Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:55

"Ишсизлик йўқ мамлакат"да йилига бир миллиондан янги иш ўрни


Ўзбекистонда миллионлаб иш жойлари яратилаётганига қарамасдан, Россияда миллионлаб ўзбекларнинг мардикорлик қилаётгани ўрис аскиячилари мавзусига айланган.
Ўзбекистонда миллионлаб иш жойлари яратилаётганига қарамасдан, Россияда миллионлаб ўзбекларнинг мардикорлик қилаётгани ўрис аскиячилари мавзусига айланган.

Ўзбекистонда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 800 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Йил охиригача бу кўрсаткични бир миллионга етказиш режалаштирилмоқда. Ўтган йили ҳам бир миллионга яқин иш ўринлари яратилган бўлиб, 2011 йилда ҳам шунча иш ўрнини ташкил қилиниши кутилаяпти.


Самарқандлик Шодия жорий йилда яратилгани айтилаётган бир миллион иш жойларидан бирини эгаллаган ўзбекистонликлардан бири. 24 ёшли Шодия иқтисодчи мутахассислигига эга бўлиб, Самарқанддаги хусусий фирмалардан бирида котиба бўлиб ишлаяпти.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатга рози бўлган Шодияни Самарқанддаги фирма ва ташкилотлар иш тажрибаси йўқлиги важидан мутахассислиги бўйича ишга олмагани боис котиба бўлиб ишлашга мажбур.

Шодия институтни тугатгач икки йил иш излаб, тайинли иш топа олмаган. Айни пайтда у 140 минг сўмлик ойлик маошга ишлаяпти. "Уйда ишсиз ўтиргандан кўра ойлиги кам бўлса, ишлаганим маъқул", дейди Шодия.

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида яшовчи 27 ёшли суҳбатдошимиз эса (у исми сир қолишини истади), Гулистондаги фабрикалардан бирида қоровул бўлиб ишлаган. Бироқ ўрта махсус маълумоти бўлган бу йигит ойлик маоши камлиги боис бир неча ой аввал ишидан воз кечди.

- Гулистондаги бир фабрикада охрана бўлиб ишлаган эдим. 150 минг сўм ойлик тўлади. Бу йўлкирага ҳам, бошқасига ҳам етмас эди. Бунинг устига кунора иш эди. 24 соатдан. Кейин бошқа фабрикалардан иш қидирдим. Ҳеч қаерда иш йўқ. Бўш жойларнинг ойлигини кўрсангиз, йўлкирангизга ҳам етмайди. Гулистонга қатнаш учун кунига 1000 сўм йўлкира керак. Бир коса овқатингиз энг камида 1000 сўм. Яримта нон олсангиз ҳам 400-500 сўм туради. Яна кийимингиз бор. Гулистон шаҳрида оддий ишчининг ойлиги қанча бўлади? Мана ишлаб кўрдик. 150 минг сўм. Икки ой ишладимда чиқиб кетдим,- дейди гулистонлик йигит.

Қашқадарёлик 25 ёшли Рустамбек эса Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтини тугатган. Қишлоқ ҳўжалиги муҳандиси мутахассислиги бўйича ўқиган Рустамбек порахўрлик сабабидан уч йилдан буён ишга жойлаша олмаётганини айтади.

- Мен яқинда битта коллежга ишга кириш учун бордим. Коллеждагилар сурбетларча пул талаб қилишди. Пул олиб келганлар савияси етарли бўлмаса ҳам кираяпти. Пул бермаганлар олий маълумотли бўлса ҳам кира олмаяпти. Яқинимиздаги учала коллежда ҳам шу аҳвол. Ҳамма пул билан ишга кираяпти,- дейди қашқадарёлик Рустамбек.

Хоразмлик Нигина ўтган йили Хива шаҳридаги педагогика коллежини тугатган. Нигина коллежни тугатгач, бир йил иш излаган. Бироқ у Ўзбекистон меҳнат бозорида таклиф этилаётган ишларнинг маоши пастлиги боис жорий йилнинг баҳорида акаларига қўшилиб, Россияга кетган.

- Хива шаҳридаги педколлежни тамомладим. Икки йилу олти ой ўқидим. Тугатиб иш излаб бир-иккита жойга бордим. Иш бор, лекин иш ҳақи жуда ҳам кам. Ҳаддан зиëд кам тўлашади. Ҳатто бир қоп унга етиб қолади. Кўнглимдагидай иш топа олмаганим учун Россияга келишга мажбур бўлдим,- дейди Нигина.

Айни пайтда Нигина сингари дипломи бўла туриб хориж ўлкаларида юрган миллионлаб ўзбек мардикорларини ўз юртида яратилаётгани айтилаётган иш ўринларини эгаллашга ошиқаётгани йўқ.

Россияда меҳнат қилаётган Алижон ана шундай ўзбекистонликлардан бири.

- Ўзбекистонда етарли иш жойи бўлса, мен нима қиламан қорли жойларда сарсон бўлиб? Бу ерда фақат мен эмасман. Мана, яқинда бир врачни кўрдим. Олий маълумотли врач. Ишни ташлаб келган. Агар ишчи ўрни очиладиган бўлса ҳам, 120 минг ойлик олсам, бу Тошкент шароитида етмайди. Мен энг ривожланган шаҳримиз Тошкентда 80-100 минг, боринг ана 150 минг сўм топсам, ўша ерда квартирамга ва еган ичганимга кетади бу пул,- дейди Алижон.

Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда яратилаётган янги иш ўринларини кўз-кўзлаш билан овора.

Uzreport.com сайтига кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 784,9 минг янги иш ўринлари яратилган бўлиб, уларнинг 502,4 мингги қишлоқ жойларига тўғри келади. Йил охиригача янги иш ўринлари сони 950 мингга етказилиши режалаштирмоқда.

Шунингдек, “Иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури” лойиҳасига кўра, 2011 йилда яна 956,2 мингта янги иш ўрни яратиш кўзланмоқда.

Янги иш ўринлари борасида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига телефон орқали мурожаат қилдик.

Вазирлик ходими ҳақиқатдан ҳам ҳар йили мамлакатда сал кам бир миллион янги иш ўринлари барпо қилинаётганини тасдиқлади. Бироқ иш ўринлари борасида батафсил маълумот беришни истамади.

Uzreport.com сайти ёйинлаган маълумотларга кўра, янги иш ўринлари кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш (477,8 мингта), касаначилик (216,2 мингта), ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига ташкил қилиниши назарда тутилаяпти.

Шундай қилиб, мамлакатда ишга яроқли аҳолининг бор-йўқ 0,8 фоизигина ишсиз эканини даъво қиладиган расмий Тошкент, ҳар йили бир миллионга яқин янги иш ўрни ташкил қилишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG