтага.

Озодлик: Ангордаги вазиятни яхшилаш учун нима қилинаяпти?

- Териш керак, фақат териш керак пахтани, деди анчайин жиддий оҳангда вилоят хокими ёрдамчиси.

“Фақат териш керак пахтани”, дея таъкидлаган Сурхондарё вилоят хокими ўринбосари балки кечаю-кундуз пахта теришни назарда тутгандир деган фикрда кечаси ҳам пахта териляптими, деб сўрадик.

- Йўқ, бунақа ҳолат бўлаётгани йўқ. Ким айтди буни сизга? Кечаси ҳамма дам олаяпти, деди Сурхондарё вилоят хокими ёрдамчиси.


Ўн килодан пахта термаган пенсия пулини олмайди

Ангорда пахта мавсуми анча жиддийлигини яна бир ҳолатда кузатиш мумкин.

Ангорлик бир тингловчининг Озодликка айтишича, 10 килодан пахта термаган болалик аёллар ва пенсионерларга нафақа пуллари берилмаяпти.

- Энди маҳаллаларга шундай солиқ солиб ташлаган. Мана маҳаллага мой беради, ун берадику. Ҳар бир нафақа олаëтган болали хотинга “10 килодан пахта териб берасан ëки 1000 сўмдан пул берасан” дейди. 1000-1500 сўмдан пулини оладида, кейин маҳалладаги ўзининг норма унини беради, мойини беради. Агар 1000 сўмдан пул бермаса, ҳар кун 10 килодан пахта териб бериши керак. Пулини бермаса ëки пахта териб бермаса, унини ҳам бермайди, мойини ҳам бермайди, нафақа пулини ҳам бермайди. Бизнинг Ўзбекистоннинг тизими қайси тизимга киради ўзи? Капитализмми, социализмми, бюрократизмми, дейди ангорлик отахон.

Ангор туман хокимлигининг иқтисодий масалалар бўйича маъсул мулозими билан телефон орқали боғланганимизда, у бу ҳолат мавжудлигини тасдиқламади, лекин инкор ҳам қилмади.

Озодлик: Агар 10 кило пахта термасанг нафақа пулингни бермайман ëки ўша 10 кило пахтанинг пулини берасан деган гап бўлаяпти экан. Шунақа фактлар борми йўқми?

- Мен эшитганим йўқ.

Озодлик: Сиз эшитганим йўқ деяпсиз, демак бундай ҳолатлар бўлаяпти-ю сиз эшитмаганмисиз?

- Менга қаранг, унақа ҳар хил саволни менга телефонда берманг. Тушундингизми? Бизда ҳокимиятда қатъий тартиб бор. Ҳар ким ўзининг вазифасини бажаради. Кейин боя айтганингиздай ким пулини ололмаган бўлса, тегишли тартибда ҳал қилинади. Масалан кимдир ололмадим деди. Балки тайинланмагандир унга пособие, деди Ангор туман хокимлиги мулозими.


Ангорлик ўн бир ёшли болалар ҳам далада

Айни пайтда Ангор тумани пахта режасини бажара олмаётгани ортидан бошланғич синф ўқувчилари ҳам далага ҳайдалди.

Ангордан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда тўртинчи ва бешинчи синф ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб қилинган.

- Ангорда тўртинчи синф ўқувчилари далада кўрак тераяпти. Шу кўракни пахтасини олиб кейин заводга олиб бориб топширишаяпти, деди ангорлик бир суҳбатдош.

Ангор тумани таълим соҳасида ишлаётган, исми ошкор бўлишини истамаган суҳбатдошимизга кўра, туман пахта режасини бажармагунча ангорлик болалар ҳали бери мактабга қайтмайди.
XS
SM
MD
LG