Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:33

Қирғизистон яна Ўзбекистонни айбламоқда


Қирғизистон Бош прокурори Аида Саляновага кўра, Ўш қирғинида айбланганларнинг асосий қисми хорижга қочиб кетган.
Қирғизистон Бош прокурори Аида Саляновага кўра, Ўш қирғинида айбланганларнинг асосий қисми хорижга қочиб кетган.

Қирғиз расмийлари Ўш қирғини ташкилотчилари Ўзбекистонда яшириниб юрганини ва Ўзбекистон уларни қўлга олмаётганини иддао қилмоқда.

Қирғиз расмийлари Ўзбекистон 2010 йилги Ўш воқеаларига алоқадорликда гумонланаётган Қирғизистон фуқароларини Бишкекка қайтаришга ёрдам бермаяпти. Сўнгги пайтларда Қирғизистон куч тизими расмийлари шундай баёнотлар бермоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилда содир бўлган Ўш қирғини ташкилотчиларига нисбатан 40 дан ошиқ жиноят иши қўзғатилиб, қирғин ташкилотчиси сифатида гумонланган шахсларга қидирув эълон қилинган.

Қирғизистон ҳуқуқ - тартибот тузилмалари расмийларига кўра, ҳозирда бу одамларни қўлга олиш бўйича Россия ва Қозоғистон билан самарали ишлар олиб борилмоқда.

Расмийларига кўра, Ўш воқеаси ташкилотчилари сифатида гумонланаётганларнинг кўпчилиги ўзбеклардир ва улар ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юрибди. Бироқ Ўзбекистон Ўш воқеалари бўйича қидирувга берилганларни қўлга олишда ёрдам бериш тўғрисидаги Қирғизистон ҳуқуқ -тартибот органлари илтимосларига жавоб бермаяпти.

- Улар ўзбеклар ва Ўзбекистонда юришибди. Улар жиноят қилган ва жиноятлари исботланиб қидирувга берилган. Бизда уларнинг Ўзбекистонда яшириниб юргани тўғрисида маълумотлар бор. Уларни қўлга олишда ёрдам беришни сўраб биз Ўзбекистонга мактуб ва илтимосномаларни юборямпиз, бироқ жавоб бўлмаяпти, - деди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Марат Ўрўзбаев.

Қирғизистон ҳуқуқ тартибот органи расмийлари Ўзбекистон Ўш воқеалари ташкилотчиси сифатида иддао қилинаётганларини қўлга олишга ёрдамлашмасдан халқаро мажбуриятларни бажармаяётганини ҳам айтишади.

Жумладан, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги жиноят-тергов бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдраим Жумашаевга кўра, Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасида жиноятчиларни қайтариб бериш бўйича Минск конвенцияси талабларини бажармаяпти.

- Ўзбекистон рухсат бермаганидан кейин бошқа мамлакат ҳудудига кириб жиноятчиларни олиб чиқа олмайсан экан. Масалан, Иномжон Абдурасуловнинг қаерда яшаётгани тўғрисида маълумотлар бўлган. Масалан, Қозоғистон билан биз яхши ишлаяпмиз. Уларнинг жиноятчиларини биз ушлаб беряпмиз, бизнинг жиноятчиларни улар ушлаб беряпти. Очиғи Ўзбекистон билан ишлаш жуда қийин бўляпти,- деди Абдраим Жумашаев.

Расмий маълумотларга кўра, хозиргача Россиядан Ўш воқеаларида гумонланаётган тўққиз одам, Ўзбекистондан бир одам қўлга олиниб Қирғизистонга қайтарилган.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянованинг маълум қилишча, тергов органлари томонидан Ўш воқеалари бўйича беш минг олти юз ўттиз жиноий иш қўзғатилган. Булар Ўш воқеаларини уюштирганлик бўйича 39 жиноий иш, одам ўлдирганлик бўйича 476, уй-жой ва хусусий мулкка зиён келтириш ҳолати бўйича 2443 та жиноят ишлардир.

Мазкур жиноятлардан бугунгача тартибсизликларда иштирок этганлик айблови билан 131 одам, одам ўлдирганлик бўйича 92 одам, уй-жой ва хусусий мулкка зиён келтириш факти бўйича 17 одам жиноий жавобгарликка тортилган ва бу Ўш воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишларининг 6 фоизидан ошиғроғини ташкил этади.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова аввалроқ жиноят ишларининг бунчалик оз фоизи фош қилиниш сабабларини қуйидагича изоҳлаганди:

- Ўша воқеалардан кейин айбдорларнинг кўпчилиги қочиб кетган. Ўша пайтда паспортларнинг енгиллаштирилган тартибда берилиши бунинг сабабларидан биридир. Бундан ташқари ўша пайтларда ҳуқуқ - тартибот органи ходимлари учун хавф бўлган. Улар шунинг учун тезкор ишларни олиб бориша олмаган, - деди Қирғизистон Бош прокурори.

Аида Саляновага кўра, Ўзбекистонда яшириниб юрган Ўш воқеалари айбдорларини Қирғизистонга қайтариш мақсадида Қирғизистон Бош прокуратураси икки мамлакат прокурорларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ тузишга ҳаракат қиляпти.

17 август куни Ўшга иш сафари билан борган Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева эса яқинда МДҲ давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтишини, ўша саммитда у Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан ушбу масалада маслаҳатлашмоқчилигини маълум қилган

Қўшимча қилиб ўтамиз, Ўш воқеаларини ўрганган халқаро ташкилот ҳисоботида Ўш қирғинида ҳалок бўлганларнинг 74 фоизи ўзбеклар, 25 фоизи эса қирғизлар бўлгани қайд этилади. Қирғинда жабрланганларнинг катта қисми ўзбеклар бўлганига қарамасдан, Ўш воқеалари юзасидан ҳибсга олинган 271 нафар шахсдан 230 нафари этник ўзбек, 28 нафари эса қирғиз миллатига мансуб киши экани айтилади.
XS
SM
MD
LG