Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:46

Ўтунбаева тартиб посбонларини огоҳлантирди


Қирғизистон президенти мамлакат жанубида ноқонуний ҳибсга олишлар тенденцияси кучаяётганидан ташвишда.

Роза Ўтунбаеванинг Ўшга сафари чоғида берган баёнотлари ана шундан далолат бермоқда.

Кечадан буён Ўш шаҳрида юрган президент Ўтунбаевага кўра, мамлакат жанубида ноқонуний қўлга олишларга чек қўйилмаётгани 2010 йилдаги қирғиндан сўнг изга тушиб келаётган вазиятни яна издан чиқариши мумкин.

- Бир одам Россиядан қайтиб келиши биланоқ уни гумонланган шахс қатори ушлаб олиб келиб, ёнига озгина наркотик ташлаб қўйиб, уни айблашларга бефарқ қараб турсак, Ўшда вазият изга тушмайди, - деди президент.

Роза Ўтунбаева Ўшда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан ўтказган учрашуви чоғида ноқонуний ҳибсга олиш ва маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаш ҳоллари бўйича мутасаддиларнинг ҳар бири шахсан жавоб беришини таъкидлади:

- Огоҳлантириб қўймоқчиманки, ҳар бирингиз йўл қўйилган қонунбузарлик учун шахсан жавоб берасиз. Тилга олганимиз хато ва камчиликларни тузатиш учун бир ой муҳлат бераман. Бир ойдан сўнг натижалар тўғрисида ҳисобот берасиз, - дер экан Ўтунбаева бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун куч ишлатар тизим раҳбарларига бир қанча топшириқлар берди.

Жумладан, 18 август куни Қорасувдаги туман милиция бўлимига ташрифи чоғида президент Ўтунбаева Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Қурсан Асанов олдига вилоят ички ишлар бошқармалари ва туман милиция бўлимларида турли миллат вакилларининг ишлаши ва гендер тенглигини таъминлаш талабини қўйди.

Президент Ўтунбаеванинг Ўшга сафари ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларида қатъий тартиб ўрнатиш бўйича қўяётган конкрет талабларини ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев ўз ҳамкасбларининг яқиндаги мурожаати билан боғлайди.

- Президент ўзи айтди: “Мени жанубга келишимга, биринчи навбатда, бозорқўрғонлик Усмонжон Холмирзаевнинг милиционерлар томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани сабаб бўлса, иккинчиси сизлар ёзган мурожаатнома бўлди”, деди. Учрашувда биз жуда кўп муаммоларни кўтардик. Кўтарган биринчи муаммоимиз - Ўш шаҳар вақтинча сақлаш изоляторини Адлия вазирлигига ўтказиб бериш масаласи бўлди. Сабаби Ўш ИВСига тушиб чиққан одам ногирон, қийноқларга дучор бўлиб чиқаяпти. Бундан ташқари, биз Бош прокуратурага олтита банддан иборат бўлган мурожаатнома берган эдик, президент билан ана шу олти банд бўйича сўзлашувлар бўлди. Президент учрашув охирида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларида қаттиқ назорат ўрнатиш ва уни тартибга солишни ваъда берди, - деди 17 август куни Роза Ўтунбаева билан учрашувда иштирок этган ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев.

Аснода Қирғизистон Бош прокуратураси масъуллари президент томонидан тилга олинган ноқонуний ҳибсга олиш ва маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳолатларига қарши кураш кучайтирилганини билдирмоқдалар. Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянованинг айтишича, бу борада Ўш ва Жалолобод прокурорларига махсус топшириқ берилган.

- Бу ҳолатларга қарши курашиш учун вақтинча сақлаш ҳибсхоналарини тез-тез текшириб туриш бўйича прокурорларга топшириқ бердим. Кўп жойларни тунда ҳам, ишга кетаётганда ҳам, кечки пайт ишдан қайтаётганда ҳам текширавериш керак. Кутилмаганда текшириб бориш қийноқларга қарши курашнинг ягона йўлидир. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам шахсий таркиб билан тушунтириш ишларини олиб бориши керак. Ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаётган ҳар бир одам салбий ҳолатларнинг одатга айланишига ўз ҳиссамизни қўшаётганимизни тушунишимиз керак. Бугунги бўлаётган ишлар урфга айланиб қолса, ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаётган одамларнинг яқинлари ёки фарзандлари ҳам беш-ўн йилдан кейин қийноққа солинмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди, - деди Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова.
XS
SM
MD
LG