Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:54

Ўшда гуманитар ёрдам унини сотаётганлар ушланди


Қирғизистонда ун маҳсулотлари тобора қимматлаб бораяпти.
Қирғизистонда ун маҳсулотлари тобора қимматлаб бораяпти.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 2010 йилнинг июн ойида содир бўлган қонли воқеаларда жабр кўрганларга тарқатишга мўлжалланган гуманитар ёрдамга келган 20 қоп унни сотаётган икки киши қўлга олинди.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, гуманитар ёрдамга мўлжалланган 20 қоп унни сотмоқчи бўлганликда гумонланиб қўлга олинган шахслар Ўшдаги 3-квартал қўмитасида истиқомат қилишади.

Замир Сидиқовга кўра, гуманитар ёрдамларни сотиш ҳолати бўйича Ўшда биринчи маротаба жиноят иши қўғатилди:

- Халққа мўлжалланган ун ёки бошқа озиқ-овқатлар бўйича ариза келиб тушса, сўзсиз бошқармамизнинг тегишли бўлимлари иш олиб боради. Бунгача ҳам бундай воқеалар бўлса бўлгандир, лекин бизга ҳеч ким мурожаат қилган эмас. Кўп ҳолларда гуманитар ёрдамларни халқаро ташкилотлари ўзлари одамларга тарқатиб бергани учун ички ишлар органлари ёки маҳаллий ҳокимят бу ишларга аралаша олмайди. Шу сабабли бизга бундай маълумотлар номаълум бўлиб келган. Бу сафар конкрет ариза тушди ва ўша ариза асосида текширув ишлари олиб борилиб, унни каёққа олиб бориб сотганини видеога олиб, далиллар етарли йиғилганидан кейингина гумонланаётган шахслар қўлга олинди, - деди Замир Сидиқов.

Унинг айтишича, гуманитар ёрдамга мўлжалланган ун 1000 қирғиз сўмидан (тақрибан 21 АҚШ доллари – таҳр.) сотилган. Айни кунда Ўш бозорларида 1 қоп ун 29 доллардан сотилади.

Маълум бўлишича, сотишга мўлжалланган гуманитар ёрдам унлари Ўшда жабрланганларга кўмак кўрсатиш билан шуғулланувчи АКТЕД халқаро ташкилотига тегишли бўлган. Ташкилотининг ўз исмини айтишни истамаган ходими гуманитар ёрдамларни одамларга тарқатиш системаси борасида мана буларни айтади:

- Бизда ўзимизнинг критерийларимиз бор. Ўша 11 критерийга тўғри келганларни маҳаллий ҳокимият ўзи танлаб, гуманитар ёрдам олувчиларнинг рўйхатини бизга тузиб беришади. “АКТЕД” ўша рўйхат асосида озиқ-овқатга сўров юборади ва келган озиқ-овқатларни рўйхат асосида одамларга тарқатиб беради. Бизга гуманитар ёрдам олувчилар рўйхати келганидан кейин унинг қандайдир фоизини ўзимиз мониторинг қилиб текширамиз. Агарда талабларимизга тўғри келмаган одамлар бўлиб қолса, биз уларни рўйхатдан олиб ташлаймиз. Бироқ рўйхатни тўла текшириб чиқишга вақтимиз етмайди, - деди АКТЕД ташкилотининг исмини айтишни истамаган ходими Озодликнинг қирғиз шўъбасига.

Июн воқеалари чоғида Қирғизистон муваққат ҳукумати мандати билан жанубга гуманитар ёрдамлар етказиш гуруҳига етакчилик қилган ҳуқуқ ҳимоячиси Тўқтайим Уметалиева гуманитар ёрдамлар мухтожларга етиб бориши учун ёрдам тарқатиш тартибини ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди.

- Ҳар бир гуманитар ёрдам манзилли бўлиши керак. Ҳозирги шароитда, айниқса, бизнинг мамлакатда коррупция кучайган пайтда гуманитар ёрдамларни квартал бошчилари ёки бошқалар орқали тарқатиш нотўғридир. Гуманитар ёрдамлар муҳтож одамларга етиб бориши учун муҳтож одамларнинг ҳар бирига ҳисоб очиш керак. Ўша ҳисобдан ёрдамни муҳтож одамнинг ўзигина олиши керак, - деди Тўқтайим Уметалиева.

Ҳуқуқ химоячиларига кўра, 2010 йилнинг июн қирғинидан сўнг Ўш ва Жалолободга турли халқаро ташкилотлардан ташқари Қирғизистоннинг бошқа вилоятларидан ҳам гуманитар ёрдамлар жўнатилган ва ўша пайтларда ҳам гуманитар ёрдамлар муҳтожларга етиб бормай, ярим йўлда сотилиб кетган ҳоллари кузатилган.

Жалолобод вилояти губернатори Бектур Асановнинг айтишича, вилоятда гуманитар ёрдамга келган уннинг сотилиш ҳолати кузатилиб, бу борада молия полицияси ҳудудий бўлими жиноий иш қўзғатган.

- Бу ерда вилоят давлат маъмурияти, туман қишлоқ ҳукуматлари доирасида комиссиялар тузилган. Бироқ кўпчилик гуманитар ёрдамларни ташкилотлар ўзлари олиб келиб, омборларни ижарага олиб, ўзлари тарқатишади. Гуманитар ёрдамларнинг сотилиши бўйича конкрет аризалар бўлган, бир-икки ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Бирлашган Миллатлар ташкилоти қошидаги халқаро ташкилот унини сотаётганлар қўлга олинган. Бироқ қўлга олинганлар ўша ташкилотда ишлаётган Қирғизистон фуқаролари бўлиб чиқди. Ҳозирда тергов кетмоқда, - деди Бектур Асанов.
XS
SM
MD
LG