Линклар

Шошилинч хабар
21 апрел 2025, Тошкент вақти: 01:16

Халқаро комиссия Ўш қирғини хронологиясини тиклади


Халқаро комиссия хулосасига кўра, Ўш-Жалолобод воқеаларида жабрланганларнинг тўртдан уч қисми ўзбеклардир.
Халқаро комиссия хулосасига кўра, Ўш-Жалолобод воқеаларида жабрланганларнинг тўртдан уч қисми ўзбеклардир.

Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия тақдим этган 103 саҳифали ҳисобот сўзбоши ва 5 бобдан иборат.

Ҳисобот сўзбошисида халқаро комиссиянинг тузилиш тарихи ва иш услуби, тадқиқот методологияси, комиссия аъзолари ҳамда уларнинг фаолияти ҳақида гапирилади.

“Қирғиз сиёсатчилари ўзбекларни тенг ҳуқуқли кўришга тайёр эмас эдилар”

Шундан сўнг 1-боб Ўш қирғинига сабаб бўлган тарихий омиллар ва сиёсий контекстга бағишланган.

Ушбу бобнинг 34-абзацида айтилишича, “Қирғизистоннинг Фарғона водийсида асосан ўзбеклар яшаган. 1960 йилдан Ўш каби шаҳарларда индустриализация бошланди. Ўша пайтларда қишлоқларда яшаётган қирғизларнинг шаҳарларга кўчиши, саноат корхоналари ва давлат маъмуриятларида ишлаши рағбатлантирилди. Бу икки гуруҳ ўртасидаги ижтимоий таранглик ўша йилларда бошланди”.

Ҳисоботнинг мазкур бобида айтилишича, Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларидаги шаҳарларда қирғиз аҳолисининг кўпайиб бориши ўзбекларнинг ижтимоий муаммоларини кучайтириб юборган. Жумладан, 1991 йилда Қирғизистон мустақилликни қўлга киритгач, этномиллатчилик ривожлана бошлаган. Ишчи ўринлари, ер ва сув учун кураш оқибатида авжга чиққан ижтимоий тарангликни қирғиз ҳукумати 1990 йил воқеларидан сўнг ҳам бартараф этишга ҳаракат қилмаган.

Натижада 2006 йилдан бошлаб ўзбек жамоатчилиги ўз муаммоларининг ҳал этилиши учун ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида ўзбекларга ҳам ўрин берилиши талаби билан чиқа бошлаган.

Халқаро комиссияга кўра, бундай талабларда жон бўлган. Чунки Қирғизистон судларида фақат 1 нафар ўзбек миллатига мансуб судя, Миллий хавфсизлик хизматида эса фақат 1 нафар ўзбек терговчи ишлайди. Ички ишлар вазирлигида ўзбек миллатига мансуб ходимлар сони бармоқ билан санарли. Ҳукуматда эса вазир ёки уларнинг ўринбосарлари лавозимида бирорта ҳам амалдор йўқ.

Ҳисоботнинг мазкур бобида 2010 йил апрел воқеаларидан сўнг ўзбек лидерлари аҳолини сиёсий фаолликка чақиргани, бироқ ўзбеклар йиғинларининг бирортасида ҳам автономия тўғрисидаги талаб янграмагани, аксинча ўзбеклар ўзларига ҳукумат томонидан мамлакатнинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида қаралишини талаб қилганлари ҳақида ёзилади.

“Айрим қирғиз сиёсатчилари баъзи масалаларда ён беришга тайёр бўлсалар ҳам, ўзбекларни тенг ҳуқуқли кўришга тайёр эмас эдилар”, дейилади ҳисоботда.

Халқаро комиссия июн воқеалари хронологиясини тиклашга ҳаракат қилди

Ҳисоботнинг иккинчи боби “Ўш ва унинг яқинидаги вилоятларда содир бўлган 2010 йил июни воқеларига алоқадор фактлар ва жиҳатлар” деб номланади.

26 саҳифадан иборат ушбу бобда 1 июндан 14 июнгача бўлган воқелар хронологияси батафсил ёритилган.

Мазкур бобда айтилишича, июн ойининг дастлабки кунларида Қирғизистон жанубида маиший миллатчилик авж олган.

10 июнга қадар маиший миллатчилик билан боғлиқ бўлган энг катта мажоролар Ўш шаҳрида бўлиб ўтган. Жумладан, 9 июн куни ярим тунда Ўшдаги “Фарҳод” чойхонаси олдида бир неча юз ўзбек ва қирғиз ўртасида тўқнашув содир бўлган.

10 июн куни соат 18.00 да “Ал Бухорий” масжиди олдида 500 га яқин қирғиз ва 500 га яқин ўзбек тўқнашган. Шу куни соат 21 да Ўш районидаги Масалиев ва бошқа кўчадаги дўконлар таланиб, 20 та қирғиз ва 30 ўзбек ўртасида муштлашув содир бўлган.

10 июн куни соат 22 да “Олой” меҳмонхонаси олдидаги “24 соат” казиноси олдидаги тўқнашув оқибатида қирғин бошланиб кетган.

Халқаро комиссия тиклашга ҳаракат қилган воқеалар хронологиясида айтилишича, казино олдида ютиб олинган ёки ютқазилган пул борасидаги можаро оқибатида “Олой” меҳмонхонаси олдига минглаб ўзбеклар ва қирғизлар йиғилган. Комиссия ўзбеклар сони “3000 нафар эди” деган маълумотни келтиради. Бироқ қирғизлар сони қанча бўлгани тўғрисида аниқ рақам йўқ.

Мазкур бобнинг 130-абзацида айтилишича, ўзбек гувоҳлар оломонни тарқатиш учун етиб келган махсус кучлар ўзбекларга қарши ўқ отганини айтишган. Аммо кўрсатма берган қирғиз гувоҳлар ўқлар ҳавога қарата отилганини билдиришган.

Комиссия ҳисоботида Ўш давлат университети ётоқхонасида ўзбеклар томонидан қизларнинг зўрлангани тўғрисидаги тасдиқланмаган миш-мишлар турли жойлардан Ўш атрофига қирғизларнинг тўпланишига туртки бўлган. Комиссия шу ўринда ётоқхонадаги талаба қизлардан бирортаси ҳам зўрланмаганини таъкидлайди.

Хулосада айтилишича, қирғизларнинг тўпланаётгани ва “Олой” меҳмонхонаси олдидаги воқеа ўзбек маҳаллаларида баррикадалар тикланишига туртки бўлган. Маҳаллалар аҳолиси 10 июн куни туни тошлар, дарахтлар ва контейнерлардан баррикадаларни қурганлар.

Воқеалар хроникасининг 139-абзацида 11 июн куни эрталаб Ўшнинг Осмонов ва Подгорная кўчалари кесишган жойга Лайлак, Қадамжой, Қизилқия, Новқат ва Аравондан келган 5000 қирғиз йиғилгани таъкидланади. Ўшнинг Фурқат қишлоғи яқинида эса Моди, Гулча, Чўнг Олой ва Қорағулжадан бир неча минг қирғиз йиғилган.

“…ўзбек маҳаллаларига ўзбеклар мол–мулкини ёндириш мақсадида қуролланган қирғизлар ва БТРлар билан қилинган ҳужумлар уларнинг режаланганини кўрсатиб турибди”, дейилади ҳисоботнинг 146-абзацида.

Мазкур бобнинг 148-абзацида “Ўзбек маҳаллаларига ҳужумлар муайян модел асосида амалга оширилган. Биринчидан, баррикадаларни бузиш БТРлар ёрдамида амалга оширилган. Бу жараён кўпинча “снайпер”лар томонидан қўллаб турилган. Иккинчидан, маҳаллаларга қуролланган одамлар БТРлар билан кириб келган. Учинчидан, уйлар таланган ва ўт қўйилган. Талончилик айрим ҳолатларда аёллар томонидан мувофиқлаштирилган. Таланган мол-мулк машиналарда олиб чиқиб кетилган. Кўп ўзбеклар ўз уйларида калтакланган ва ўлдирилган. Айрим талончилар ҳарбий кийимларда бўлишган”, дейилади.

Халқаро комиссия хронологиясида Ўш маҳаллалари ва унинг атрофидаги қишлоқларга қилинган ҳужумлар, талончиларга қайси вақтда ва қаерларда қуроллар тарқатилгани, тортиб олинган қуроллар ҳақида ҳам маълумот берилади.

Хронологияда айтилишича, Ўшдаги “Носталжи” кафеси шаҳарга туманлардан келган қирғизларнинг бош штабига айлантирилган. Бу ерда ўзбек аёллари зўрланган ва гаровда ушлаб турилган. Гаровдаги одамлар кейинроқ уларнинг яқинларига катта миқдордаги пул эвазига алмаштирилган.

Ҳисоботда июн қирғинидан сўнг ўтказилган зачисткалар пайтида ҳам этник ўзбеклар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилгани алоҳида таъкидланади.

“Ўзларини танитмаган махсус хизматлар ходимлари ўзлари истаган жойда рухсатсиз тинтувлар ўтказишган ва асосан ўзбек ёшларини ҳибсга олишган. Ўзбек ёшларининг ҳибс қилиниши расмийлаштирилмаган ва ундан таъмагирлик мақсадида фойдаланилган”, дейилади ҳисоботнинг 201-абзацида.

Мазкур бобнинг “Тергов ва айблов” қисмида айтилишича, 2010 йилнинг декабрида Ўш қирғини юзасидан прокуратура 5 162 жиноят ишини очган. Бу жиноят ишлари юзасидан айблов билдирилганларнинг 79 фоизи ўзбек, 18 фоизи қирғиз ва 3 фоизи бошқа миллат вакилларидир.

“Тергов жараёнида 306 киши қўлга олинган. Улардан 271 одам қамалган. Улардан 39 нафари қирғиз, 230 нафари ўзбек ва 2 нафари бошқа миллат вакили”, дейилади ҳисоботда.

“Ўш воқеаси инсониятга қарши жиноятдир”

Халқаро комиссия ҳисоботининг учинчи бобида зўравонликларнинг халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан таснифи берилган.

Бу бобда геноцид, ҳарбий жиноят, инсониятга қарши жиноят тушунчаси халқаро ҳуқуқ меъёрлари бўйича таърифланган.

Халқаро комиссия таснифлардан келиб чиққан ҳолда, Ўш қирғини “геноцид, ҳарбий жиноят бўлмаган, лекин у инсониятга қарши жиноят бўлган” деган хулосани очиқлаган.

Мазкур бобда Ўш қирғинида айбланиб қўлга олинганларга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўлланилгани ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қирғиндан сўнг ҳам ўзбек аҳолиси ҳуқуқларини поймол қилгани айтилади.

“Халқаро комиссия Наримон қишлоғи, Черемушки ва Шаҳидтепадаги ўзбекларга қарши қаратилган зачисткалар халқаро ҳуқуқ ва Қирғизистон қонунларини қўпол равишда бузиш билан амалга оширилган, деб ҳисоблайди. Юзлаб одамлар, асосан, ўзбеклар калтакланган ва хўрланган. Шундан сўнг улар ноқонуний тарзда қамоққа олинган. Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари ноқонуний равишда хусусий уйларни тинтув қилган, тинтувдан сўнг улар аҳолининг мол-мулкини талон қилишган ва ўзлари билан олиб кетишнинг иложи бўлмаган нарсаларни вайрон қилишган, аҳолининг ҳужжатларини тортиб олишган”, дейилади ҳисоботнинг 289-абзацида.

Қирғиз ҳарбийлари ҳам ўзбек маҳаллаларига ҳужум қилгани ҳақида маълумотлар бор

Халқаро комиссия ҳисоботининг 4-боби “Масъулият” деб номланади.

“Биргина Ўш ҳудудида оломон тортиб олган ёки зобитлар томонидан оломонга тарқатилган қуроллар сони 134 та бўлган. Бундан ташқари, оломон қўлига 2 та снайпер милтиғи, 2 пулемёт,1 миномёт, 3 тўппонча ва 2 та БТР ўтиб кетган”, дейилади мазкур бобда.

Халқаро комиссия шу ўринда айрим ҳарбийлар ўзбек маҳаллаларига қилинган ҳужумларда иштирок этган, деб ҳисоблайди ва бу ҳужумлар содир бўлган манзил ҳамда вақтларни белгилайди:

11 июн Оқбурада эрталабки соат 6 да, Фурқатда соат 12 да
11 июн Ал Ҳаким шифохонаси олдида тушга яқин ва Черёмушкида 13.30 да
12 июн Мажримтол кўчасида, эрталабки соат 7 да
12 июн Фурқатдаги Памирская-Монуев кўчаларида эрталабки 5 ва 8 оралиғида
12 июн куни Навоий кўчасида 8 ва 13 лар орасида, Наримонда тахминан соат 10 да (Ҳисоботнинг 338 - абзаци)

Халқаро комиссияга кўра, ҳукумат воқеа жойида 2000 ҳарбийга эга эди. Бироқ бу ҳирбийларга зўравонликларни тўхтатиб қолиш тўғрисида кўрсатма берилмаган. Милиция ва хавфсизлик ходимлари зўравонликларга гувоҳ бўлсалар-да, уларнинг олдини олиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаганлар.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, халқаро комиссия мамлакатни 7 апрелдан сўнг бошқара бошлаган муваққат ҳукуматни Ўш қирғинини тўхтатиб қола олмаганлиги учун жавобгар, деб билади.

Тавсиялар

Халқаро комиссия қирғиз ҳукуматига бир қатор тавсияларни берган. Тавсияларнинг тафсилотларсиз рўйхати қуйидагича:

1. Плюралистик давлат қуриш ҳақида
2. Тил, маданият ва маориф ҳақида: бу тавсияда, жумладан, ўзбек тилига муниципиал ва регионал даражада махсус мақом берилиши таклиф қилинган.
3. Бошқарув ҳақида
4. Аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги ҳақида
5. Оммавий ахборот воситалари ҳақида: бу тавсияда, жумладан, миллий телерадио дастурларини қирғиз, рус ва ўзбек тилларида олиб бориш таклиф этилади.
6. Жамоат хавфсизлиги ҳақида: бу тавсияда, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идораларида миллий озчилик вакилларига ҳам ўрин берилиши мақсадга мувофиқ, деб топилган.
7. Жавобгарчилик ва масъулият ҳақидаги тавсиялар: унда, жумладан, Ўш қирғинида айбланганлар адолатли судлов қилиниши лозимлиги таъкидланади.


Қирғизистон ҳукумати халқаро комиссия хулосасининг айрим бандларига қўшилмайди

Қирғизистон ҳукумати халқаро комиссия ҳисоботига жавобан 23 саҳифали ўз шарҳларини эълон қилди.

“Қирғизистон ҳукумати халқаро комиссия ҳисоботида бир миллат томонидан содир этилган жиноятларни урғулаб, айни мана шу миллат орасида ҳам жабрланганлар бўлганини эътиборга олмаслик ва иккинчи миллатни фақат жабрдийда қилиб кўрсатиш тенденциясини қўлламайди”, дейилади баёнотда.

Қирғиз ҳукумати баёнотининг 3–қисмида ўзбекларнинг қирғизларга қарши содир этган жиноятлари бирма-бир келтирилади ва халқаро комиссия ўз ҳисоботида мана шу жиноятлар ҳақида кам гапиргани иддао қилинади.

Бундан ташқари, қирғиз ҳукумати халқаро комиссиянинг “ХХ асрнинг 60-йилларида жанубий Қирғизистон шаҳарларида асосан ўзбеклар яшар эди, қирғизларнинг шаҳарларга кўчиши оқибатида этномиллатчилик ривожланиб, ижтимоиий муаммолар пайдо бўла бошлади” шаклидаги эътирофига қарши эканини билдирган.

Қирғиз ҳукумати баёнотида айтилишича, “Қирғизлар Фарғона водийсида қадим замонлардан бери яшаб келган ва Фарғона водийси тараққиёти учун улкан ҳисса қўшган”.

Қирғиз ҳукумати баёнотининг 27-28 абзацларида ўзбек маҳаллаларига ҳужум қилганлар ҳаракатини оқлашга бўлган интилиш сезилади, жумладан:

27-абзац – Халқаро комиссия 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси “саҳарги 3 да кўплаб ўзбек маҳаллалари баррикадаларни тикладилар”, деб ёзади. Комиссия улар нега баррикада тиклашганини очиқламайди. Аслида 10 июн тунида кўпчиликни ташкил этган ўзбекларнинг ҳужум тактикаси оқибатида қирғиз тарафидан кўплаб одамлар ўлди. 11 июн куни эрталаб Ўшдаги қонли тўқнашув хабари Олой, Қорағулжа, Қорасув районларининг тоғли ҳудудларига етиб борди. Шаҳарга эркаклар, асосан, ёшлар кела бошлади.

28-абзац – Халқаро комиссия хулосасида ҳужумлар баррикадаланган ҳудудларга уюштирилгани айтилади. Нега қирғизлар ҳаётларини хавф остига қўйиб, ҳимояси кучайтирилган ҳудудларга ҳужум қилишди, айни пайтда баррикада қилинмаган бошқа маҳаллалар ва ўзбеклар зич яшайдиган бир қатор туманлар (Ўзган, Аравон, Новқат ва бошқалар) қирғиз тўдаси томонидан ҳужумга учрамади? Бу саволга халқаро комиссия жавоб изламаган. Бу ўринда шундай хулоса келиб чиқади - ҳимояси кучайтирилган ҳудудларга ҳужум қилиш қасос олиш, яқинлари қотилларини ва қуролларни топиш мақсадида амалга оширилган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, қирғиз ҳукумати “Ўш воқеалари инсониятга қарши жиноят бўлмаган” деб ҳисоблайди.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати халқаро комиссия ҳисоботида эътироф этилган бир қатор ҳолатларни, жумладан, тергов, зачисткалар давомида инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳолатлари юзасидан билдирилган хулосаларни қабул қилади. Қирғизистон ҳукумати “бундай ҳолатлар юзасидан ҳар бир факт жиддий текширилиб, айбдорлар жазога тортилиши”ни маълум қилади.

Қирғиз ҳукумати баёнотида халқаро комиссия тавсиялари қабул қилинишини ва бу борада махсус комиссия ташкил этилгани ҳам айтилади.
XS
SM
MD
LG