Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:21

И.Каримов: Араб ғалаёнини ташқи кучлар содир қилди


Каримов фикрича, Андижон хунрезлиги билан араб исёнларининг сабаблари уйғундир.
Каримов фикрича, Андижон хунрезлиги билан араб исёнларининг сабаблари уйғундир.

Президент Каримов нефт ва газ заҳиралари Араб дунёсидаги бўлгани каби Андижондаги қонли воқеаларга ҳам сабаб бўлгани ҳақида гапирди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 9 май куни Ўзбекистон телевидениеси орқали қилган чиқишида илк бор араб давлатларидаги ғалаёнлар ҳақида сўзлади ва бу ғалаёнларни ташқи кучлар келтириб чиқарди, деб баёнот берди.

Президент Ислом Каримовга кўра, бой табиий заҳиралар, айниқса, нефтга эришиш учун ташқи кучлар бу давлатларга таъсир кўрсатган ва шундай тартибсизликларни келтириб чиқарган.

- Хулоса шундан иборатки, Араб оламини бузиш, тинчлигини бузиш, бир-бирига қарши қўйиш¸ албатта, четдан туриб таъсир ўтказмасдан туриб бу нарса бўлмайди. Бу катта кучларнинг режаларига киради. Жуда катта бойликка эга бўлган юртларда бунақа, айтайлик бузғунчилик, бунақа қарама қаршилик, бунақа урушларнинг тасодифан пайдо бўлишига мен ишонмайман, - деди президент Ислом Каримов 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон телевидениесида қилган чиқишида.

Ўзбекистон расмий телевидениеси орқали шу кунга қадар араб диёридаги халқ ғалаёнлари ёритилмаётгани кузатилмоқда ва афтидан, президент Каримов бу мавзуни расмий телевидениеда тилга олган илк расмий бўлди.

2010 йилнинг декабр ойида Тунисда бошланиб, 2011 йилнинг феврал-март ойларига келиб бутун араб дунёсига ёйилиб келган норозилик намойишлари ҳақида шу кунга қадар президентдан ташқари Тошкентнинг бошқа бирор расмийси баёнот бергани кузатилмади, деди тошкентлик журналист Алексей Волосевич Озодлик билан суҳбатда.

- Шу кунга қадар Ўзбекистон телевидениесидаги “Ахборот” дастури худди дунёда бундай воқеа бўлмагани каби исталган бошқа воқеалар, масалан, Лотин Амеркасидаги сув тошқини, Жанубий-Шарқий осиёдаги фалокат, Германиядаги автомобиллар тўқнашувига ўхшаш хабарнигина беришади. Аммо, энг муҳим воқеаларни беришмаётган эди ва бу кулгили эди, - дейди тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич.

Аммо, журналист фикрича, Ўзбекистонда халқ бу воқеалардан хабардор.

- Чунки норасмий телевидение ва радио каналларда бу ҳақда хабарлар берилганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, воқеалар бошланган илк кезда мустақил радиолар уни кенг ёритди. Лекин, охир-оқибат, расмий Тошкентнинг бу ҳақда гапиришга мажбур бўлиши тайин эди,- дейди журналист Алексей Волосевич.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов ҳам бу воқеалардан етти ёшдан етмиш ёшгача эл-юрт хабардор, деган фикрда.

Бундай воқеаларга оид хабарлар расмий матбуот сир тутгани сари яна-да жамаотчилик учун қизирқарли бўлиб бормоқда ва одамлар ўз ҳамфикрлари доирасида бу ҳақда фикр алмашмоқдалар.

Шу боис ҳам расмий Тошкент, охир-оқибат, бу воқеаларга муносабат билдиришга мажбур бўлди, деди Фарҳод Толипов ҳам Озодлик билан суҳбатда.

- Торнадолар ҳақида гапирсакда, қандайдир иқлим ўзгариши, глобал муаммолар ҳақида гапирсакда, Араб давлатларида бўлаëтган воқеалар ҳақида лом-мим демасак, ғалати кўринган бўларди. Шунинг учун ҳам барибир бу масалага дуч келишимиз муқаррар эди. Ва ниҳоят, мана шундай позиция билдирилди. Араб давлатларида бўлаëтган воқеалар бугун-эрта тугамаса керак ва қанчалик бизнинг матбуотимиз энди уни давом эттириб, шарҳлаб борар экан, буни кузатиш керак, - дейди Фарҳод Толипов.

Айни кезда президент Каримовнинг араб давлатлари воқеаларига муносабат билдирганининг ўзи бир воқеа бўлса, ўз муносабатига яқинда 6 йил тўладиган Андижондаги 2005 йилги қонли воқеаларни қўшиб гапиргани яна бир воқеа бўлди.

- Мен аввал ҳам айтганман, минг афсуски, қайси давлат ер ости, ер усти бойлигига эга бўлса, авваламбор углеводород деймиз, анави нефт, газ билан бой бўлса агар, бу давлатларда албатта мана бунақа тушунмовчилик, бир қарашда худдики ичидан чиқаяпти, чуқурроқ қарайдиган бўлсак, тайëргарлик кўриб, катта маблағни бунга ташлаб, четдан туриб таъсир қилмаса, бундай қарама-қаршилик, бундай нотинчлик ҳеч қачон бўлмайди, -деди президент Каримов 9 май кунги чиқишида.

Ҳам араб давлатлари, ҳам 2005 йил Андижонда содир бўлган ва расмий маълумотларга кўра 300 га яқин, норасмий маълумотларга кўра эса минглаб одамни ҳаётдан олиб кетган 13 май воқеаларини ҳам ташқи кучлар содир этгани ҳақида президент Каримов илгари сурган иддаога айни кезда турли муносабатлар билдирилмоқда.

Жумладан, Озодлик муштарийлари орасида бу иддаони мутлақо ҳақли, деб қувватлаётган ўқувчилар бунга халқ ғалаёнларининг табиий заҳираларга бой ўлкаларда содир бўлаётганини асос қилмоқдалар.

Худди шундай асосни тилга олган президент Каримов фикрига қарши чиқаётган муштарийлар эса бундай ғалаёнларнинг диктатура режими остидаги камбағал давлатларда содир бўлаётганини тилга олиб, ва ниҳоят, бундай ғалаён аҳолисининг асосий қисми камбағал бўлган Ўзбекистонда ҳам юзага чиқиш эҳтимоли борлиги ҳақида ёзмоқдалар.

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса президент Каримов баёноти мазмунига муносабат билдира туриб, араб давлатларида бирин-кетин юзага чиқиб кетган ғалаёнларнинг ҳаммасини табиий бойликларни қўлга киритиш истагига боғлаш ғалати кўринади, дея эътироз билдирди.

- Айниқса, рангли инқилоблар дейилган инқилобдан бу воқеаларнинг фарқи шуки, кўпроқ бу воқеаларнинг сабаблари ташқарида эмас мамлакатнинг ичкарисида, ташқи аралашув билан эмас халқнинг ўзи кўтарилиши кузатилаяпти, деган фикр бор. Мен кўпроқ шу фикрни қўллаб-қувватлаган бўлардим. Нефт бўладими ëки бошқа табиий бойликларми уларни сотиб олиш масаласи турган бўлса, унга тинч йўл билан ҳам савдо қилиб ҳам эришиш мумкин. Кетма-кет бир қатор давлатларда содир бўлаëтган воқеаларнинг ҳаммасини биттагина табиий бойликлар билан боғлаш мен учун ғалати кўринади,-деди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
XS
SM
MD
LG