Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Қирғиз милиционерлар ўшлик ўзбекларни Ўзбекистонга ҳайдаяпти


Эъзозхон опанинг ўғли Ўшда милиционерларга пора бермагани учун калтакланди.
Эъзозхон опанинг ўғли Ўшда милиционерларга пора бермагани учун калтакланди.

Ўшда ҳуқуқ - тартибот тузилмалари ходимлари томонидан ўзбекларни хўрлаш давом этмоқда.

Шу йилнинг 19 июн куни жалолободлик Эъзозхон опа турмуш ўртоғи ва ўғли билан Ўшга бормоқчи бўлади. Ўзган-Ўш йўлидаги Шерали қишлоғида ўрнатилган блок постда уларни ГАИ ходимлари тўхтатади ва ҳужжатларини текширади.

Ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай ГАИ ходимлари улардан пул талаб қилади. Эъзозхон опанинг айтишича, ўғли ГАИ ходимларига сўралган пулни бермагани учун улар опанинг ўғлини калтаклашади.

Жалолободлик Эъзозхон опа Шерали қишлоғида ўрнатилган блок постда ўғлини калтаклаган, ўзини ҳақоратлаган ГАИ ходимининг кўкрак белгиси номерини эслаб қолганини айтади:

- ГАИ формасида кўкрак нишони “ОБ 097” номерлик бир киши келиб: “Юр, мана бу ёққа” деб ўғлимни еталаб кетди. Қарасам, ўғлимни ГАИ постидан бошқа ерга олиб кетяпти. Йўлдан ўтиб, орқасидан бориб қарасам, боламни кўкракларига мушт билан ураётган экан, мени кўрди-ю тўхтади. “Ичкарига кираман”, десам милиция формасида қўлида автомати бор бола елкамга автомати билан туртиб: “Мана бу ёққа ўт, бу ерга кириш мумкин эмас” деди. “Мумкин бўлмаса нега боламни олиб кириб уряпти? Нима учун урасан?” десам мелиса формасидаги бола: “ Сенлар нима учун ҳали ҳам кўчиб кетмай юришибсан? Ўзбекистонга кўчиб кетишмайсанми, шунча хўрликлар сенга озми, йўқолиш бу ердан”, деди. Кейин значогини номерини эслаб қолишга ҳаракат қилиб қарадим. Қарасам значогини кўзимга тиққудек бўлиб: “Мана кўриб ол, қўлингдан нима келади? Кўчиб кетишсанг бўлмайдими бу ердан, бу ер сенларга Жалолобод эмас бу ер Ўш. Бу ер Ўзбекистон эмас, йўқолиш Ўзбекистонингга” деди, - дейди Эъзозхон опа.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у 21 июн куни Ўзган туман Ички ишлар бошқармасига ўғлини калтаклаган ГАИ ходими устидан ариза ёзгани боради. Бироқ у ерда ҳам турли баҳоналар билан ариза олиш пайсалга солинади:

- Соат 12 да борган бўлсам соат беш яримда аризамни қабул қилишди. “Униси йўқ, буниси йўқ” деб ҳар хил бахоналарни қилишди, - дейди суҳбатдошимиз.

Эъзозхон опанинг айтишича, 23 июн кунидан бошлаб унинг қўл телефонига турли тахдидлар билан қўнғироқлар бўлмоқда:

- Кеча у ёқ бу ёқдан таҳдид қилишди. “Сенлар нима қилишяпсан? Ўзларинга душман оширмай тинч йўл билан ҳал қилишсанг бўлмайдими. Болаларингни ишлайдиган жойини ҳам биламиз, кўчада юриш туришини ҳам ўйлашгин, подставка қилиб қамаб қўямиз”, деб қўрқитишяпти.

Озодлик: Таҳдидлар ким томонидан бўляпти?

- “Мен терговчиман”, депти. Лекин менда терговчининг телефон рақами бор, бизга телефон қилган бошқа номер, - деди Эъзозхон опа.

24 июн куни Эъзозхон опанинг ўғли ГАИ ходимлари томонидан калтакланиши юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари борасида маълумот олиш учун Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан ҳам боғландик.

Матбуот хизмати ходимаси бизга суриштириб аниқ жавобини айтишга ваъда берди ва бир неча соатдан кейин телефон қилишимизни сўради.

Кейинроқ телефон қилганимизда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг ходимаси Назира Султанқулова: “Тергов ишлари кетаяпти экан”, деди ва тўлароқ маълумот олиш учун Ўзган туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Мирзабек Исмаилов ҳамда Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Батир Нишанов билан боғланишимизни маслаҳат берди.

Лекин Ўзган туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи жаноб Исмаилов телефон гўшагини кўтармагани ҳамда Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби жаноб Нишоновнинг қўл телефони ўчириб қўйилгани сабабли улар билан боғланишнинг иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG