Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:34

Фарғона туманида 13 киши ўзбек чегарачилари ўқидан ўлди


Ўзбек-қирғиз чегарасининг Фарғона водийсидаги айланма ўтиш жойларидан бири.
Ўзбек-қирғиз чегарасининг Фарғона водийсидаги айланма ўтиш жойларидан бири.

Фарғона тумани ҳокимлиги расмийлари бу хабарни тадсиқлади, лекин бу ходисаларга чегарани бузиб ўтаётган одамларнинг ўзлари сабабчи эканини таъкидлади.


Отиб ўлдирилган фуқаролардан бири Музаффар Шодмоновнинг отаси Шарофжон Шодмоновнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон чегарачилари Фарғона туманининг қўшни Қирғизистондаги Боткен вилояти, Қадамжой туманига чегарадош бир неча аҳоли пунктида Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантиришсиз ўққа тутмоқда.

Фарғона вилояти, Фарғона тумани, Чимиён қишлоғида истиқомат қилувчи Шарофжон Шодмонов 1989 йилда туғилган ўғли Музаффар Шодмонов 16 июн куни қирғиз-ўзбек чегарасидан 15 километр олисликдаги аҳоли пункти ичида ўзбек чегара қўшинлари томонидан отилганини айтади.

- Биздан учта қишлоқ тепада Халмиëн деган бозор бор Қирғизистон Республикаси. Шуни қандайдир бир машинада ўтиб кетаëтса, маҳалланинг ичида бориб иккита ҳарбий одам буни отибдида,- дейди Шарофжон Шодмонов.

Унга кўра, ўғли воқеа жойида ўлган. У билан бир автомобилда келаётган яна икки шериги ҳам чегарачилар ўқидан жароҳатланган.

- Ëнида шериклари бўлган. Уларга ўқнинг қандайдир сачратмаси теккан. Улар қочиб келиб, телефон қилишиб шу ердагиларни огоҳлантиришган. Ўша отган ҳарбий аскар ўзи битта машина топиб тез ëрдамга олиб боришга ҳаракат қилган,- дейди суҳбатдош.

Шароф Шодмоновга кўра, 22 ёшли ўғли Музаффар ўзбек чегарачилари ўқидан ўлган ягона чимиёнлик эмас.

- 20 куннинг ичида 13-14 та бўлди.

Озодлик: Бунча рақамни қаердан эшитдингиз сиз?

- Чимиëн ҳудудида яшаймиз. Ҳаммаси гапириб, эшитилиб, кунига фотиҳага бораяпмизда. Уларга ким ҳуқуқ берган отишга бизнинг хабаримиз йўқ. Ҳарбийларнинг заставасига борсак, “Биз умуман фуқаролар билан гаплашмаймиз” деб ҳеч кимни қабул қилмаяпти,- дейди Шароф Шодмонов.

Унга кўра, бундай бахтсиз ҳодисаларнинг сўнггиси якшанба куни оқшом содир бўлган ва унда чегарачилар томонидан таъқиб қилинган тўрт фуқародан икки нафари ўқотар қуролдан отиб ўлдирилган.

Яна икки нафари эса Фарғона вилояти Шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келинган.

Ушбу марказнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, келтирилган икки фуқародан бири икки кундан буён марказнинг реанимация бўлимида жуда оғир аҳволда ётибди.

- Бу фуқаронинг исм-фамилиясини мен сизга айтолмайман ҳозир. Лекин икки кундан бери реанимацияда. Аҳволи оғир. Уни чегарачилар отган, дейишяпти энди ота-онаси. Мен у ёғини билмайман опа, узр,- дейди Фарғона вилояти Шошилинч тиббий ёрдам марказининг ўзини таништирмаган ходими.

Фарғона туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Хуршидбек Турсунов Ўзбекистон чегарачилари томонидан Ўзбекистон фуқароларининг отилаётгани ва шу кунгача ҳалок бўлганлар сони камида 13 кишига етгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

Аммо, айб чегарачилар эмас, уларни шундай ҳаракатга мажбур қилаётган аҳолида, дейди Фарғона тумани расмийси.

Озодлик: Тўғрими шу? Ростдан ҳам 13 кишини отиб қўйишганми?

- Тўғри. Тўғрию, лекин ҳақиқатан Чимиëн, Миндон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 154-сонли қарорига зид равишда ҳаракат қилаётган фуқаролар сони ошиб кетаяптида.

Озодлик: Отиш мумкин эмаску, нима бўлган тақдирда ҳам. Улар қурол олиб келмаяптику, латта-путта олиб келаяптику?

- Энди бу ҳарбийларни муаммоси. Отиш, бошқа нарсалар билан мен шуғулланмайман. Бу ишга оид фактларни ҳаммасини тўплаб, 154-сонли қарорнинг моҳияти, давлат чегаралари тўғрисидаги қонунни моҳиятини бир неча бор огоҳлантиришлар билан, йиғилишлар билан одамларга жуда кўп марта тушунтирганмиз,- деди Фарғона тумани ҳокимлиги мутасаддиси.

Гап камида 13 нафар тинч аҳоли вакилининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари аскарлари томонидан отиб ўлдирилгани хусусида бораётгани ва бу ҳодисларнинг учтасига оид конкрет фактлар мавжудлиги боис Фарғона вилоят ҳокимлигининг айнан чегара масалаларига масъул, деб тақдим қилинган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳи раҳбари Ғофир Йўлдошевнинг идорасига ҳам боғландик.

Аммо, идорадан бу борада ҳеч қандай маълумот ололмадик.

Фарғона вилоятидаги маҳаллий ҳуқуқ фаолларидан бири сўнгги 20 кун ичида Ўзбекистоннинг Фарғона ва қўшни Қирғизистоннинг Боткен тумани ўртасидаги чегара ҳудудининг Ўзбекистон қисмида жойлашган Чимиён ва Водил қишлоқларида юз бераётган бу жиноятларни ўрганаётгани ва ҳужжатлаштириб бораётганини айтар экан, бу ҳолатлар ҳақида матбуотга очиқ сўзлашга хавфсизлиги нуқтаи назаридан рози бўлмади.

Унга кўра, у ва бошқа маҳаллий ҳуқуқ фаолларига бундай ҳолатлар бўйича мурожаат қилаётган аҳоли вакиллари сони талайгина ҳамда чегарчилар яқинларини отиб ўлдирган фуқаролар Фарғона тумани ва вилоятига бир неча бор ёзма мурожаат қилганига оид ҳужжатлар ҳам бор.

“Шахсан мендаги маълумотларга кўра, сўнгги 20 кун ичида ўзбек чегарачилари томонидан 13 киши отиб ўлдирилган. Жароҳатланганлар сони эса бундан кўп. Одамлар ҳокимликларга, чегара қўшинлари ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилмоқда. Аммо, уларнинг арзини ҳеч ким эшитаётгани йўқ. Ҳар ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, уларнинг бирортасига тайинли жавоб берилмаган”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда фарғоналик ҳуқуқ фаолларидан бири.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 154-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон давлат чегараларидан хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотларини олиб кирмаслик устидан чегара ҳудудларидаги назорат қаттиқ экани йиллар давомида кузатиб келинган.

Аммо, чегараолди ҳудудидаги аскарлар ўқидан фарзандини йўқотган Шароф Шодмонов назоратга бўйсунмаган оддий аҳоли вакилларининг чегара ҳудудидан бир неча километр олисдаги аҳоли пунктлари орасида ўзбек чегарачилари томонидан таъқиб қилиниши ва огоҳлантирувсиз отилишига шу вақтга қадар гувоҳ бўлмаганини айтади.

Фарғона туманининг қўшни Қирғизистондаги Қадамжой туманига
туташган қисмида баҳсли чегараолди ҳудуди бор. Ҳали демаркация ишлари якунига етмаган, яъни чегара тўсинлари ўрнатилмаган бу ҳудудда яшовчилар йиллар давомида бемалол борди-келди қилиб келаётган эди.

Фарғона вилояти ва тумани ҳокимлиги мутасаддиларидан нега сўнгги 20 кун ичида чегара назорати бу қадар кучайтирилгани ва аскарларга бўсунмаган шахсларни отиш тўғрисида кўрсатма берилгани ёки берилмаганига оид саволларимизга жавоб ололмадик.

Аммо, шу йилнинг 25 майидан бошлаб Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган тартибда ишлаётгани ва бу тартиб кўпроқ Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда кузатилаётгани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Бундан чегараолди ҳудудлар аҳолиси огоҳлантирилмаганини айтган ва сўнгги 20 кун ичида чегарачиларнинг ҳеч бир огоҳлантирувсиз нафақат тўсиқ қўйилмаган чегарадан ўтаётган, балки чегараолди ҳудудида юрган фуқароларни отишидан норози бўлаётган Шароф Шодмоновдан биз бу ҳудуддаги бугунги умумий вазиятга оид кузатувларини ҳам сўрадик.

Қуйида Шарофжон Шодмонов билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG