Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:29

Ўшда битирув кечалари ўтказилмайди


Ўтган йилнинг июн ойида Ўшда содир бўлган тартибсизликлар чоғида шаҳардаги бир неча ўрта мактабга ҳам ўт қўйилганди.
Ўтган йилнинг июн ойида Ўшда содир бўлган тартибсизликлар чоғида шаҳардаги бир неча ўрта мактабга ҳам ўт қўйилганди.

Ўш шаҳар ҳокимияти ўтган ҳафта сўнгида мактаблардаги битирув кечаларини мактабдан ташқари жойларда ўтказишни маън қилувчи қарор чиқарди.

Расмийлар бу қарор ўқувчиларнинг хавфсизлигини ўйлаб қабул қилинганини айтмоқдалар:

- Асосий масала хавфсизликни, тартиб сақланишини назорат қилиш бўлаяпти. Авваллари битирувчиларимиз машиналарни ёллаб, ойналаридан бошини чиқариб, бақир-чақир қилиб байрамни нишонлашарди. Биз ўша пайтларда ҳам бу масала билан шуғулланганмиз. Лекин ҳозир бу ишларни қаттиқ назоратга олганмиз, - деди Ўш шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдували Балтабаев.

Ўш расмийларининг қарорини ўшлик кўплаб ота-оналар ҳам қўлламоқда. Масалан, фарзанди бу йил 10 синфни тамомлаган Аваз ака 2010 йили бўлиб ўтган Ўш воқеаларининг бир йиллиги арафасида шаҳар аҳолиси орасида турли миш-мишлар пайдо бўлаётган бир пайтда шаҳар ҳокимиятининг битирув кечаларини таъқиқлаш борасидаги қарори ўринли бўлди, деб ҳисоблайди.

- Ўқувчилар ресторанларда ўтиришади. Бунга ота-онанинг қўлида бори бор, йўғи бор. Тинчлик пайти нима қилишса ҳам бўлаверарди. Ҳозир шаҳарда вазият оғир, ҳар-хил миш-миш гаплар кўпайган. Менинг фикримча, битирув кечаларини маън қилиб, тўғри қилишди. Ҳозирги пайтда ортиқча нарсаларнинг нима кераги бор, деди Аваз ака.

Расмий маълумотларга кўра, 2011 йилда Ўш мактабларида 11-синфни 2780 нафар ўқувчи, 9-синфни 5200 ўқувчи тамомлайди.

Ўш ҳокимияти қарори борасида ўшлик мактаб битирувчиларининг ўзлари ҳам турлича фикрдалар.

Ўшдаги Ҳабиб Абдуллаев номидаги мактабнинг 11-синф ўқувчиси Муҳаммаджоннинг айтишича, унинг синфдошлари орасида ҳам битирув кечасини нишонлаш борасида турли қарама-қаршиликлар бўлган.

- Баъзи синфдошларим: “Битирув кечасини қилмасак, қилмай қўяверамиз”, дейишаяпти. Баъзилари эса: “Йўқ, қиламиз, 11 йилда бир маротаба битирамиз”, деб рози бўлишмаяпти.

Озодлик: Шахсан ўзингиз-чи, нима деб ўйлайсиз?

- Мен учун битирув кечасини қилмасак яхши бўларди. Нима кераги бор ота-онамнинг чўнтагидан ортиқча пул олиб. Битирув кечаси ҳам камида 200-300 сўмдан пул тўплаб қилинади. Бир томондан молиявий сабаблар билан, яна бир томондан, ўтириш ўтганидан кейин шох чиқмаса ёки бошқа бўлмаса, нима кераги бор? - дейди Муҳаммаджон.

У мактабни битиргач, Ўш Давлат университетининг Жаҳон тиллари фукультетига ўқишга кирмоқчилигини айтди.

Муҳаммаджондан: “Синфдошларингиз орасида олийгоҳга кирмоқчи бўлганлар кўпми?” деб сўрадик.

- 80 фоизимиз ўқишга кирмайди. Ўқишга кирмаймиз, дейишяпти.

Озодлик: Сабаби нима экан?

- Баъзилар шунчаки вақт ўтказиш учун, баъзилар аттестат учун келиб ўқишди. Синфдош қизларнинг ўзлари турмушга чиқишни хоҳлашмайди, лекин уйидагилар турмушга берамиз, дейишади.

Озодлик: Синфингизда жами қанча ўқувчи бор?

- 29 ўқувчи, - дейди Муҳаммаджон.

Лекин у билан бир синфда ўқиган қизларнинг ҳаммаси ҳам келажакда олийгоҳга кирмоқчи эмас, деб бўлмайди.

Масалан, Фаризода исмли қиз келажакда доришунос бўлиш орзусида экан:

- Ўқимоқчиман, Худо хоҳласа, Фармацевтикага кирмоқчиман. Шу ерда ўқиганимдан кейин Ўшда ишламоқчиман. Халқимизга фойдам тегса, дейман, - деди 11-синф битирувчиси Фаризода.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Ўш шаҳар раҳбарияти 25-26 май кунлари Ўшдаги дам олиш жойларини ҳам назорат қилиб, мактаб битирув кечасини ўтказишга рухсат берган дам олиш жойлари раҳбарларини ҳам жазога тортмоқчи.
XS
SM
MD
LG