Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:49

Самарқанднинг "Янгибозор"идаги савдогарлар куйиб қолди


Газлама расталарининг ëниши оқибатида¸ савдогарларнинг ўнлаб минг доллар зарар кўргани айтилмоқда.
Газлама расталарининг ëниши оқибатида¸ савдогарларнинг ўнлаб минг доллар зарар кўргани айтилмоқда.

Самарқанд марказидаги “Буюк ипак йўли” кийим-кечак бозорида содир бўлган ёнғин оқибатида 200 га яқин савдогарнинг ҳар бири 10 миллиондан 100 миллион сўмгача зарар кўрди. Атайлаб уюштирилгани тахмин этилаëтган бу ëнғин юзасидан шаҳар ИИБ жиноий иш очишга шошилмаëтир.


Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” кийим-кечак бозорини оддий аҳоли “Янгибозор” дея атайди.

“Янгибозор”да 29 октябрдан 30 октябрга ўтар кечаси содир бўлган ёнғин натижасида одамларга шикаст етмаган, бироқ қимматбаҳо газлама расталаридан иборат 165 та раста ва бозор ёнида жорий йилда қурилган 10та янги дўкон ёниб битган.

Самарқандлик 44 ёшли Гулнора опа ҳам "Янгибозор"да савдо қилиб келган. Гулнора опанинг микрофонга гапирмаслик шарти билан айтишича, ёнғин натижасида унинг тахминан 60 миллион сўм атрофидаги газламалари ёниб кул бўлган.

Ёнғиндан кейин Гулнора опанинг қон босими ошиб, айни пайтда уйида кўрпа- тўшак қилиб ётибди.

“Товарларим ҳаммаси қимматбаҳо эди. Ҳеч нарса қолмаган. Кўриб¸ юрагим тўхтаб қолай деди. Зарар кўрганларга ҳеч ким ёрдам бермас экан. Ҳокимиятга айтсак¸ эшитишни ҳам исташмади”, дейди йиғи аралаш Гулнора опа.

Озодлик илтимосига кўра ёнғин тафсилотларини ўрганган самарқандлик манбанинг айтишича, зарар кўрган савдогарларга ҳеч қандай товон пули берилмайди.

- Ким энди компенсация беради? Страховка бўлмаса, булар хусусий мулк эгалари бўлса. Бунақа катта миқдордаги пулни ким тўлай олади? Бозор ëнганда у ердаги катта миқдордаги товар¸ бойликлар ëнган. У ерда фақат қимматбаҳо материаллар сотилади экан. Аëлларнинг кўйлаклари ҳар бир метри 100 долларгача бор экан. У ерда ҳар бир сотувчининг 10 миллиондан 100 миллионгача (4500 дан 45 минг долларча АҚШ доллари) моллари бўлган. Ёнғин шаҳар аҳолисига ҳам, одамларга ҳам катта моддий зарар етказди. Мен ҳозир Янгибозорда савдо қилган икки-учта савдогарларга телефон қилдим. Биттаси қусаяпти, мазаси йўқ. Иккитасининг қон босими кўтарилган экан, гапиришга ҳолати йўқ, дейди самарқандлик манба.

Айни пайтда¸ ёнғин сабаблари борасида турли хил тахминлар келтирилмоқда.

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуровга кўра, моллари куйган савдогарлар бозорга қасддан ўт қўйилганини тахмин қилишмоқда.

- Бозор куйишидан олдин бир неча марта шаҳар ҳокими келиб “Йиғиштиринглар ишларингизни. Бу ерларни бузиб раста қиламиз” деб гап қилганига анча норозиликлар бўлган. Ўша ерда жанжаллар бўлган. Ëнишдан олдин ҳам, ëнгандан кейин ҳам жанжаллар бўлган. Нимага деганда¸ кўпларининг 15 миллион, 70 миллионлик маҳсулотлари куйиб кетганда. Бозорда ишлайдиганлар, атрофида борди-келди қиладиганлар гумон қилаяптиларки, шунча йилдан бери куймадию, мана шу жанжаллардан кейин бир кечада шундай ëниб кетди¸ деган гапни айтишаяпти. Бехосдан куйиб кетганига ҳеч ишонмаяптилар, дейди Комилжон Ашуров.

Самарқандлик мустақил манба эса, бозорга ўғрилар тушиб, кейин унга ўт қўйганлари бўлиши мумкин деган тахминни келтиради.

- Бир машина молни ўғирлаб, бозордан чиқариб, қоровулни маст қилиб, ўт солган деган гап бор. Битта бозор ходими айтадики, “клиентларимиз хавфсизликка амал қилишади. Светдан ëнса, бунча жой бирданига ëниб кетмайди” деди. Бироқ энди буни тергов аниқлайди, дейди самарқандлик манба.

Айни пайтда “Буюк ипак йўли” бозоридаги ёнғин факти юзасидан дастлабки суруштирув ишлари олиб борилаяпти.

Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлими ходимига кўра, ҳали ёнғин бўйича жиноий иш очилмаган.

- УВД дан Ғозиев деган терговчи ишни олиб бораяпти.

Озодлик: Иш очилдими ëки йўқми?

- Ҳали у номаълум. Уни текшириб кўриб, кейин иш очади, деди Самарқанд ИИБ ходими.

"Янгибозор"да савдо қилган Гулнора опа ҳам бозорга қасддан ўт қўйилган деган тахминга қўшилишини айтади. Унга кўра, шаҳар мутасаддилари "Янгибозор"даги савдогарларни кўчириш тараддудида бўлиб, бир неча бор савдогарлар кўчишни истамасликларини айтиб жанжал ҳам қилишган.

"Янгибозор"даги ёнғин тафсилотларини мустақил ўрганган Комилжон Ашуров айни пайтда ёпилган бозор, кейинчалик ҳам ишга тушмаслиги мумкинлигини айтади.

- Тошкентдан комиссия ҳам келиб кетган. Ҳозир бир махсус гуруҳ тузилган. Уларнинг айтишича, икки ойгача, то текширувлар бўлгунча бозор ëпилган. Икки ойдан кейин ҳам ёнғин баҳона¸ прилавкада савдо қилишга йўл қўймаса керак. Нимага деганда¸ бир йилдан ошиқроқ вақтдан бери “чиқинглар, бўшатинглар” деган гаплар бор эди ҳокимият томонидан. Ҳокимият томонидан бозор территориясида бир неча юзта замонавий расталар қурилди. Ўшаларнинг таннархи 40 миллионгача дейди. Улар “Битта-битта сотиб олиб ёки арендага ишланглар” деяпти. Биз суҳбат қилган тадбиркорлардан “Нимага ўтмаяпсизлар?” деб сўрасак, “Бизга тўғри келмайди. Даромад қила олмаймиз. Нимага деганда таннархи қиммат” дейишди. Анча бўлди янги расталар қурганига. Уни ҳеч ким олмаяпти. Мақсад савдогарларни "Янгибозор"дан чиқариш эди. Мана ёнғин яхши баҳона бўлди, дейди Комилжон Ашуров.

Самарқанд шаҳар хокимлиги билан боғланганимизда, хокимлик вакили айни пайтда бозорда таъмирлаш ишлари бораётганини ва уни ёпиш режаси йўқлигини айтди.

- Особий комиссиямиз бор. Одамлар ишлаяпти. Реконструкция бўлаяпти. Лекин тўхтатиш ëки уни ёпиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, дейди Самарқанд шаҳар хокимлиги вакили.

Самарқанд шаҳар хокимлиги вакили бозор билан боғлиқ бошқа саволларимизга жавоб беришни истамади.

Айни пайтда ёпиб қўйилган “Янгибозор” янги йилдан кейингина ишга туширилиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG