Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:29

Младич Ҳаага маҳкамасига топширилди


Босниялик серблар собиқ қўмондони Ратко Младич айни пайтда Ҳаага трибунали ҳибсхонасида сақланмоқда.

Младич сешанба куни Белграддан Ҳолландиянинг Роттердам шаҳрига махсус учқичда олиб келинди ва у ердан вертолётга ўтқазилиб, Ҳаагага келтирилди.

Уруш жиноятларида айбланаётган Ратко Младичнинг Ҳаагага экстрадицияси кутилганидан тез амалга ошди.

Аҳоли норозилиги кучайишидан қўрққан серб расмийлари Младични экстрадиция қилиш жараёни бошлангани ҳақида кеч эълон қилишди.

Сербия адлия вазири Снежана Малович босниялик серблар собиқ қўмондони Ратко Младични Ҳаагадаги халқаро трибуналга топшириш жараёни бошланганини эълон қилган пайтда Младич аллақачон Ҳолландияга учадиган самолёт бортида бўлган.

Пайшанба куни 16 йиллик қидирувдан сўнг қўлга олинган 69 ёшли Младич 1992-95 йиллардаги Босния уруши даврида инсониятга қарши жиноят, геноцидни амалга оширганликда айбланади.

Младичга қўйилаётган айбловлар орасида 1995 йилда Сребреницада 7,5 минг мусулмоннинг қатл этилиши билан боғлиқ жиноятлар ҳам бор.

31 май куни Белград суди Ратко Младичнинг Ҳаага халқаро трибуналига топшириш ҳақидаги аввалги суд ҳукми бўйича уни адвокати киритган даъво аризасини қондирмади.

Адвокат Милош Салжич ўз мижози аҳволи ёмон эканини айтиб, суддан уни экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилишни сўраган эди.

Аммо серб расмийлари Младичнинг жисмоний аҳволи маҳкамада иштирок этолмайдиган даражада ёмон эканини рад этишган.

Ҳаага маҳкамаси расмийлари Младич тўла тиббий кўрикдан ўтказилганидан сўнг уни устидан маҳкама бошланишини айтишган.

Сешанба куни Ҳаагага экстрадиция этилишидан олдин Ратко Младичгга 1994 йилда ўз жонига суиқасд қилган қизи Аннанинг қабрини зиёрат этишига рухсат берилди.

Младич қўриқчилар қуршовида қизи қабрига гул қўйди.

Хабарларга кўра, 23 ёшли Анна отасининг жиноятлари ҳақида матбуотда хабарларни ўқиб, ўз жонига қасд қилган.

Ратко Младичнинг Ҳаага трибуналига топширилиши Сербиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишлиги учун қўйилган асосий талаблардан эди.

Сербия президенти Борис Тадич генерал Младичнинг ҳибсга олиниши Сербия учун Европа Иттифоқига аъзолик эшикларини очганини айтди.
XS
SM
MD
LG