Тошкент метрополитенининг кўпгина бекатларида жетон сотувчи кассалар метро бекати ичкарисидан ташқарисига кўчирилди.
Метрополитен мутасаддилари бунинг сабабини йўловчиларга қулайлик яратиш нияти билан изоҳламоқда.
NewsUz.com сайти Тошкент метрополитенининг хавфсизлик масалалари бўйича мутасаддиси А.Абдуқодировнинг "Тиғиз ҳаракат пайти йўловчиларнинг узундан-узоқ навбати юзага келмаслиги учун жетон кассалари вестибюлдан станция ташқарисига кўчирилди" деган сўзларидан иқтибос келтиради.
Озодлик мухбирининг бу борада маълумот сўраб қилган мурожаатига жавобан Тошкент Метрополитени Давлат бошқармаси ходими бунга қўшимча бирорта маълумот беролмаслигини айтди.
- Ҳамма кассаларимиз муаммосиз ишлаб турибди. Ҳеч қанақа муаммо бўлаётгани йўқ,- дея суҳбатни қисқа қилди метрополитен маъмурияти вакили.
Тошкент метроси хизматидан деярли ҳар куни фойдаланадиган суҳбатдошларимизга кўра, жетон сотадиган кассалар метро станцияларининг қарийб ҳаммасида ташқарига кўчириб бўлинган.
- Метрони ичида аввал кириш, деб ёзилган эшикдан кириб, кейин жетон олардик. Ҳозир ташқаридан олиб кираяпмиз. Кейин ичкарида иккинчи текширув бор. Милиция ходимлари шубҳали кўринганларнинг сумкаларини қараб қўяпти,- дейди Тошкент шаҳридаги лицейлардан бирининг ўқитувчиси Гулруҳ Каримова.
Унга кўра, кассаларнинг ташқарига чиқарилгани тиғиз пайтда турнақатор бўлиб кетадиган йўловчилар учун бирор жиддий қулайлик бергани йўқ.
- Менимча, бунинг жетон оладиганлар учун ҳеч фарқи йўқ. Аввал ичкарида кутган бўлсак, ҳозир ўша ер ости йўлакларидаги кассалар олдида кутяпмиз, шу. Бунинг устига турнақатор навбат фақат эрталаблари соат 8 дан 9 гача бўлади ва кечки пайт бўлади, холос. Менимча, ўзгариш бўлгани йўқ,- деб ҳисоблайди Тошкент метросидан деярли ҳар куни фойдаладиган Гулруҳ Каримова.
Сўнгги пайтларда Тошкент мерополитенида хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани кузатилмоқда.
Аввалига метро бекатларида махсус металлизлагичлар ўрнатилди, баъзи станциялар кираверишида милиция ходимлари пости қўйилди.
Шу йил 11 апрелда Минксда содир бўлган терактдан сўнг жорий этилган бу чора-тадбирлар орасида бекатларда видеокузатувни кучайтириш чораси ҳам бор эди.
Кейичанлик метро бекатларидаги реклама ва эълонлар олиб ташланиб, уларнинг ўрнига тинчлик ва баҳамжиҳатликка чорловчи шиорлар жойлаштирилди.
Сўнгги хабарларга кўра, метронинг айрим бекатларида енгил таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Расмий матбуотда бунинг ҳаммаси йўловчилар учун қулайлик, дея изоҳланаётган бўлсада, Тошкент метросида қатнаётган пойтахтликлар буни Мустақилликнинг 20 йиллиги арафасида кучайтирилаётган хавфсизлик чораси, деб тахмин қилмоқда.
Тошкентлик Гулруҳ Каримовага кўра, авваллари жетон учун навбат пойлаганлар металлизлагичлар билан турган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олдида йиғилиб кетарди ва бу фавқулодда ҳолатларда жиддий муаммолар пайдо қилиши мумкин эди.
- Менимча, кассаларнинг кўчирилиши хавфсизлик чоралари билан боғлиқ. Шу метрога кираверишда одамларнинг йиғилиши олдини олишга қаратилган, - деб тахмин қилади тошкентлик ўқитувчи.
1977 йилда ишга туширилган Тошкент метрополитенида ҳозир 3 йўналишда жами 29 та бекат хизматидан фойдаланиш мумкин. Расмий маълумотларда ҳар куни метрога тушадиган йўловчилар сони ўртача 220-250 минг кишини ташкил қилиши айтилади.
Гарчи назорат чоралари тобора кучайтириб борилаётган ва транспорт воситасига чиқиб олгунга қадар, баъзан, икки нуқтада навбат пойлашга тўғри келиб қолсада, тошкентликлар орасида нархи 600 сўмлик бўлган ер ости транспорти воситасидан фойдаланувчилар сони камайгани йўқ.