Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:40

Бишкекда БМТ учун икки хил ҳисобот тайёрланмоқда


Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тайёрлаган ҳисоботдан кўнгли тўлмаганини айтади.
Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тайёрлаган ҳисоботдан кўнгли тўлмаганини айтади.

Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид бу ҳисоботларнинг бири Ташқи ишлар вазирлиги, яна бири маҳаллий ҳуқуқ фаоллари томонидан тайёрланмоқда.

Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан қирғиз дипломатлари тайёрлаган ҳисобот 4 йўналишни ўз ичига қамраб олган. Биринчиси, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, иккинчиси иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳуқуқлар, учинчиси қийноқларга қарши кураш ва тўртинчиси ирқий камситилишга барҳам бериш юзасидан халқаро конвенцияга амал қилиниши.

Мазкур ҳисобот БМТнинг махсус қўмитасига тақдим этилади. У ерда ҳисобот ўрганилгач ва таҳлил қилингач, Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига умумий баҳо берилади.

- Ҳисоботни тайёрлашга фуқаролик жамиятини ҳам жалб қилдик. Шу нуқтаи назардан ҳисобот холис ва адолатли бўлди, деб ҳисоблайман. Чунки унда биз вазиятни қандай бўлса, шундайлигича кўрсатишга уриндик. Бу борадаги муаммоларни яширишга, силлиқлашга ҳаракат қилмадик, - деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Нурлан Ниязалиев.

Айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур ҳисоботда Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳақиқий вазият очиқ-ошкора кўрсатилмаганлигини айтишади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сардар Сарбағишевнинг айтишича, 40 саҳифадан иборат ҳисоботда фақат инсон ҳуқуқлари борасида Қирғизистонда қабул қилинган қонунлар қайд этилган, холос. Ҳисоботда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинаётгани, инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари акс эттирилмаган ва бу борада бирорта ҳам факт келтирилмаган.

- Бу ҳисоботда қонунларнинг мазмунини айтиш билангина чекланилган. “Конституция бўйича мана бундай, жиноят кодекси бўйича мана бундай”, деб иқтибослар келтирилган. Ҳисобот муаллифлари Бош прокуратура биносига ўт кетиб, кўп ҳужжатлар ёниб кетгани боис маълумотлар топа олишмаганини айтишади. Бироқ инсон ҳуқуқларига оид маълумотларни Ички ишлар вазирлигидан, суд департаментидан олса ҳам бўлар эди. Хуллас, мазкур ҳисобот хўжакўрсинга ишлаб чиқилган. Ҳолбуки, Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари аянчли эканини биз айтмасак ҳам, нуфузли халқаро ташкилотлар айтиб келаяпти, - деди Сардар Сарбағишев.

Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси ҳам Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тез-тез қайдга олинаётганини эътироф этмоқда. Масалан, Бош прокуратурага бир йил ичида бу борада 243 та шикоят келиб тушган. 2010 йилда қиноқлар қўллаш ҳолати юзасидан 34 та жиноят иши очилган.

Бишкеклик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова эса ҳукумат ҳисоботида Ўш қирғинидан сўнг ноқонуний қамоқларга олиш, маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаш, адвокатларга таҳдид қилиш каби ҳолатлар эътиборга олинмаганини айтади:

- Ҳисоботда Ўш қирғинида айбланиб қамоққа ташланган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳақида ҳеч нарса ёзилмабди. Мазкур ҳисобот халқаро даражада муҳокама қилинар экан, Азимжон Асқаров ҳақида албатта савол берилади. Бундан ташқари, БМТда Ўш қирғинида айбланиб қамалганларга нисбатан адолатсиз судлов олиб борилаётгани, миллатлараро муносабат ёмонлиги, адвокатларга бўлган таҳдидлар ҳақида ҳам саволлар берилади. Ҳукумат расмийлари бу саволларга жавоб бериша олмаса, Қирғизистон бутун дунё ҳамжамияти олдида уятга қолади, - деди Азиза Абдурасулова.

Олинган маълумотларга кўра, қирғиз ҳукумати ҳисоботидан қониқмаган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат ҳисоботига муқобил бўлган ўз ҳисоботларини тайёрлашмоқда ва у ҳам БМТ қўмитасига тақдим этилади.
XS
SM
MD
LG