Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Ўшда журналистлар калтакланди


НТС телеканали ходимлари Қирғизистон парламенти депутати Қамчибек Ташиев тарафдорлари томонидан Ўш шаҳрида уюштирилган митинг чоғида калтаклангани айтилмоқда.
НТС телеканали ходимлари Қирғизистон парламенти депутати Қамчибек Ташиев тарафдорлари томонидан Ўш шаҳрида уюштирилган митинг чоғида калтаклангани айтилмоқда.

НТС телеканалининг икки ходими 20 июн куни Ўш шаҳар марказий майдонида митинг ўтказган депутат Қамчибек Ташиев тарафдорлари томонидан калтакланган.

НТС телеканали янгиликлар хизмати бош муҳаррири Айдай Ивакова телеканал мухбирлари Ўшдаги митинг иштирокчиларига пул тарқатилаётганини суратга олмоқчи бўлганида калтакланганини айтади.

Иваковага кўра, телеканал журналистлари ҳозир Бишкек шаҳрига қайтиш тараддудидалар.

- Биз журналистларимиз билан ҳозирча фақат телефон орқали боғланиб турибмиз. Журналистларнинг айтишича, уларнинг танасида кўкарган жойлар бор ва биз уларни Бишкек шаҳрида қайтадан суд-тиббий экспертизасидан ўтказмоқчимиз, - деди Айдай Ивакова.

20 июн куни Ўшда Қирғизистон парламенти депутати Қамчибек Ташкиев тарафдорлари томонидан ўтказилган митинг чоғида калтакланган НТС мухбирлари, маълум бўлишича, ярим соат давомида митингчилар қуршовидан чиқолмаган. Милиция ходимлари калтакланаётганларга ёрдамга келмаган – бир четда лоқайд қараб тураверган.

21 июн куни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати мазкур воқеа тўғрисида баёнот тарқатди.

- Кеча Қирғизистон ва халқаро ахборот воситаларидан Ўш шаҳри марказий майдонида НТС телеканали мухбирлари калтаклангани тўғрисида хабарни ўқигач, Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ўз ходимларига ўша журналистларни топишни буюрди. Натижада соат кечки 6 ларда журналистлар Ўш шаҳар касалхонаси қабулхонасидан топилди ва ариза ёздириш мақсадида Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб келинди, ариза ёздирилди. Шу билан бирга, уларга суд-тиббий экспертизасидан ўтишга йўлланма берилган, - деди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Унинг журналистларни калтаклагани айтилаётган 11 одам ва воқеа гувоҳларига таяниб маълум қилишича, НТС ходимлари митингчилар томонидан калтакланмаган, балки журналистлар ва митингчилар орасида ўзаро даҳанаки жанг бўлган, холос.

- Ўш шаҳар касалхонаси шифокори Абдулашим Батеев ҳам бизга берган кўрсатмасида: “Ҳеч қандай калтакланиш аломатлари сезилмади”, деб ёзиб берган. Ҳозирда жабрланган журналист Владимир Безбородов ва митингчилар ўртасида юзага келган жанжал юзасидан ҳақиқатни юзага чиқариш мақсадида текширув ишлари бошланди. Бунда Владимир Безбородовга берилувчи суд-тиббий экспертизаси хулосасига ҳам кўп нарса боғлиқ. Хулоса берилганидан кейин тергов ишлари яна давом этади, - деди Замир Сидиқов.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси масъулига кўра, митинг иштирокчилари можаронинг келиб чиқишига журналистларнинг ўзлари сабабчи бўлганини айтишган:

- Митинг иштирокчиларининг айтишларича, журналистлар уларга ўзларини таништирмай, рухсат сўрамай уларни суратга ола бошлаган. Митинг иштирокчилари “Нимага суратга оляпсизлар?” деганида, журналистлар билан бирга юрган Чинара Сидиқова деган қиз митингчилар билан сўз талашган ва можаро келиб чиққан. Журналистлар эса митинг иштирокчилари уларни бекордан-бекорга калтаклашганини айтишмоқда, - деди Замир Сидиқов.

Айни пайтда НТС телеканали янгиликлар хизмати бош муҳаррири Айдай Ивакова Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати томонидан тарқатилган баёнот юзасидан норозилик билдириб, мазкур бошқарма бошлиғига мурожаат қилинганини айтди:

- Биз бу борада телефон орқали Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбаридан изоҳ олдик. У бундай иш бўлмаганини ва матбуот хизмати ушбу баёнотни тарқатишда адашган бўлиши мумкинлигини айтди. Биз уларга: “Нима учун сизлар: “Ҳеч кимни урмадик” деяётган гувоҳларнинг сўзларини келтиряпсизлар, айни пайтда бизнинг фикримиз келтирилмаяпти? Нега сизлар у ерда калтакланган операторимиз сўзларини эътиборга олмадинглар?” дея савол бердик. У бу ҳақда матбуот хизматидан суриштириб, сўнг бу масалага аниқлик киритишга ваъда берди, - деди Айдай Ивакова.

21 июн куни Қирғизистон президенти матбуот хизмати ҳам НТС телеканали оператори Владимир Безбородов ва мухбири Чинара Сидиқованинг Ўшда калтакланши юзасидан ташвиш билдириб баёнот тарқатди. Мазкур баёнотда “Айбдорлар қонун доирасида ўз жазосини олиши керак”лиги таъкидланган ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари мазкур воқеани диққат билан текширишга чақирилган.
XS
SM
MD
LG