Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:29

Ржевда ўшлик талабалар муаммоларга дуч келмоқда


Космонавт Солижон Шарипов ëрдами билан Ржев Агроколлежида таҳсил олаëтган бир гуруҳ ўшлик ўзбек талабалар.
Космонавт Солижон Шарипов ëрдами билан Ржев Агроколлежида таҳсил олаëтган бир гуруҳ ўшлик ўзбек талабалар.

Россиянинг Тверь область, Ржев шаҳридаги Агроколлежда космонавт Солижон Шариповнинг ëрдами билан ўқиётган 272 нафар қирғизистонлик ўзбек талаба 10 май куни ётоқхоналарига қайтарилди. Бу маълумотни Озодлик ўқув юрти директори Сергей Жегуновдан олди. Ёши 15 дан 18 гача бўлган болаларнинг 5 кун давом этган саргардонлиги, жаноб Жегуновнинг айтишича, улар билан боғлиқ муаммолар занжиридаги бир ҳалқа холос ва қирғизистонлик ўзбек талабалар туфайли Агроколлежга нисбатан сентябрда бошланган босимнинг охири кўринай демаяпти.


Ржев Агроколлежида ўқийдиган қирғизистонлик ўзбек болаларнинг ётоқхонадан чиқариб юборилганини 10 май куни Озодликка қўнғироқ қилган ўшлик аёлдан эшитдик.

Фарзанди Агроколлеж талабаси, ўзи Москвада қочқинликда яшаётган 35 яшар Шаҳзодахоннинг айтишича, Ржев шаҳар прокуратураси ўқув юрти раҳбарияти норозилигига қарамай, коллеж ётоқхоналарини ёпиб қўйган.

- Мана беш кундан бери ëтоқхонасини печатлаб чиқиб кетган. Спорт залларда ëтишиб юрибди.

Озодлик: Ким печатлаб чиқиб кетган? Нимага?

- Прокуратурадан “10 кунга ëпилади ëтоқхона. Хоҳлаган ерингга олиб борасан. Лекин биз печатлаймиз” деб печатланган. Ҳозир ҳеч қанақа иссиқ овқатсиз, ҳеч нимаси йўқ спорт залларда, активий залларда бечоралар тагига биттагина матрасни солишиб ëтишибди сухой поëкда, деди ўшлик Шаҳзодахон.

Коллеж талабаларидан бири 17 яшар Достон билан ҳам гаплашдик. Унинг айтишича, ота-онаси Ржевга яқинроқ жойларда яшаётган талабалар ота-оналарининг олдига бориб олган. Кўпчилик коллежнинг спорт залида яшамоқда.

- Ëтоқхонамиз ëпилди бизнинг. Бир ҳафтага дейилди. Биз билмаймиз нимагалигини. Беш кунга қариндошларингникига кетсанг кетиш, энди беш кунга ëтоқхонадан чиқиб кетиш дедида.

Озодлик: Ўшдан келганлар ҳаммаси бўлиб нечта?

- 300тача.

Озодлик: Қаерда ëтибди шу 300тача бола?

- 10та одам Москвага кетди. Қолган ҳаммаси қолди шу ерда. Спорт зали бор. Ўша ëққа тўшакларни олиб чиқиб нима қиламиз деди. Совуқлиги учун қариндошимиз борлигига келиб олдик, дейди ўшлик талаба Достон.

Ржев Агроколлежи директори Сергей Жегуновнинг 11 май куни Озодликка маълум қилишича, талабалар 10 май куни ётоқхоналарга қайтарилди.

- 9 майдан 10 майга ўтар тунда - ярим кечаси ўқув корпусидан ётоқхонага кўчишни бошладик, деб хабар қилди коллеж директори.

Бир қарашда, муаммо ҳал бўлгандай: болалар ётоқхоналарга қайтди.

Лекин ўқув юрти директори Жегуновнинг фикрича, болаларнинг 5 кунлик саргардонлиги бир неча ойдан бери давом этаётган муаммоларнинг бир кўриниши холос.

Озодлик бу ҳақда ўз вақтида ёзган ҳам эди.

Қирғизистонлик 272 ўзбек бола Агроколлежга ўқишга қабул қилинган кунлардан бошлабоқ ўқув юрти раҳбариятининг комиссия кузатишдан, текширувчи кузатишдан, тафтишчи кузатишдан боши чиқмаяпти.

Масаладан хабардор кишиларнинг айтишича, текшир-текширлар шахсан Ржев шаҳри мэрининг буйруғи билан ўтказилаяпти.

Бу ҳақда директор Жегуновнинг ўзи 2010 нинг декабрида мана бундай деган эди.

- Мен очиқчасига айтишим мумкин - шаҳарнинг янги мэри гастарбайтерлардан, тадбиркорлардан пул йиғишга ўрганиб қолган. Губернатор Зеленин уни ҳатто ишдан олиб ташламоқчи эди. Барча муаммолар пулга бориб тақалмоқда. Яъни, бошқа мамлакат фуқаролари шаҳарга келибди - қандай қилиб улар порасиз коллежга жойлашиб олди?! Пулини тўласин, деган фикрда юрибди, деган эди Сергей Жегунов.

Сергей Жегунов бу гапларини 11 май кунги суҳбатда яна такрорлади.

Ўзбек талабаларини эса, директор оғзидан бол томиб мақтади.

- Самбо бўйича ўтказилган шаҳарлараро мусобақаларда 9 та медалдан 8 тасини ўзбек болалар олди. Улар айнан бизнинг коллеж талабалари эканлигидан фахрланаман, деди Жегунов.

Қирғизистонлик 272 ўзбек бола Ржев Агроколлежига Ўш воқеаларидан кейин ўқишга кирган эди. Уларнинг Россия ўқув юртига қабул қилинишига МДҲ га аъзо мамлакатлар ўртасида имзоланган тегишли шартномалар ҳуқуқий асос бўлган.

Агар космонавт Солижон Шарипов жон куйдирмаса, ўша шартномалар ишга тушмас, 272 ўсмир ўқишга кирмай қолиб кетаверар эди.

Биз ватандошларини ўқишга жойлаган космонавт билан ҳам боғландик.

Озодлик: Сизнинг ташаббусингиз билан бўлдида бу иш. Агар сиз бўлмасангиз, шу 250та бола ўша ерга бориб ўқимаган бўларди. Сиз тез-тез хабар олиб турибсизми улардан?

- Конечно. Ҳар ҳафта директор билан гаплашиб турамиз. Қанақа проблемалар бўлса, ўша проблемаларни ечишга ҳаракат қилаяпмиз. Биласизку мен началник бўлганимда, бошқача бўларди, мен ҳозир илтимос қилишим мумкин фақат. Шунинг учун илтимос билан, яхши гап билан ечиш керак бу нарсани, дейди Солижон Шарипов.

Ҳа, космонавт Солижон Шарипов ўзбекона одоб билан ёндошаяпти масалага.

Боз устига “текширувчиларнинг талабларида ҳам жон йўқ эмас, чиндан ҳам ётоқхона хавфсизлигини кучайтириш учун чоралар кўриш керак”, деган фикрда.

- Камчилик бор озгина. Ўшани ечиш керак. Унга пул етишмаяпти. Биз юртдошлардан сўраяпмиз “Ëрдам беринглар. Ҳеч бўлмаса ўзимиз қилайлик” деб. Ҳозирча ҳеч ким ëрдам бермаяпти бизга. Ойлигимни беролмайманку. Мен бизнесмен бўлмасам. Унга кўп пул керак эмас. Просто бизнинг юртдошлар ëрдам бериши керак, дейди Солижон Шарипов.

Космонавт юртдошининг бу гапига қирғизистонликлар, қолаверса ўзбекистонликлар эътибор бериб қўяр?!

Ржев Агроколлежи масаласида Москвадаги инсон ҳуқуқлари “Мемориал” маркази вакили Баҳром Ҳамроевга ҳам мурожаат қилдик.

Унинг масаладан хабари бор экан, яқин кунлар ичида Ржевга бориб, масалани жойида ўрганишга ваъда берди.

Ҳозирча эса, 272 қирғизистонлик ўзбек бола ўқиётган Ржев Агроколлежида текшир-текшир давом этаяпти. Коллеж директори Сергей Жегуновнинг айтишича, мақоламиз тайёрланаётган кун – 11 майда уни яна прокуратурага чақиртиришган.

- Мен ўзим бормадим. Ўринбосарим билан ётоқхона комендантини юбордим. Тез орада пул маблағларини қандай сарфлаётганларингизни текшириш учун борамиз дейишибди. Яъни, шу кунгача қандай эзган бўлсалар, шундай эзаяптилар, деди Сергей Михайлович.

Бугун ўрганганимиз масала бўйича бошқа мутасадди ташкилотлар, хусусан Ржев шаҳри мэрияси билан боғланишга вақтимиз етмади. Демак, масалага яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG