Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:45

Ëлғон санъати: Каримовнинг янги китоби нашрдан чиқди


Бу Ислом Каримовнинг мустақилликдан бери чоп этилаëтган ўнлаб китобларининг навбатдагисидир.
Бу Ислом Каримовнинг мустақилликдан бери чоп этилаëтган ўнлаб китобларининг навбатдагисидир.

Бу китобда Ислом Каримов ўзини Ўзбекистон мустақиллигининг бош мафкурачиси ва асосчиси қилиб кўрсатишга уринди.


Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг янги китоби нашрдан чиқди.

ЎзА ахборот агентлиги хабарида айтилишича, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида мамлакат мустақиллиги арафасида ва мустқилликнинг дастлабки даврида китоб муаллифининг “олиб борган жўшқин ва серқирра сиёсий-ижтимоий фаолиятини акс эттирадиган маъруза ва нутқлар, суҳбат, мақола ва интервьюлар ўрин олган”.

Янги китоб муқоваси.
“Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобини варақлаб кўришнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Бироқ ЎзА агентлигининг мазкур китоб тўғрисидаги хабар-тақризидан китоб мундарижаси тўғрисида муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Лекин хабар-тақриз мазмунидан китобда 20 йил олдинги воқеа-ҳодисалар, юмшоқроқ айтганда, тўла ёритилган, деган фикр келиб чиқмайди.

Агентлик Ислом Каримовнинг янги китобини ўзбек халқининг “сиёсий тафаккур хазинасига қўшилган бебаҳо ҳисса”, деб таърифлади.

“Китобга киритилган нутқ ва маърузаларда ўша даврдаги ўта драматик воқеалар, тарихий ўзгаришлар қандай мураккаб вазиятларда юз бергани, уларнинг тафсилоти, сабаб ва оқибатлари атрофлича ёритиб берилади”, деб ёзди ЎзА президентнинг навбатдаги китоби тўғрисида.

Тақризда айтилишича, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишида Ислом Каримовнинг роли ҳал қилувчи бўлган. Бу фикрни ўз ўқувчисига уқтирар экан, ЎзА бундай ёзади: “...оғир бир шароитда Юртбошимиз томонидан халқимиз қалбидаги асрий орзу – истиқлол ғояси улкан жасорат билан илгари сурилиб, уни амалга ошириш учун тарихий қадамлар қўйилгани китобнинг асосий мавзуини ташкил этади”.

Бу фикр президент китобида мамлакат энг янги тарихи холис ёритилганига шубҳа пайдо қилади. Чунки 20 йил олдинги воқеаларнинг бевосита иштирокчилари ҳали тирик ва улар мамлакат мустақиллиги ғоясига китоб муаллифининг 20 йил олдинги муносабатини жуда яхши эслайди.

Расмий Тошкент ҳисобича, Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганига бу йил 20 йил тўлади.

Ўзбекистон парламентининг экс-депутати Жаҳонгир Маматовнинг ҳисоби бошқачароқ.

- Аслида мустақиллик эълон қилинганига 21 йил бўлди. 1990 йил 20 июнда эълон қилинган, лекин Ислом Каримов уни тан олмаган. Чунки ўша пайтда Ислом Каримов Москва билан бевосита ишлар эди. Бу “Мустақиллик декларацияси”ни бир парча қоғоз деб аташган, дейди Жаҳонгир Маматов.

“Бу йил нишонланадиган 20 йиллик Ислом Каримовнинг ўзини қутқарганининг 20 йиллигидир”, деди Жаҳонгир Маматов.

Хўш, Каримов ўзини нимадан қутқарган эди?

Бу савол жавобига ўтиш олдидан ЎзАнинг китобга ёзган тақризидан яна бир парчани ўқиймиз: “...1991 йил 17-19 август кунлари - Ислом Каримов Ҳиндистон Республикасида расмий сафарда бўлган пайтда юз берган воқеаларни келтириш мумкин. Мамлакат раҳбарининг Ўзбекистонда эмаслигидан фойдаланиб, юртимиздаги айрим раҳбарлар ГКЧПнинг ноқонуний қарорларини қўллаб-қувватлайди...”

Демак, Ислом Каримов ГКЧПга қарши чиққан, боз устига унинг тарафдорлари бўлган “сиёсий авантюристларнинг” таъзирини бериб қўйган.

Лекин, Ўзбекистонда кўпчилик бошқа ҳақиқатни билади. Жаҳонгир Маматов Ҳиндистон сафаридан қайтаётган Каримовнинг ГКЧПга табрик йўллаганини эслайди.

- Мен ўша пйтда президентнинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиëмов билан бевосита гаплашганман. Шунинг ўзи келгандан кейин айтдики, “Биз самолëт бортидан табрикнома йўлладик” деди, дейди Жаҳонгир Маматов.

Демак, Ислом Каримов ГКЧПни шахсан қўллаб-қувватлаган. Китобида эса, бунинг акси ёзилмоқда.

Қўлимизда яна бир ҳужжат. Россияда чиқадиган Коммерсантъ-Власть ҳафталигининг 1991 йил, 26 августида чиққан сонида босилган мақола.

Ўзбекистон раҳбарини ГКЧПни қўллаб-қувватлаган коллаборационистлар сафига қўшган нашр мана бундай хабар қилган эди: “Совет жамиятининг демократик қайта туғилишига умид туғдирган Қайта қуриш боши берк кўчага кириб қолди”,- Ислом Каримов ўзининг 19 август куни кечқурун партия-хўжалик фаоллари билан Тошкентда ўтказган учрашувини шу сўзлар билан бошлади.

ГКЧПнинг тақдири бир-икки куннинг ичида ҳал бўлди ва Жаҳонгир Маматовнинг эслашича, Москвада Каримовни ҳам ГКЧП аъзолари қаторида жавобгарликка тортиш масаласи кун тартибига чиқди.

- СССР халқ депутатлари мажлисида кўтарилди бу масала. Каримовни қўшиш керак бунга, деб улар қарор қилди ўша ерда ва бу иш ўрганишга бошланди. Мана шундан кейин Тошкентда миш-мишлар бошланиб кетди. “Каримовни бугун олиб кетади, эртага олиб кетади, индинга олиб кетади” деган гаплар бўлиб кетди. Шу пайтда бирданига 31 август куни Каримов минбарга чиқиб мустақилликни эълон қилганда битта одам қарсак чалган эмас. Битта депутат қарсак чалмади ўшанда, дейди Жаҳонгир Маматов.

“Мустақилликни эълон қилиши Каримовни ўзини қутқариш учун қилган ҳаракати эди”, деб қўшимча қилди Жаҳонгир Маматов.

(Жаҳонгир Маматов билан ўтказилган тўлиқ суҳбатни қуйида тингланг)



Лекин ЎзА тақризи мазмунидан Ислом Каримов янги китобида ўзини мустақиллик муаллифи қилиб кўрсатган.

Китобда бир воқеанинг бундай бузиб кўрсатилгани бошқа воқеаларнинг ҳам ҳалол ёритилганига шубҳа уйғотади.

Унда муаллиф ўзининг Фарғона, Гулистон, Бўка, Ўш, Наманган воқеаларидаги роли тўғрисида ҳам ёзгани айтилади тақризда.

Китобни ўқимаганимиз учун у воқеаларнинг Каримов назаридаги талқинидан бехабармиз.

Шунинг учун ўша воқеалардан баъзилари иштирокчиларига мурожаат қилдик ва улардан ўша воқеаларнинг қайси жиҳатлари китобга киритилиши лозим эди, деб ўйлайсиз, деб сўрадик.

Бирлик партиясининг бундан 20 йил олдинги фаоли, ҳозирда Бирдамлик ҳаракати аъзоси Носир Зокир ўша даврда Ислом Каримовнинг Наманганда Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорлари билан ўтказган учрашувини эслайди. Учрашув якунида, дейди Носир Зокир,

- Хуллас жуда катта ваъдаларни бериб бу ердан кетган Каримов. Бутун дунëга тарқалган воқеа китобга киритилган бўлиши керак менинг назаримда.

Озодлик: Ўша ваъдалар бажарилганми?

- Ҳали бажарилгани йўқ. Энди мана 20 йиллик бўлаяпти. 20 йиллик ўтиб олгандан кейин бажарилса керак, дейди Носир Зокир.

Каримов ўша даврда наманганликларга нималарни ваъда қилган эдию уларни нима учун бажармагани тўғрисида ҳам ўзининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида ёзгандир?

Буни тез орада, китобни ўқигач, билиб оламиз.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

XS
SM
MD
LG