Улар 9 июн куни Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқини ҳимоясини сўраб, Олмаота шаҳар прокуратурасига борган кезда милиция ходимлари томонидан зўрлик билан, куч ва қийноқ қўлланиб автомобилга чиқариб, олиб кетилган эди.
Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 қочқиндан бирининг рафиқаси Умиданинг Озодликка айтишича, бу аёллар бир неча соат Олмаота шаҳридаги туманлардан бирининг Ички ишлар бўлимида сақланган ва кейин қўйиб юборилган.
Умиданинг сўзларига кўра, диний айбловлар билан Ўзбекистон томонидан таъқиб қилинган ва 9 июн куни Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқиннинг Олмаотада қолган аёллари ва фарзандлари эндиликда, жилла қурса, ўзлари учун ҳимоя сўраб, дунё жамоатчилигига мурожаат қилмоқда.
- Аëллар БМТ Қочқинлар бўлими ваколатхонасига боришган. Эрларининг нима сабабдан депорт қилинаëтганининг сабабини билишмоқчи бўлишган. У ерда уларни ҳеч ким кутиб олмаган. Улар билан ҳеч ким учрашмаган. Кейин қочқинлик ташкилотидан чиқишганда шаҳар прокуратурасига боришган. Шаҳар прокуратурасида экстрадиция ишлари билан шуғулланувчи прокурор ўринбосари Ташкенбой Абубакиров билан учрашмоқчи бўлишган. Лекин Абубакиров уларга қарши чиқмаган. Кейин аëллар тураверишган. 12тача аëл у ерда тураверишган. Кетишмагандан кейин милиция формаси кийган полиция ходимлари аëлларни машинага босиб олиб кетишган. Қаерга олиб боришганини у аëлларнинг ўзи ҳам ҳалигача билишмайди. Лекин айтишлари бўйича район РУВДсига олиб боришган. Улар озгина ушлаб туришганда, кейин “Бўлди. Бизлар сени Ўзбекистонга олиб кетаяпмиз” деб айтишган. Лекин ярим йўлда ташлаб кетишган.
Озодлик: Уларга нисбатан қийноқлар қўлланилганми?
- Йўқ. Унақа савол-жавоб, сўроқ бўлмаган. Улар олиб кетишаëтган пайтда ҳатто рўмолидан тортиб, судраб, ҳатто уришгача боришган экан.
Озодлик: Бу аëллар бугун ҳеч қаëққа чиқишмаяптими?
- Бугун баъзи аëллар БМТга қабулга ëзилишган эди. Жалолова Шаҳло деган аëл эрталаб 9.30га борган. “Мана эрларимизни бериб юбординглар. Энди сизлар аëлларни ҳимоя қиласизларми?” деб Олга Кимдан сўраган. У аниқ жавоб бермаган. “Қозоғистон ҳукуматидан бизнинг офисимизга хат келди. Хатда ëзилишича, улар аëллар ва болаларга тегмаймиз деб айтишган” дебди Олга. Бу ерда кўпчилик аëлларнинг ҳозир регистрацияси йўқ. “Улар хоҳлаган пайтда уйимиздан олиб кетиб қолиши мумкинку” деган саволига офис ходими ҳеч қанақа жавоб бера олмаган.
Озодлик: Экстрадиция қилинган эркакларнинг сони 28тами 29тами деган ноаниқлик бўлаяпти. Кеча неча кишини экстрадиция қилишган эди?
- Ҳозир шу ҳақда гаплашган эдик. Изоляторга боришса, официально айтишган.
Озодлик: Яъни 29 кишини бериб юборган.
- 29 киши эди.
Озодлик: У 29танинг ичида сизнинг яқинларингиз йўқми?
- Менинг турмуш ўртоғим бор.
Озодлик: Фарзандларингиз борми сизни?
- Бор. Тўртта фарзандим бор.
Озодлик: Қандай тирикчилик қилаяпсизлар?
- Бугун Қизил ярим ой жамиятидан 27 минг танга пул олиб келдик.
Озодлик: Етиб турибдими шу? Кунўтарга етаяптими?
- Йўқ, бу ярим ойга ҳам етмайди. Ейиш-ичишингизга ҳам етмайди. Олдин Қизил яри ой ҳар ҳолда кўпроқ пул ажратарди. Бир ойлик еб-ичишимизга етарди. Ундан у ëғига эркаклар ишлашарди. Уйга шунақа қилиб тўлашарди. Ҳозир бу 27 минг танга яшашимизга ҳам етмайди,.
Озодлик: Уйнинг эгалари аҳволингларни тушуниб турибдими?
- Ҳа, тушунишади. Кимдир нархини арзонроқ қилиб бераяпти, лекин кимлардир ҳайдаб чиқараяпти. Майли энди бу кунларга чидаб турган эдикку, уларни бериб юборишгани ëмон бўлди.
Озодлик: Ҳозир уларни қаëққа олиб боришганидан бехабарсизлар-а?
- Уларни самолëтда олиб кетишган. Биринчи бўлиб СНБнинг қўлига тушишадида. СНБда бўлишса керак ҳозир.
Озодлик: Энди у ëқда кимдир адвокат бўлиб ëлланиши ëки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши мумкинми? Бирор-бир шунақа ҳаракатлар борми Ўзбекистонда?
- Кеча қайнона, қайнотамга телефон қилдим. Уларни хабардор қилдим. Бугун ҳаракат қилишгандир адвокатга, дейди Умида.
9 июн куни Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқинидан биринг рафиқаси бўлган Умида 4 ёш гўдаги билан Олмаота шаҳрида ҳимоясиз қолди ва айни кезда Ўзбекистонда ноқонуний бериб юборилган қочқинларнинг у каби ҳимоясиз қолган аёллари, фарзандлари энг биринчи навбатда моддий ва шунингдек, ҳуқуқий ёрдамга жуда муҳтож эканини айтмоқда.
Умидадан эшитганингиздек, турмуш ўртоқлари ҳибсга олинганидан сўнг бу қочқин оилаларга ижарага уй берган қозоғистонликларинг айримлари ҳимоясиз аёлларни ижрадан чиқариб юборгани ҳам айтилмоқда.
Айни пайтда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, Ўзбекистон томони экстрадиция қилинган қочқинларнинг ҳуқуқлари кафолатланишини ваъда қилган.
"Ўзбекистон томони "Қизил хоч", Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва қатор бошқа халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилот жазони ижро этиш муассасаларига бемалол кириб чиқиш имконига эга ва уларнинг (экстрадиция қилинган қочқинларнинг-таҳр.) ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилишлари мумкинлигини ваъда қилди", дея таъкидлади Қозоғистон ТИВ матбуот вакили Ильяс Умаров.
Андижон воқеаларидан кейин халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг барчаси Ўзбекистондан ҳайдалган. Бундан ташқари "Қизил хоч ва қизил яримой жамияти" жазони ижро этиш муассасаларига бемалол кириб чиқиш имкони борлигига оид таъкидлар ҳам ҳақиқатдан йирқ экани айтилмоқда.