Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:32

“Оралиқ уй бузилса, товон пули берилади”


Ўш шаҳрида қайта тикланаётган уйлар, агар шаҳар бош планига мувофиқ келмай қолган тақдирда, яна бузилиши мумкинлиги айтилмоқда.н уйлар
Ўш шаҳрида қайта тикланаётган уйлар, агар шаҳар бош планига мувофиқ келмай қолган тақдирда, яна бузилиши мумкинлиги айтилмоқда.н уйлар

Ўш шаҳар архитектураси ўтган йилги воқеаларда ёндирилган ва ҳозирда қайта қурилаётган хусусий уйларни шаҳар бош плани амалга оширилганида бузилишидан огоҳлантирмоқда.

Бу борада Озодликка 2010 йилда уйлари ёндириб юборилган ўшликлар маълум қилдилар.

Исми ошкор қилинишини истамаган ўшликлардан бирининг айтишича, Ўш шаҳар архитектураси унга 2010 йилда ёндириб юборилган уйининг ўрнига янгисини қуриш учун қурилиш лойиҳасини тасдиқлаб берган. Бироқ лойиҳада у Ўш шаҳри Бош плани амалга оширилган тақдирда янги қурилажак уйлар бузилиши тўғрисида огоҳлантирилган:


- “Ўш шаҳрининг Бош плани бўйича мазкур участкада кўп қаватли уйларнинг қурилиши мўлжалланган. Шу сабабли ушбу қурилиш Ўш шаҳри Бош плани амалга оширилгунича вақтинчалик ҳисобланади”, деб ёзиб қўйилган. Бу дегани қураётган уйларимиз вақтинча дегани-да, биз ҳозир уйларни қуриб олсак, вақтинча яшаётган бўлиб қолаяпмиз-ку.

Озодлик: Сизларга ана шу план берилаётганида сўрамадингларми “Нимага бундай? Кейин биз қаерда яшаймиз?” деб?

- Ҳозир одамларнинг ҳаммаси шокда. Қурилишнинг иккинчи босқичини жуда кечиктиришди. Мана май, июн, июл ўтиб кетди, биз уй қуришда уч ой вақтни ютқаздик-да. Августда ҳам қурилиш тўла бошланмади. Шунинг учун одамлар сабрсиз бўлиб қолган. “Рухсат берса, қурилишни тезроқ бошлаб, қишгача битказиб олайлик”, деган ўйда ҳамма. Шунинг учун кўп одамлар бунга эътибор бермаган, - дейди ўшлик суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, ҳозир ўшликлар орасида “Уйлар бузилса, уйларнинг ўрнига товон пули тўланмайди” қабилида хавотир пайдо бўлган:

- Шаҳар марказидаги ер билан шаҳар чеккасидаги ернинг фарқи бор-да от билан туядек. Шаҳар марказидаги ер 10 минг доллар турса, шаҳар чеккасидаги ер 2 минг доллар туради. Бир инсон шаҳар марказида яшаган бўлса, шунга ўрганган-да. Бошқа ерга кўчиб боргандан кейин ҳам уй қилиш учун яна 5-6 йил вақт кетади. У ерга яна сув, газ, свет олиб бориш, экин қилиш, обод қилиш керак. Мен 42 га кирдим. Умримиз уй қуриш билан ўтиб кетадими? Шу уйларни қураётганда, бир умримиз кетди. Мана ҳозир ёниб кетганидан кейин яна умримиз ўтаяпти, иккинчи йил бўлди. Яна 3-4 йилдан кейин уйимизни бузишса, яна 3-4 йил уй қурамизми? “Биз яшаймизми ё уй қурамизми?” деган ўйдамизда, - дейди ўшлик суҳбатдошимиз.

Ўш шаҳар архитектураси хусусий уй қурилиш бўлими бошлиғи Қодиржон Мақсутов Озодликка янги қурилаётган уйларнинг лойиҳаларига уйлар бузилиши тўғрисида огоҳлантириш ёзилаётганини тасдиқлади.

“Ўш шаҳри реконструкция бўлади, бош планда шундай, янги қурилаётган уйларга ҳозир огоҳлантириш ёзиб қўймасак, эртага “мен билмагандим” деган гаплар бўлиши мумкин”, дер экан Қодиржон Мақсутов Бош план амалга оширилаётганда бузилажак уйларга товон пули тўланишини айтади:

- Албатта товон пули тўланади, бусиз бўлмайди. Ўзбошимчалик билан бино қуриб олганлардан ташқари, бошқа ҳар қандай қонуний қурилишларга товон пули тўланади.

Озодлик: Одамлар орасида: “уйларимиз бузилса, бизга товон пули бермай қўйиши мумкин” деган қўрқув бор. Нима учун лойиҳаларга ёзилган огоҳлантиришда товон пули тўланиши тўғрисида ёзилмаган?

- Товон пули Ўш шаҳри Бош плани амалга оширилганида берилади. Ҳар бир одамга конкрет тарзда ёзиб берсак, одамлар бошқача тушуниб қолишлари мумкин. Кўп одамлар рухсатсиз уй қуриб олишган, ўшалар одамларни чалғитмоқда, - деди Ўш шаҳар архитектураси хусусий уй қурилиш бўлими бошлиғи Қодиржон Мақсутов.

Аснода июн қирғинидан аввал бир хонадонда бир неча оила истиқомат қилган уйларнинг эгалари Ўш ва Жалолобод вилоятларини қайта тиклаш давлат дирекцияси томонидан қуриб берилаётган 100 квадрат метр уй улар учун торлик қилишини айтиб, ўз ҳисобидан қўшимча хоналар қуришмоқчи. Бироқ, суҳбатдошларимизга кўра, Ўш ва Жалолобод вилоятларини қайта тиклаш давлат дирекцияси ўшликларга ўз ҳисобидан қўшимча хоналар қуришга ҳам рухсат бермаяпти.

Ўш ва Жалолобод вилоятларини қайта тиклаш давлат дирекцияси матбуот котиби Мелис Эржигитов бунинг сабабларини Озодликка мана бундай изоҳлади:

- Биз донорлар билан ҳамкорликда 100 квадрат метргача бўлган уйларни қуриб битказамиз. Уй эгалари уйини қанча кенгайтирмоқчи бўлса, фақат биз қурилишни якунлаганидан сўнг кенгайтириш ҳуқуқига эга. Биз қурилишни тугатмагунимизча улар параллел равишда қурилиш қилиш ҳуқуқига эга эмаслар, чунки улар бизнинг қурилишга халақит беришади, - деди Мелис Эржигитов.

Ўш ва Жалолобод вилоятларида 2010 йилда ёндирилган уйлар ўрнига янгиларини қуришнинг иккинчи босқичи шу йил июн ойидан бошланган. Бироқ Ўш шаҳрида қурилиш ишларининг бошланишига турли сабабларга кўра рухсат берилмай келинаётганди.

Аснода август ойидан бошлаб Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш ишларини молиялаштираётган халқаро донорлар талаби билан Ўш шаҳрида ҳам қурилишнинг иккинчи босқичини бошлашга рухсат берилган.
XS
SM
MD
LG