Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:31

Қирғизистонда қийноқ қўллаш кучайди


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага кўра, қийноқ қўллаш ҳолатини аниқлаш бугунги кунда мамлакат Бош прокуратураси учун устивор вазифага айланган.
Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага кўра, қийноқ қўллаш ҳолатини аниқлаш бугунги кунда мамлакат Бош прокуратураси учун устивор вазифага айланган.

Қирғизистонда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган шахсларга нисбатан қийноқ қўллаш фактлари кўпаймоқда.

Бу 17 август куни Ўшга сафар чоғида шаҳар кенгаши депутатлари билан учрашган президент Роза Ўтунбаеванинг эътирофидир.

- 2010 йилда қийноқ факти юзасидан 34 жиноий иш қўзғатилган бўлса, 2011 йилнинг 7 ойидаёқ қийноқ ҳолати бўйича яна шунча жиноий иш қўзғатилди, - дер экан Роза Ўтунбаева бунга 7 август куни Бозорқўрғон туман милиционерлари томонидан калтакланган Россия фуқароси Усмонжон Холмирзаев ўлими ҳам сўнгги мисоллардан бири бўлиши мумкинлигини қистириб ўтди.

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Талант Қўнўқбаев Озодликка 2011 йили мамлакат Жиноий кодексининг 305-моддаси (қийноқ) бўйича қўзғатилган жиноий ишлар борасида батафсилроқ айтиб берди:

- Қирғизистонда прокуратура томонидан 2011 йилнинг 7 ойида қийноқ қўллаганлик бўйича 9 жиноят иши қўзғатилди. Мазкур жиноят ишлари юзасидан 12 нафар шахс жабрланувчи сифатида иштирок этмоқда. Булардан учта жиноий иш судга юборилди, тўртта иш тўхтатилди ёки вақтинча тўхтатилди. Қолганлари бўйича тергов давом этмоқда. “Шахсга нисбатан ғайриинсоний, аёвсизларча, таҳқирли муносабатда бўлиш ёки жазолаш” факти бўйича 25 та жиноий иши қўзғатилди ва тергов қилинди. Булардан 5 жиноий иш жабрланувчи томоннинг айблов даъвосидан воз кечгани сабабли тўхтатилди. Яна уч жиноят иши ҳам тўхтатилган. Ўнта жиноий иш судга юборилган, етти иш юзасидан эса тергов давом этаяпти, - деди Талант Қўнўқбаев.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида яшаган Усмонжон Холмирзаев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан шу йил 7 августида қийноққа солингани, 9 август куни эса олинган жароҳатлар туфайли оламдан кўз юмгани ҳақида аввалги лавҳаларимизда хабар қилгандик.

Президент Ўтунбаева ҳам эслатиб ўтган мазкур воқеа юзасидан Бозорқўрғон туман прокуратураси 2011 йилнинг 9 августида Қирғизистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 4-банди (Қасддан оғир тан жароҳати етказганлик) ва 305-моддаси 2- бўлими 2- ва 5-банди (Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганлик), 305-моддаси 1-банди (қийноқ) бўйича жиноий иш қўзғаган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Бақит Сейитовнинг Озодликка айтишича, мазкур ҳолат юзасидан Бозорқўрғон туман милиция бўлимининг уч раҳбар ходими, Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармасининг бир расмийси, жами эса саккиз нафар милиционер ишдан бўшатилган:

- Ҳозир тергов кетаяпти. Терговни Бош прокуратура назорат қилаяпти. Терговда туман ички ишлар бошқармаси бошлиғидан бошлаб вақтинча сақлаш изоляторида турган сержантгача - кўп одамлар сўроқ қилинмоқда. Тергов натижасига кўра, бу жиноятга алоқаси бор милиция ходимлари қонун доирасида жазоланади. Биз уларнинг жиноятини яшириб, ҳимоя қилаётганимиз йўқ, - деди Бақит Сейитов.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, милиция ходимлари томонидан маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳоллари президент Ақаев ва Бакиев даврида ҳам кузатилган. Бироқ 2010 йил июн воқеаларидан кейин қийноқлар кўлами ва турлари ўз чўққисига чиқди. Одамлар орасида катта норозиликларга сабаб бўлаётган бу вазият, ҳуқуқ фаоллари мулоҳазасича, кутилмаган воқеаларга олиб келиши мумкин.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов фикрича, айнан шу ҳолат ҳозирда қирғиз расмийларини қийноқларга қарши курашни кучайтиришга мажбур қилаяпти:

- Авваллари қийноқларга эътибор берилмаган бўлса, ҳозир эътибор беришга мажбур ҳам бўлишаяпти. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари – милиция, МХХ ва прокуратура, суд органлари - булар давлат асосини, пойдеворини ташкил қилади. Буларнинг қуюшқондан чиқиб кетгани, одам умри савдо моли бўлиб қолгани учун қийноқларни тўхтатмаса, давлатчиликка хавф бўлаяпти. Шуни бизнинг сиёсатчилар, айниқса президент Роза Ўтунбаева энди тушуниб етаяпти, - дейди Абдумалик Шарипов.

Жалолободлик ҳуқуқ фаолига кўра, Қирғизистонда қийноқларга қарши самарали кураш олиб бориш учун энг аввало сиёсий ирода, кучли қонунчилик, Ички ишлар вазирлигида чинакам ислоҳот олиб бориш лозим бўлади.

Аснода мамлакатда қийноқларга қарши кураш кучайтирилишини урғулаган президент Ўтунбаева бунинг учун илк қадамлар қўйилганини маълум қилди:

- Қийноқ қўллаш ҳолатини аниқлаш Бош прокуратура учун устивор вазифага айланганини таъкидламоқчиман. Назорат органи раҳбари Аида Салянова прокурорларга ўз иш кунини тергов ҳисбхоналари ва вақтинча сақлаш изоляторларини текшириш билан бошлаш тўғрисида буйруқ берган. Вазият шу қадар кескинлашдики, бугунги кунда маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланилишига йўл қўймаслик учун бу ёпиқ муассасаларда ҳатто видеокузатув жорий қилиш масаласи ҳам кўтарилаяпти, - деди Роза Ўтунбаева.
XS
SM
MD
LG