Аввало қалбнинг хотиржамлиги керак
Эркин микрофонга Наманган вилоятидан телефон қилган Абдулло ислми савдогар йигит аввалги эшиттиришимизда тилга олинган бир саволга жавобим бор, дейди.- Озодликни эшитиб ëтган пайтимда бир киши “Ислом инсоннинг ичида бўладими ташида бўладими?” деганга жавоб, ислом биринчидан инсоннинг ичида бўлади. Кейин у ташқарига чиқарилади. Биринчи қалби билан қабул қилиб, Оллоҳга иймон келтириб, кейин иймонини тасдиқ қилиб ташқарига чиқаради. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам биринчи ваҳий келган пайтда ваҳийни қабул қилиб олиб туриб, кейин Хадича онамизга етказганлар. Ундан кейин Абу Бакр Сиддиқ (р.а), кейин Умар (р.а), Усмон (р.а) ва Али муртазоларга етказганлар. Ҳозирги пайтда одамларнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам Ислом яхшимас-да.
Озодлик: Яхшимас деганингиз қандай?
- Масалан, ақли ва қалби хотиржам ҳолатда яшаш керакда. Проблема кўпайиб кетган. Ҳамма ëқда муаммолар дунëсига кириб бўлинган. Инсонларнинг қалбига фақат дунë кириб қолган. Дунë муҳаббатига кучайиб кетилган.
Озодлик: Яъни тирикчилик ташвиши?
- Ҳа. Калламиз фақат дунë учун ишлайдиган бўлиб қолган. Шунинг учун бизга қийин аҳвол бўлаяпти. Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло бизни эсдан чиқариб, мана шунақа кунларни бераяпти. Қийинчилик кунларни бераяпти. Ҳамма ëқда ўзбеклар қийналаяпти, отилаяпти, қирилаяпти, ўзини осаяпти, ўзини ëндираяпти. Ҳаммаси иймон, ислом йўқлигидан. Дунëга бўлган муҳаббат кучайиб кетган.
Озодлик: “Одамларнинг қалби хотиржам эмас. Чунки тирикчилик оғир бўлиб кетган” деяпсиз.
- Қийинчилик сабабики, ҳар нарсада ҳасад, надомат, ўлдирган, куйдирган. Қай ишга қўл урсангиз, алдов, хиëнат. Ҳаммаси иймон, ислом йўқлиги. Худодан қўрқмаслик бу. Тўғри Россия, Америка, бошқа ердагилар яхши яшаяпти. Лекин барибир уларнинг хотиржамлиги йўқ. Секин-секин емирилиб, жамияти ўзидан ўзи, инсонларнинг қалби ва ақли хотиржам бўладиган қонун керак, дейди Наманган вилоятидан телефон қилган Абдулло ислми савдогар йигит.
Унга кепак қўшаётган бўлса керак!
Жиззах вилоятидан сим қоққан яна бир тингловчимиз эса, вилоятнинг Дўстлик туманидан чиқариладиган уннинг сифати кейинги пайтларда жуда ёмонлашиб кетганидан гап очди.“Кўкимтир рангга кирган буғдой унига афтидан кепак аралаштирилмоқда”, дея тахмин қилади суҳбатдошимиз.
- Масалан, ҳар доим ун қиммат бўлса, бирор камчилик чиқади. Аввал бир йили ун қимамт бўлганида, орасида қум бўларди. Нон қилиб есангиз, ғичирларди. Бир хиллари асфалт қўшилган деди. Энди ун яна қимматлаганда, кўкимтир бўлиб чиқаяпти. Худди кепак аралаштиргандай бўлаяпти. Қандайдир кепак. Уннинг қолдиғи бўладию. Энди билмадим ун сал тош боссин деб қилишганми.
Озодлик: Элакка солганда, кўпи кепакка чиқиб кетадида, демак?
- Кўп бўлиб кепакка чиқмайди, лекин тамида бузилиши бўлади.
Озодлик: Қачондан бери шунақа?
- Яқинда ун келди. Аллақачон кўкимтир бўлиб бошлади.
Озодлик: Жиззах вилоятида одамлар асосан маҳалладаги тегирмонлардан чиқарилган унни истеъмол қилишади-а?
- Буғдой билан уннинг нархи деярли бир хил бўлиб қолди. Буғдой сотмайди. Фермерлар ҳам “буғдой кам бўлди”, деб чопиқчиларга буғдой беришмади. Кўпчилик баҳона қилишади. Масалан уч-тўрт йил чопиқ қилиб, буғдойини ололмаганлар кўп. Ун қимматлаб кетган. Фойда қилишса керак. Тош босади. Қимматроққа сотади.
Озодлик: Аҳолида унни сотиб олишдан бошқа чора ҳам йўқда-а? Ëки Қозоғистоннинг унини ҳам сотиб олса бўладими?
- Қозоғистон уни қимматда. Ҳамманинг чўнтаги кўтармайди. Қозоғистон уни 60-70 минг, дейди Жиззах вилоятидан сим қоққан яна бир тингловчимиз.
Тергов билан ҳамкорлик язши, лекин...
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан телефон қилган Қурбон Сойибзода яқинда Ўзбекистон Сенати терговга ҳамкорлик қилган фуқароларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш ҳақида киритган ташаббусни ёқлашини айтади.Аммо, бундай ҳамкорликдан сўнг ҳам жиноятни содир этганларга нисбатан жазо ижро этилмаса, не фойда дейди суҳбатдошимиз.
- Сенаторлар қонун қабул қилибдики, жиноят тўғрисида хабар бериш. Бу тўғрисида олдин ҳам бор эди. Жиноят тўғрисида хабар бериш, хабар бермаслик, кейин жиноий жавобгарликка тортилиш тўғрисида. Қонунда бор бу. Энди бу яхшику. Қонун ҳаммага баравар. Президентдан тортиб оддий ишчигача. Ким агар жиноят қилса, унигн хабарини берамиз ва у жиноят учун хабар бергандан кейин у жиноятни ижро қилиш керакку.
Озодлик: Ижро бўлмади, деганда жиноятчи жазога торилмаса демоқчисизда?
- Ҳамма соҳада қонунбузарлик масалан. Бу қонубузарликнинг жиноятчидан фарқи йўқ. Қайси соҳада бўлса ҳам, жиноят бўлгандан кейин уни хабар бериш керак. Хабар бергандан кейин жиноятни ижро қилиш керакда. Ижро бўлиши керак, жазо олиши керак. Сенатролар тўғри қонун қабул қилаяпти. Жиноятнинг ижроси қандай масала бўлади?,- дея савол қўйяди ўзбек сенаторларига гулистонлик Қурбон Сойибзода.
Таълим тизими туфайли болаларим оч қолмоқда
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани, Қорасув қишлоғидан қўнғироқ қилган Феруза Саидова республика коллежларидаги дарслар вақтини кундузги соат биргача қисқартириш мумкинмикан, дея сўради.Бу аёлнинг сўзларига кўра, икки боласини аранг йўл кира билан таъминлаб, ўқишга жўнатади. Уларга егулик учун пул беришга эса оиланинг қурби етмайди.
Ҳар куни тушда иссиқ овқатсиз қолаётган болаларим кундуз соат 3–4 га қадар оч қолиб кетади, дейди бу аёл.
- Мана коллежларга борсангиз, болалар оч қолиб соат учгача олиб ўтиради. Ўзбекистонда коллежларни кўпайтириб ташлаган булар. Болаларим оч қолиб, ошқозон оғриғи бўлиб келаяпти.
Озодлик: Нимага оч қолдириб ушлаб ўтиради?
- "Ўқийсан", дейди. Уч-тўртгача ўқийсан, деб ўтиради.
Озодлик: Тушликка танаффус йўқми?
- Танаффус бўлгани билан 800 сўмлик, 1000 сўмлик йўлга кетади. Унинг учун мен яна 3000-4000 пул беришим керак. Ҳар куни мен болаларимга узоқ йўлга нима қилиб бера олмайманку. Ҳозир коллежлар узоқроқ бўлган.
Озодлик: Обедлигини кичкина бир нарсага солиб берсангиз бўлмайдими?
- Берганингиз билан иссиқ овқат қаердаю. Шу коллежларни соат биргача қилишнинг ҳеч иложи бўлмас эканми дейманда. Иккигача уйда бўлади. Организм талаб қиладиган вақт обед бўладику. Болаларимни ўйлайман. Қанақа замон бўлди бу. Коллежларга бориб бир нарса ўргатмаса. Унга пул олиб кел, бунга пул олиб кел. Гоҳида одамнинг жаҳли чиқиб, бундай кўрсатувларни эшитиб одамнинг гапиргиси келади, дейди Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани, Қорасув қишлоғидан қўнғироқ қилган Феруза Саидова.
Ишлатмаган электр учун пул тўлаяпмиз
Феруза Саидова шу кунда ҳаммани ўртаб турган электр танқислиги муаммоси ҳақида ҳам гапириш истагини билдирди. “Озодлик” да сўзлаётган ўзбекистонликларни эшита туриб менинг ҳам гапиргим келди, дейди у.- Светлар бўлмайди қишлоқларда. Ярим соат, бир соат ëнади, шу билан йўқ. Нима уни сотишаяптими бирон жойга? Эшитишимиз бўйича Ўзбекистон Афғонистонга сотар эмиш дейди, Покистонга сотар эмиш дейди. Ўзбек халқидан пул олиб ўзига свет бермаса, бу қанақа замон бўлди? Куз бошланса бўлди. То ëзгача бўлади уч ой свет. Ундан бу ëғига ўйнатиб-ўйнатиб светни беради. Ойига 10 мингдан оладиган бўсла, 10 минглик ëқилмайдида. Ҳатоки менимча, 4-5 минглик ҳам ëқилмайди.
Озодлик: Ҳозир ойига 10 минг сўмдан тўлаяпсизларми?
- Ҳа. Сўрамасдан шундай олиб қолинаверади.
Озодлик: Счëтчикка ҳеч ким қараëтгани йўқ?
- Йўқ, счëтчикка қарамайди. Умуман текширмайди. Олдингидай счëтчикка қараб, пул олиб қолиш йўқ. СССР даврида катта бўлганмиз биз ҳам. Ҳеч бундай бўлмас эди. Ҳозир битта ҳам қараш йўқ, дейди Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани, Қорасув қишлоғидан қўнғироқ қилган Феруза Саидова.
Ўғрилар қарзини биз тўлаяпмиз
Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан телефон қилган суҳбатдошимиз ҳам электр токи танқислиги муаммосини тилга олди ва ўз туманида баъзи "ишбилармонларнинг" уйларида кўпайиб бораётган ун тегирмонлари учун электр қуввати ўғирланаётгани оқибатида юзага келган қарздорлик оддий аҳолидан йиғиб олинмоқда, деб нолиди.- Кеча Бухорода эшиттириш бўлаяпти Шофиркон 11 миллиард қарздор деб. Лекин тегирмон ишлайди, пулини териб кетади ўзлари.
Озодлик: Светнинг йўқлиги қишлоқда тегирмон кўпайгани ҳисобига демоқчимисиз?
- Ҳа. Давлатга счëтчик билан эмасда. Ҳаммаси тепадан ташланиб улаб олинган. Лекин давлатга умуман тушадиган жойи йўқ.
Озодлик: Яъни улар ишлатган электрига пул тўламайди.
- Тўламайди. Каттароғи келиб йиғиб кетади. Масалан келади, светни ўчириб “пул йиғиб беринглар, кейин ëқамиз” дейди. Зиëди билан тўлаб қўйганмиз. Айтаяпманку Бухородан эшиттириш бериб Шофиркон 11 миллиард қарздор дейди. Тегирмончиларнинг пули давлатга киритилмайдида.
Озодлик: Сиз йўқ светга пул тўламайман десангиз, нима дейди?
- Қарздорлик кўп. Тўламаса, ўчирилган тураверади. Кейин ҳамманикини ўчириб, трансформаторни қулфлаб кетади,д ейди Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан телефон қилган суҳбатдошимиз.
***********************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!