Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:15

Тошкентда дўкон ва бозорлар бузилмоқда. Kим манфаатдор?


Юнусобод бозорининг 17 март кунги кўриниши.
Юнусобод бозорининг 17 март кунги кўриниши.

Тошкентнинг Юнусобод деҳқон бозоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилувчи улгуржи бозор ва шу ҳудудда жойлашган ошхона ва дўконлар бир кун ичида бузиб ташланди. Ўзбекистон пойтахтида кучайиб кетган бу каби бузилишлар эса¸ кузатувчилар фикрича¸ мамлакатдаги жиддий иқтисодий муаммолар аксидир.

Йил бошидан буён Ўзбекистондаги Oxus Gold, Turkuaz, Oriflame каби хорижий ширкатлар фаолиятининг тўхтатилиши, Навоий кўчасида жойлашган уй жиҳозлари, маиший ва офис техникалари билан савдо қилувчи расталарнинг бузилиши ортидан, бузилиш тўлқини Юнусобод деҳқон бозорига кўчди.

Бозордаги вазият манзарасини 17 март куни куннинг иккинчи ярмида Озодлик илтимоси билан махсус "бозорга тушган" Солижон Абдураҳимов тасвирлайди:

Бозорнинг 17 март кунги кўриниши.
- Мана бозорга кириб келдим. Кўприк тарафда бузилган жойни кўриб турибман. Столовойлар ҳаммаси бузиб ташланган, Соғ нарсанинг ўзи йўқ, дейди Солижон.

Суҳбат давомида Абдураимов бозорнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи сотадиган ҳудудига ҳам ўтади:

- Деҳқон бозорга кирдим мана. Бу бозорни бир кунда теп-текислаб бўлишибди. Жуда катта тезликда бузиб ташланган. Бу ер улгуржи бозор эди. Менимча 3-4 гектар ер майдони бор. Энди ичкарида нарх-наво сал қимматроқ бўлади. Чунки ичкарида фақат савдогарлар сотади. Одамлар бу жойда “MegaPlanet” гипермаркети учун автомобил стоянкаси бўлади, дейишяпти, дейди Солижон Абдураҳимов.

Суҳбатдошга кўра, улгуржи бозорда бузиб ташланган ошхона ва бошқа дўконлар эгалари бўлаётган бу воқеалардан эсанкираб қолишган. Расмийлар бузилган иморатлар учун товон пули тўлаш ёки бошқа жойга кўчириш ҳақида лом-мим дейишмаган:

Бозорнинг 17 март кунги манзараси.
- Бу ердаги ошхона эгаларидан ҳам шуни сўрадим. Улар, бу сиёсат, биз сиёсатга аралашолмаймиз, дейишди. Бир кун олдин огоҳлантиришган экан: “Бўлди, эртадан овқат пиширмайсизлар, эртадан ошхоналар бузилади”, деб. Мен улардан яна сўрадим, бу товон пули ёки ёрдам пули ҳақида гап-сўз бўлдими, десам, “Йўқ, биз қўрқиб турибмиз, уларга бу ҳақда гапириб бўладими” дейишди,- дейди Солижон Абдураҳимов.

Юнусобод деҳқон бозоридан бозорлик қиладиган Ботир фикрича, кам таъминланган одамлар учун бу бозордаги нарх-наво ичкарига қараганда 15-20 фоиз арзонлиги боис бу ерда савдо қилиш анча қулай эди. Бундан ташқари дейди, Ботир Ўзбекистондаги ишсизлар армиясига яна юзлаб янгилари қўшилди:

- Мана ошхоналар бузилди, гуруч бозор бузилди, гул бозор бузилди, улгуржи деҳқон бозори бузилди. Кўпчиликнинг тирикчилиги шу ерда ўтаётувди, оиласини шу ерда ишлаб боқаётувди. Қанчадан-қанча одам энди ишсиз қолди, дейди Ботир.

Юнусобод деҳқон бозори маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан суҳбатда Юнусобод деҳқон бозорининг бутунлай бузилиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларни рад этди. Бозор маъмурига кўра, бозорда фақат кадастрдан ўтмаган расталар бузилди ва эндиликда бозор замонавий талаблар асосида реконструкция қилинади.

Uzmetronom Интернет газетасининг ёзишича, Ўзбекистонда бозорлар ва савдо объектлар бузилиши ҳақида тарқалаётган узунқулоқ миш-мишларнинг 90 фоизи рост бўлиб чиқмоқда. Тошкентда йўқ қилинадиган навбатдаги савдо объектининг эндиликда “Korzinka.uz” тармоқ дўконлари бўлиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафтада Тошкентдаги “Комфорт элит” номли йирик мебел дўкони ҳам ёпилган эди.

Юнусобод бозорига кириш.
Бу воқеаларни кузатаëтган таҳлилчилар¸ уларнинг Ўзбекистонда бораëтган қатор жиддий жараëнлар акси эканини айтмоқдалар.

Ўзбекистон расмий идоралари жамоатчиликка бу бузилиш ва қурилишларнинг нима мақсадда¸ қайси ва қачонги режага асосан амалга оширилаëтгани ҳақида одатдагидай мутлақ ахборот бермаëтган бир пайтда¸ кузатувчилар мулоҳазалари ҳам¸ норасмий тахминлар устига қурилганини қайд этиш жоиз.

Айрим норасмий манбаларга кўра¸ Тошкентнинг Навоий кўчасидаги савдо дўконларининг бузилиши¸ пойтахтдаги йирик бозорларнинг бузилиб¸ расталарнинг шаҳар марказидан узоқроқ бошқа мавзеъларга кўчирилиши Тошкентни 2020 йилга қадар қайта қуришга оид бош режага мувофиқ амалга оширилмоқда. Бу режани эса¸ айтилишича¸ шахсан президент Каримовнинг ўзи тасдиқлаган.

Бу режада¸ Тошкентни¸ биринчи галда¸ ўз пойтахтини замонавий “сити”га айлантирган Қозоғистон ва Туркманистон президентларига кўз-кўз қилиш учун¸ улкан парклар¸ бизнес ситилар ва улкан гипермаркетлар масканига айлантириш кўзда тутилгани айтилади. Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан жонланган бу режа ижро этилса¸ тахминларга кўра¸ Тошкент марказида шарқона усулдаги савдор расталарию¸ ўзбекча бозорларга жой қолмайди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Илҳом Абдуллаев¸ бу режадан Тошкент кўркининг янада очилишини айтади.

- Навоий кўчасининг бузилиши ҳақидаги фикрлар бундан бир неча йил аввал пайдо бўлган эди. Чунки унинг орқасида жуда катта майдон бор ва бўш турган бу майдондан фойдаланиш керак. Навоий кўчаси Тошкент шаҳрининг асосий кўчаси ҳисоблангани учун ундаги бу савдо марказлари бу кўчага хос эмас эди. Шунинг учун мен бу дўконларнинг бузилишини тўғри¸ деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон бозорларини бож тўланмай мамлакатга олиб кирилаëтган Хитой моллари билан¸ тахминларга кўра¸ асосан Абу Саҳий ширкати таъминламоқда.
Энди Ипподром – Отчопар бозорига қарайдиган бўлсак¸ бу ердаги бузилишларда Абу Саҳийнинг ҳиссаси жуда катта¸ чунки бу ерда айнан Абу Саҳий ўз савдо марказларини кенгайтираяпти. Бу ерда уч қаватли жуда катта савдо маркази қурди. Айтишларича¸ яқин икки-уч йил ичида Отчопарда ҳозирги савдо дўконлари ва расталарининг бирортаси ҳам қолмаслиги мумкин. Бунинг сабабини¸ менимча Абу Саҳийдан қидириш керак¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Илҳом Абдуллаев.

Ҳозирда Ўзбекистондаги юзлаб улгуржи савдо бозорларини Хитойдан ноқонуний равишда келтирилаëтган моллар билан таъминлаб келаëтган Абу Саҳий ширкати эса¸ норасмий манбаларнинг таъкидлашича¸ Ўзбекистон президентининг иккинчи қизи Лола Каримовага қарашли.

Тахминларга кўра, Юнусободдаги Аҳмад Дониш бозори ҳам яқин кунларда "реконструкция" қилинади. Бунинг сабаблари эса, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бизнес империясига бориб тақалиши мумкин.

- Аҳмад Донишнинг рўпарасида¸ янги йил арафасида МегаПланет деган катта гипермаркет очилди. Юнусобод бозорининг бузилишига¸ мана шунинг таъсири жуда катта бўлса керак. Чунки Аҳмад Дониш бозори Тошкентдаги энг катта бозорлардан бири¸ у ердаги савдо айланмаси ҳам жуда катта. Афтидан энди¸ ўша атрофдаги аҳолини ҳам¸бозор ичидаги кичик савдо шаҳобчаларини ҳам янги гипермаркетга жалб қилиш учун бозорни бузишмоқчи¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Тошкентлик савдогар¸ айни пайтда Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг фаоли Жаҳонгир Шосалимов ҳам Юнусобод бозорининг бузилиши ортида МегаПланет эгалари манфаати ëтганини инкор қилмайди. Бу кузатувчига кўра¸ халқ оғзида бу улкан савдо марказининг Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ва Гулнора Каримованинг биргаликдаги лойиҳаси деган тахминлар жуда кучли.

Айни пайтда Жаҳонгир Шосалимов Тошкентдаги бозорларнинг бузилиши¸ хориж ва ўзбек савдогарларининг миллионлаб долларлик молларининг бир кечада мусодара этилиши ортида жуда катта муаммолар турганини тахмин қилади.

- Ўзбекистондаги савдонинг 99.99 фоизи ноқонуний амалга оширилади. Гапимга эътибор беринг – 99.99 фоиз савдо мутлақо қонунларга мос эмас. Бунинг сабаби эса¸ 2001 йилнинг 8 май куни Вазирлар Маҳкамасининг Ислом Каримов имзоси билан бозорларни тартибга солиш тўғрисида чиқарган 154-сонли қарорига бориб тақалади. Мана шу қарор 10 йил давомида кучда қолдирилди¸ кучайтирилди¸ аммо ижро этилмас эди. Охирги пайтларда ўзбек сўмининг қадрсизланиши¸ пенсия фондининг камомади¸ бюджет камомади муносабати билан шу нарсаларга қаралса¸ мамлакат давлатчилиги¸ миллий хавфсизлигига зарар еткизаëтган жараëнлар 10 йилдан бери давом этиб келаëтган экан¸ дейди савдогар ва ҳуқуқ фаоли Жаҳонгир Шосалимов.

Бу кузатувчи тахминларига кўра¸ Ўзбекистонда авжга чиққан порахўрлик¸ давлат мулки ва давлат бюджетидан ўғирланган камомад миқдори бир неча ўн миллиард АҚШ долларини ташкил этади ва эндиликда ана шу камомаднинг бир учини ëпиш мақсадида президент девонидагилар Тошкентдаги ҳам хориж¸ ҳам маҳаллий савдогарларни “қоқиш” режасини ўйлаб топган.

“Ҳозирча асосан савдо айланмаси миллионлаб долларни ташкил этувчи нисбатан катта савдогарлар зиëн кўраëтгани боис¸ кичикроқлари нафасини ютиб ўтирибди. Агар бу жараëн давом этиб¸ 2 миллионга яқин кичик савдогар молига ҳам чанг солинса¸ ҳукуматнинг бу зўравонлиги унинг ўзи учун қимматга тушиши мумкин”¸ деб огоҳлантиради тошкентлик савдогар.

- Қонунларни бажариш керак¸ албатта. Аммо қонунларни бажариш учун уларнинг ўзи тўғри бўлиши керак. Агар савдо корхоналари¸ савдогарларга қарши ҳужумлар тўхтатилмаса¸ оддий аҳоли жабр кўради. Ўзбекистонда савдо қилиш учун мол қолмайди¸ сўмни таъминлаш учун товар қолмайди. Зотан¸ сўм қурбини ушлайдиган ҳеч нарса йўқ. Мана шунинг отини ҳақиқий кризис¸ бўҳрон дейди. Мана шуни раҳбарлар мавжуд шароитни бошқаришни издан чиқариб юборгани аломати дейилади. Бунинг оқибати эса¸ вой бўлиши мумкин¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.
XS
SM
MD
LG