Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:43

Қозоғистон Ўзбекистонга берган 29 қочқин Тоштурмада сақланмоқда


Дийдор ғаниматлиги боис 29 қочқиннинг ҳар қандай қийинчиликка сабр қилаётган Олмаотадаги аёллари қисмати энди Ўзбекистондаги қариндош аёллар зиммасига кўчган кўринади.
Дийдор ғаниматлиги боис 29 қочқиннинг ҳар қандай қийинчиликка сабр қилаётган Олмаотадаги аёллари қисмати энди Ўзбекистондаги қариндош аёллар зиммасига кўчган кўринади.

Қочқинларнинг Тоштурмада эканини улардан бирининг оиласи Ўзбекистон Бош прокуратурасига таяниб, маълум қилди.


Аммо, 29 қочқин яқинларига уларнинг аҳволи ва кейинги тақдирига оид ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Уларнинг айримларидан ариза қабул қилиб олган ҳуқуқ фаоли Сураъат Икромовга кўра, қочқинларга жиноят иши қўзғатилган, аммо Ўзбекистон Жиноят кодексининг қайси моддаларига кўра иш очилгани ҳали номаълум.

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 21 ёшли Файзуллахон Акбаровнинг онаси Раҳима Акбарова 5 кундан бери ўғлини қидириб, охири 14 июн куни унинг Тоштурмада сақланаётганини аниқлаганини айтади.

- “Тўғри, болаларингиз Ўзбекистонга ўтибди. Тоштурмада экан. Лекин ҳали ҳеч бир жойга тарқатилмаган. Шу сабабдан қўлингиздан ариза ҳам олмайман. Бир ҳафтадан кейин сешанба куни келасиз. Шу куни терговчиси ким, қайси жойда қўйилди болангиз, шуни сизга точно қилиб айтиб бераман. Шунда заявлениенгизни ҳам қабул қиламан. Ҳозир йўқ”, дейишди. Ҳозир сизларга кўрсатишади ëки бошқа, деган гаплар ҳам йўқ, - дейди Раҳима Акбарова.

Унинг айтишича, бунга қадар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари экстрадиция қилинган қочқинлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Ўғлининг бериб юборилганини ҳам Раҳима Акбаровага Олмаотадаги ҳуқуқ фаоллари хабар қилган.

- 9 июн куни телефон бўлди. “Болаларинг экстрадиция қилинди. Бу ëққа телефон қилиб овора бўлманглар”, дейишди,- дейди 21 ёшли ўғли Қозоғистондан экстрадиция қилинган Раҳима Акбарова.

29 қочқин сафида бўлган Файзуллахон Акбаровнинг яқинларидан ташқари 33 ёшли Суҳроб Бозоров, 45 ёшли Қобил Қурбонов, 35 ёшли Турсунбой Сулаймоновнинг яқинлари ҳам шу кунларда экстрадиция қилинган қочқинларни қидириб сарсон бўлмоқда.

Қозоғистонда туриб қочқинлик мақомини олган, аммо шунга қарамасдан, Ўзбекистонга бериб юборилган бу 4 қочқиннинг яқинларининг айримлари экстрадиция ҳақида Олмаотадаги қочқинлар ёхуд ҳуқуқ фаолларидан маълумот олган бўлса, айримларининг уйига миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келиб, хабар берган ва бунда ҳам қочқинларнинг аҳволи ҳақида тўлиқ маълумот беришдан бош тортишган.

Уларнинг мурожаатини қабул қилиб олган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов 29 қочқин орасида бўлган Қобил Қурбоновнинг оиласи мурожаатни мисол келтирди.

- Қашқадарëдан келган Бозоров Розиққа кўра, буларнинг уйига МХХ ва Ички ишлар бошқармасидан келган ва ўғли экстрадиция қилингани билдирилган. "Ўзбекистонга Қозоғистон қайтариб юборган. Ҳозир терговхонада бу ëғига бизлар ҳеч нарса айта олмаймиз" дейишган,- дейди Суръат Икромов.

Унга кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқинга жиноят иши қўзғатилган, аммо бу ишлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг қайси моддаларига мувофиқ олиб борилаётгани номаълум қолмоқда.

- Лекин улар 155, 159, 244 ва ҳоказо моддалар билан қидирувга топширилган эди,- дейди Суръат Икромов.

Шунингдек, Қозоғистондан экстрадиция қилинган қочқинларнинг аниқ сонига оид маълумотлар ҳам бир-биридан фарқлидир. Тошкентдаги ҳуқуқ фаолларидаги маълумотларда уларнинг сони 28 нафар, Қозоғистондаги ҳуқуқ фаолларидаги расмий ҳужжатларда эса 29 нафар.

Мана шундай ҳужжатга эга бўлган Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича бюро ходими Денис Живага Қозоғистонда ҳам бу қочқинларга оид маълумотлар тегишли идоралар томонидан имкон қадар яширилаётганига урғу берди.

- Мен Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурадан олинган расмий маълумотларга кўра, экстрадиция қилинган қочқинлар сони 29 нафар. Ҳозир Олмаота ҳибсхоналарида ака-ука Қўлдошев ва Шерзод Шерназаровлар қолгани айтилган,- дейди Денис Живага.

Аммо унга кўра, бериб юборилган 29 қочқиннинг ҳаммасини исм-фамилиясини аниқлаш ҳануз имконсиздир.

- Биз аниқ айтишимиз мумкин бўлгани, яъни бизнинг адвокатларимиз ёрдам берган қочқинларнинг сони 25 нафар. Уларнинг исм-фамилияси ва шахсига оид баъзи маълумотлар бизда бор. Аммо, қолган 4 нафари ҳақида бизда ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ,- дер экан Денис Живага яна 4 қочқин борилиги ҳақида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Бош прокуратураси берган расмий рақамлардангина маълумлигини айтади.

Денис Живага 29 қочқиндан ўз ташкилотига маълум бўлган 25 нафарининг исм-фамилиясини келтирди: Аброр Қосимов, Турсунбой Сулаймонов, Муҳитдин Ғуломов, Файзуллахон Акбаров, Суҳроб Бозоров, Тоиржон Абдусаматов, Шуҳрат Ботиров, Дилбек Каримов, Ойбек Қўлдошев, Шуҳрат Холбоев, Алишер Ҳошимов, Маъруф Йўлдошев, Саидакбар Жалолхонов, Аҳмад Болтаев, Улуғбек Остонов, Қобилжон Қурбонов, Ойбек Пўлатов, Ўктам Раҳматов, Исобек Пардаев, Сирожиддин Толипов.
XS
SM
MD
LG